Сўнгги кунларда Трамп Исроилнинг Байрутга уюштирган ҳужумларидан норозилигини билдирганди. Унинг фикрича, Исроил Ҳизбуллоҳга қарши «ҳаддан ташқари узоқ вақт»дан бери уруш олиб боряпти.
«Жуда кўп одам ҳалок бўлди. Ҳар сафар кимнидир қидираётганда турар жой биносини вайрон қилиш шарт эмас, чунки у ерда кўплаб одамлар яшайди ва уларнинг ҳаммаси ҳам Ҳизбуллоҳ эмас», деди Трамп Франциядаги G7 саммитида.
Трампнинг бу эътирози Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан муносабатларда кескинлик кучайган бир вақтга тўғри келди. Ваҳоланки, у ва Нетаняҳу йиллар давомида асосий сиёсий иттифоқчи бўлиб қолаётганди.
Сўнгги вақтларда кескинлик янада яққол кўзга ташланмоқда. Исроил расмийлари АҚШ-Эрон келишувидан яширинча норозилик билдирмоқда. Трамп эса Исроилнинг Байрутга берган зарбалари туфайли Нетаняҳуни ҳақоратли сўзлар билан «сийлади». Чунки бу зарбалар айнан Трамп тинчлик битимини якунлаш устида ишлаётган бир пайтда Эроннинг қарши ҳужумларига сабаб бўлди.
“Without US there would be no Israel” Trump. pic.twitter.com/pnfJDzWse5
— Maj Digvijay Singh Rawat, Kirti Chakra (Retd) (@Dig_raw21) June 17, 2026
Сўзида давом этаркан, Трамп Нетаняҳу билан «ажойиб муносабатда» эканини айтди, бироқ шу билан бирга у Ливан масаласида «масъулиятлироқ» бўлиши кераклигини қўшимча қилди.
«Бизсиз, Америка Қўшма Штатларисиз Исроил мавжуд бўлмас эди. Менсиз Исроил бўлмас эди. Чунки бошқа ҳеч бир президент мен қилган ишларни қилишга тайёр эмас эди», деди Трамп.
Икки етакчи Исроилнинг Ливанда Ҳизбуллоҳни таъқиб қилишни чеклашдан бош тортгани сабабли аввал ҳам бир неча бор тўқнаш келишган. Чунки Ливанда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш Эроннинг асосий талабидир.
Трамп ушбу фикрларини билдиришидан кўп ўтмай, президентнинг оммавий чиқишларидан лавҳалар улашадиган расмий саҳифасида айнан шу сўзлар акс этган видео жойлаштирилди. Оқ уй президент Трампнинг Нетаняҳу билан мустаҳкам муносабатлари борлигини ва Исроил мудофаа кучлари «ажойиб ҳамкорлар» эканини таъкидлади.









