Ўзбекистон | 13:17
882
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда йўл инфратузилмасини янгилаш бўйича топшириқлар берилди

Сурхондарё вилоятидаги энг оғриқли масалалардан бири йўл ва транспорт инфратузилмаси экани таъкидланди. Йиғилишда Бойсун–Денов йўлини цемент-бетон қопламага ўтказиш, Афғонистон ва Тожикистонга олиб чиқувчи магистральни таъмирлаш ҳамда тезюрар поездлар ҳаракатини йўлга қўйишга доир қатор вазифалар белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, икки йил олдин Осиё тараққиёт банки билан 183 миллион доллар ҳисобидан Бойсун ва Деновни боғловчи йўлнинг 111 километр қисмини цемент-бетон қопламага ўтказиш лойиҳаси бошланган. Ушбу йўл ишга туширилса, юк ташиш ҳажми 2 баробар ошиши, ташиш вақти эса 3 соатдан 1,5 соатга қисқариши кутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонни Афғонистон ва Тожикистон билан боғлайдиган 178 километрли магистрал йўл 30 йилдан буён капитал таъмирланмагани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга қурилиш ишларини уч ой ичида бошлаш топширилди.

Темирйўл йўналишида эса Тошкент–Термиз йўловчи поезди 14 соатдан ортиқ вақт ҳаракатланиши таъкидланди. Маълум қилинишича, кореялик ҳамкорлар билан замонавий тезюрар поездларни олиб келиш бўйича келишувга эришилган.

Шу муносабат билан “Тошғузор–Бойсун–Қумқўрғон” участкасини тезюрар поездга мослаш бўйича лойиҳани шу йил бошлаш, 103 километрли “Қумқўрғон–Қудуқли” темирйўлини электрлаштириш ишларига киришиш вазифаси қўйилди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид