Ўзбекистон | 11:53
740
2 дақиқада ўқилади

Термиз ва яна 5 ҳудуд “камбағаллик ва ишсизликдан холи” бўлиши керак — президент 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича йиғилишда 2026 йил учун инвестиция, экспорт, саноатни кенгайтириш ҳамда камбағаллик ва ишсизликни қисқартиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда вилоят ҳокими ва туман ҳокимлари олдида жорий йилда инвестицияларни 3 миллиард долларга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш вазифаси тургани қайд этилди. Шунингдек, ҳудудда камбағалликни 2,8 фоизга, ишсизликни 4,5 фоизга тушириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари Термиз шаҳри, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музработ туманларини “камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш зарурлигини алоҳида урғулади.

Маълум қилинишича, сўнгги тўққиз йилда вилоят иқтисодиётида саноат улуши 5 карра ўсиб, 10 фоизга етган. Бироқ бу кўрсаткич ҳали ҳам камлиги қайд этилди.

Йиғилишда ҳудудда 100 миллион тонна кўмир захираси мавжуд бўлишига қарамай, йилига атиги 1 фоизи қазиб олинаётгани айтилди. Шу муносабат билан жорий йил Бойсундаги “Санжар”, Олтинсойдаги “Оқсув”, келаси йил “Фангарт” конларида кўмир қазиб олишни бошлаш топширилди.

Шунингдек, Жанубий Африканинг “Сосол” компанияси кўмирдан полипропилен, полиэтилен ва каучук ишлаб чиқариш лойиҳаларига қизиқиш билдиргани маълум қилинди. Сариосиёдаги “Қоракон”, “Жемсонит”, “Чуқур”, “Байрам-1” конларига эса хитойлик инвесторлар 1 миллиард доллар киритишга тайёр экани қайд этилди.

Умуман, мазкур захиралар электротехника, қурилиш материаллари, кимё, металлургия ва автомобилсозлик тармоқлари учун тайёр хомашё базаси экани таъкидланиб, конлар атрофида саноат корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни шакллантириш топширилди.

Бундан ташқари, Бойсундаги “Безактоп” конида сифати Эрон, Туркия ва Италия билан рақобатлаша оладиган табиий тош захиралари етарлича ўрганилмаётгани қайд этилди. Шу каби конларда геология ишларини бошлашга кўрсатма берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид