Жаҳон | 07:32
658
5 дақиқада ўқилади

Қуёш чақнашлари зилзилани қўзғатиши мумкинми? Япон олимларининг янги гипотезаси

Япониялик олимлар жиддий қуёш бўронлари Ердаги зилзилаларни қўзғатиши мумкин, деган гипотезани илгари сурди. Бу тахмин ҳам физика, ҳам методология нуқтаи назаридан саволлар уйғотади.

Фото: AP

Киото университети (Япония) тадқиқотчилари International Journal of Plasma Environmental Science and Technology журналида чоп этилган мақоласида ионосфера ва Ер қобиғидаги электростатик кучлар ўзаро таъсирининг янги моделини тақдим этди.

Ишнинг асосий қисми ионосферада ўзгариб турадиган зарядлар Ер қобиғида аллақачон мавжуд бўлган беқарор тузилмалар (ёриқлар) билан қандай ўзаро таъсирлашиши мумкинлигини тасвирлайди. Ионосферадаги зарядларнинг ўзгариши қуёшдаги чақнашлардан кейин юзага келади: улардан чиққан плазма сайёранинг магнитосферасига етиб келганда шундай жараёнлар бошланади.

Муаллифлар қайд этишича, Ерда келажакда зилзила содир бўладиган ҳудудларда аввало сув буғи ёки тўғридан тўғри сув жуда юқори босим остида тўпланади — кўпинча суперкритик ҳолатда (сув унга +374°C ҳароратда ва 218 атмосфера босимда етади). Суперкритик сув билан тўлган бўшлиқларга эга зоналар назарий жиҳатдан конденсаторлар каби тутиши ва бир томондан Ер юзаси, иккинчи томондан эса сайёранинг ионосферасининг қуйи қисми билан сиғимий боғланишга эга бўлиши керак, дейилади.

Сиғимий боғланиш деганда электр тармоғининг компонентлари орасида силжиш тўки сабабли юзага келадиган энергия узатилиши тушунилади. У электр индукциясининг ўзгариш тезлигига тўғри пропорционал. Қуёш чақнаши ортидан ионосферада электр индукцияси кескин ўзгаргани учун, муаллифлар фикрича, сиғимий боғланиш орқали Ер қобиғининг ёриқланган қисмидаги суперкритик сувга таъсир қилиш имконияти пайдо бўлади. Аввал Қуёш бўрони қуйи ионосферада манфий зарядланган қатлам ҳосил қилади, шундан кейин эса ёриқланган қобиқ бўшлиқларида кучли электр майдонлари пайдо бўлади.

Олимлар ҳисоб-китобларига кўра, натижада электростатик босим юзага келади ва у оғирлик кучи таъсири билан таққосланадиган даражада бўлади. Вулканологияда эса оғирлик кучи таъсири аллақачон зилзила бошланишини қўзғатишга етарлича кучли деб қаралади. Муаллифлар ионосферадаги бўронлар натижасида Ер қобиғи бўшлиқларида пайдо бўладиган босимни бир неча ўн атмосфера деб баҳолайди. Ушбу механизм орқали чақирилган зилзилага мисол сифатида улар Япониядаги Ното яриморолида 2024 йилда кучли қуёш чақнашидан сўнг дарҳол содир бўлган воқеани келтиради. Ўшанда уч юздан ортиқ одам ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган.

Тадқиқотчилар “ёндашув янги” деб ёзганда ҳақ: ҳақиқатдан ҳам, уларгача илмий адабиётда бундай гипотезаларни тилга олган материалларни топиш қийин. Аммо нима учун улардан олдин ҳеч ким бу нуқтаи назарни қабул қилмаганини ҳам тушуниш мумкин. Зилзила олдидан Ер қобиғидаги микроёриқлардаги сувнинг параметрлари ҳақидаги тахминларни текшириш жуда мушкул: у суперкритик ҳолатдами ёки босим остидаги буғми — амалда билиш қийин.

Уларнинг ҳисоб-китобларда қўллаган модели шундайки, қуйи ионосфера билан Ер юзаси орасида жойлашган атмосфера устунидаги электронларнинг умумий миқдори қуйи ионосферадаги зарядни акс эттиради. Бу анча жасур тахмин бўлиб, уни аниқ далиллар билан асослаш талаб этилади. Моделда ёриқланган қобиқ маълум бир доимий диэлектрик ўтказувчанлик диапазони ва тешиб ўтиш кучланишига эга диэлектрик каби тутади. Амалда ҳам шундайми-йўқми — айтиш қийин, чунки бир неча километр чуқурликда диэлектрик ўтказувчанлик ва кучланишнинг ўзгаришини ўрганиш ҳозирча жуда мушкул (бунинг учун тегишли асбоб-ускуналар деярли яратилмаган).

Яна бир қийинчилик ҳам бор: агар ионосферадан пастга электронларнинг оммавий миграцияси бор деб тасаввур қилинса, улар йўлда одамлар яшайдиган атмосферанинг қуюқ қуйи қатламларига дуч келади. Ҳаво — яхши диэлектрик. У орқали заряднинг оммавий кўчиши разрядлар билан бирга кечмаслиги мумкин эмас. Разрядлар эса кўзга кўринади (ёруғланиш, ҳатто чақмоқлар). Бироқ кучли қуёш бўронлари пайтида ёки улардан кейин қуруқ об-ҳавода оммавий атмосфера разрядлари кузатилмайди. Шунингдек, (муаллифларнинг ўзи айтганидек) сув кўп бўлган ёриқланган қобиқ қандай қилиб самарали диэлектрик бўлиши мумкинлиги ҳам тушунарли эмас — бусиз у заряд тўплай олмайди.

Энг асосийси: тадқиқотчилар қуйи ионосферадаги қўзғалишлар кучи билан зилзилалар ўртасида барқарор корреляцияни кўрсатиб бермаган. Бунинг учун бир томонда узун сейсмик воқеалар қаторини, иккинчи томонда эса улардан олдинги вақтдаги ионосфера қўзғалишларини тузиш керак эди.

Аввалги тадқиқотларда бундай корреляциялар заиф зилзилалар билан Ер атмосфераси ўртасидаги боғлиқликни аниқлашга ёрдам берган (атмосфера астрономик омиллардан келадиган энергияни “воситачи” сифатида узатган). Аммо ушбу янги иш муаллифлари таклиф қилаётган кучли зилзилаларни “конденсатор” механизми орқали қўзғатиш ғояси учун бундай статистик жиҳатдан аҳамиятли корреляциялар ҳали нафақат топилмаган, балки мақола доирасида умуман изланмаган ҳам. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид