Ўзбекистон | 12:19 / 25.02.2026
1393
6 дақиқада ўқилади

Британия савдо вакили Ўзбекистонда: савдо-сармоя алоқалари мустаҳкамланади

Буюк Британиянинг Озарбойжон ва Марказий Осиё бўйича махсус савдо вакили, профессор Лорд Олдердайс Ўзбекистонга бир неча кунлик ташрифини якунлади. Ташриф иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инфратузилма, критик минераллар, капитал бозорлари ва таълим йўналишларидаги имкониятларни очиб беришга қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Инглиз элчихонаси хабарига кўра, ташриф давомида Лорд Олдердайс Ўзбекистон президенти, бир қатор бошқа юқори мартабали ҳукумат вакиллари ва ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказди ҳамда Самарқанд, Навоий ва Олмалиққа, НКМК ва ОКМК корхоналарига ташриф буюрди.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 феврал куни Лорд Олдердайсни қабул қилиб, аввало савдо ва иқтисодиёт соҳаларида ўзаро манфаатли ўзбек‑британ шериклигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда сиёсий мулоқотнинг динамик ўсиши, хавфсизлик соҳасидаги самарали ҳамкорлик ва мустаҳкам иқтисодий алоқалар, жумладан сўнгги беш йилда ўзаро савдонинг икки баравар ошгани ҳамда Лондон фонд биржасида Ўзбекистоннинг қиймати 15 миллиард доллардан ортиқ суверен ва корпоратив облигациялари жойлаштирилгани таъкидланди.

Томонлар, шунингдек, Қўшма иқтисодий қўмитанинг ишга туширилиши, таълим соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлик (Президент мактаблари ва учта қўшма университет), британ туризми оқимининг ўсиши каби ютуқларни қайд этди. Энергетика, молия, геология, транспорт, кимё, фармацевтика, фан ва таълим бўйича янги лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма Йўл харитасини қабул қилишга келишилди.

Лорд Олдердайс, шунингдек, бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашди.

Музокараларда инвестиция муҳити ва ислоҳотлар бориши; савдо ва инвестиция алоқаларини чуқурлаштириш имкониятлари; темир йўл ва автомобил йўллари лойиҳалари, аэропортларни модернизация қилиш ва қайта тикланувчи энергетикани кенгайтириш каби инфратузилма устувор йўналишлари; давлат‑хусусий шерикликдан (ДХШ) кенгроқ фойдаланиш; шунингдек, Ўзбекистоннинг хусусийлаштириш кун тартибини қўллаб‑қувватлаш ва Лондон фонд биржасидаги потенциал листинглар ҳамда бошқа йўллар орқали халқаро капитал бозорлари чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Олдердайс бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев билан бирга Буюк Британия–Ўзбекистон Инфратузилма конференциясида маъруза қилиб, юқори сифатли ва барқарор инфратузилма бўйича шерикликка доир Буюк Британия таклифини, жумладан UK Export Finance (UKEF) орқали молиялаштириш имкониятларини баён қилди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт конференцияда иштирок этган британ компаниялари учун бир қатор аниқ таклифларни илгари суришга доир Йўл харитасини имзолади.

Бундан ташқари, Лорд Олдердайс Uzbekistan Airways раиси Шуҳрат Худойқулов ва Uzbekistan Airports раиси Жавлонбек Умархўжаев билан йўналтирилган музокаралар ўтказди.

Мулоқотларда паркни кенгайтириш ва операцион мукаммалликка эришишни қўллаб‑қувватлаши мумкин бўлган Буюк Британиянинг илғор авиация экотизими (хизматлар, жиҳозлар ва молиялаштириш) билан ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон аэропортларини модернизация қилишда Буюк Британиянинг тижорий, муҳандислик, молиявий ва маслаҳат бериш бўйича экспертизаси қандай қўллаб‑қувватлаши мумкинлиги кўриб чиқилди. Uzbekistan Airways'нинг узоқ муддатли IPO ўтказиш бўйича ниятлари, жумладан Лондон фонд биржасида листинг имконияти қайд этилди.

Британия савдо вакили НКМК, ОКМК ва ТМК расмийлари билан ҳам мулоқотда бўлди. Музокаралар кончилик ва критик минераллар соҳасида ҳамкорлик, ресурсларни масъулиятли ривожлантириш ҳамда британ ҳамкорлари билан тижорий ҳамкорликнинг потенциал йўналишларига қаратилди.

 

Лорд Олдердайс Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов билан шаҳар даражасидаги инвестициялар ва инфратузилма ҳамда жамоат хизматлари бўйича британ компаниялари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Ташриф давомида у қурилиш вазири ўринбосари, Янги Тошкент дирекцияси раҳбари Даврон Одилов билан учрашиб, бош режалаштириш, барқарор шаҳар ривожланиши ва ДХШ бўйича Буюк Британия кўмагини кўриб чиқди.

Британия делегацияси таълим ва илмий ҳамкорлик соҳаларида янги имкониятларни ўрганиш мақсадида Марказий Осиё университети ва Тошкентдаги Президент мактабида бўлди. Ташрифнинг сўнгги кунида Лорд Олдердайс Янги Ўзбекистон университетига ташриф буюриб, мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сардор Ражабов билан бирга Oxford Hub ишга туширилиши тадбирида иштирок этди.

Oxford Hub – Оксфорд университетининг дунёга машҳур экспертлари ва илғор тадқиқотлари билан Ўзбекистоннинг олий таълим соҳаси мутахассисларини боғлайдиган профессионал алоқа платформасига айланади. Лорд Олдердайсга Янги Ўзбекистон университетининг фахрий профессори унвони берилди.

Дастур доирасида маданий дипломатия тадбирлари ҳам ўтказилди. Тошкентда Лорд Олдердайс Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари Гаяне Умерова билан учрашиб, музейлар ва креатив саноат йўналишида Буюк Британия–Ўзбекистон ҳамкорлигининг йўналишларини муҳокама қилди.

Делегация, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази ва Қатағон қурбонлари музейида ҳам бўлди, Самарқандда муҳим диққатга сазовор масканларни зиёрат қилди.

“Ўзбекистоннинг кенг кўламли ислоҳотлар кун тартиби бизнинг бизнес ва институтларимизга ўзаро фаровонлик йўлида биргаликда ишлаш учун реал имкониятларни очмоқда, – деди Лорд Олдердайс. – Инфратузилма ва масъулиятли кончиликдан тортиб капитал бозорлари ва таълимгача, Буюк Британия аҳоли ва иқтисодиёт учун узоқ муддатли фойда келтирадиган юқори сифатли лойиҳаларни қўллаб‑қувватлашга тайёр”.

Ушбу ташриф феврал ойи иккинчи ярмида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё + Бирлашган Қироллик мулоқоти ҳамда 2026 йил баҳор охирига режалаштирилган Буюк Британия–Ўзбекистон Қўшма иқтисодий қўмитасининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик жараёнига қўшимча суръат бағишлади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид