Жаҳон | 20:54 / 27.02.2026
4553
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда собиқ амалдорларнинг Эпштейн билан эҳтимолий алоқалари текширилади

Қозоғистон Бош прокуратураси маҳаллий собиқ амалдорларнинг америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан эҳтимолий алоқалари, жумладан, унинг республика Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов билан эҳтимолий алоқалари юзасидан текширув бошлади.

Фото: shyndyk.kz

«Бу масалани бутун дунё муҳокама қиляпти. Шунинг учун биз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бу фактларни кўриб чиқамиз, текширамиз», деди бош прокурор Берик Асилов.

Асилов аниқ фамилияларни айтмади. Бироқ, Эпштейннинг Карим Масимов билан эҳтимолий алоқаларини аниқлаш бўйича ишлар олиб бориляптими, деган саволга «Дастлабки текширув бошланди», деб жавоб берди.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, Эпштейннинг ўтмишда Қозоғистонга эҳтимолий ташрифи юзасидан ҳам текширув олиб борилмоқда.

25 февраль куни бир қанча депутатлар Бош прокуратура ва Миллий хавфсизлик қўмитасига республиканинг собиқ юқори мартабали амалдорларининг Эпштейн билан эҳтимолий ҳамкорлигини текшириш, шунингдек, унинг Қозоғистонга ташрифлари ҳақидаги ОАВ маълумотларини текширишни сўраб мурожаат юборди.

«Карим Масимов қайдларда камида 8 марта тилга олинган. Ёзувлардан аниқ кўриниб турибдики, Эпштейн ва Масимов шахсан таниш бўлган», дейилади сўровда.

Депутат Асхат Раҳимжонов таъкидлаганидек, Эпштейн ва Қайрат Келимбетовнинг (Миллий Банк собиқ раиси) Нью-Йоркда бирга дам олгани ҳам хорижий оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортган.

Ушбу баёнотга изоҳ берар экан, бош прокурор Берик Асилов бу «қўшимча равишда текширилишини» таъкидлади.

Жеффри Эпштейн 2019 йил 6 июль куни Нью-Йорк ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинди. Прокуратуранинг таъкидлашича, 2002-2005 йилларда у Манхэттендаги уйига ўнлаб вояга етмаган қизларнинг ташрифини уюштиргани ҳақида далиллар мавжуд, уларнинг энг кичиги 14 ёшда эди. Эпштейннинг дўстлари ва танишлари доирасига нафақат АҚШ, балки бошқа кўплаб мамлакатларнинг амалдаги ва истеъфодаги амалдорлари, йирик тадбиркорлар ва шоу-бизнес юлдузлари кирган. Эпштейн 2019 йил август ойида қамоқхонада ўлик ҳолда топилганидан кейин унга нисбатан жиноий таъқиб тўхтатилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид