Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ: Хоминаий ўлимидан кейин Эрон халқи учун “янги умид” пайдо бўлди
Европа дипломатияси раҳбари Каллас Хоминаийнинг ҳалок бўлишини “Эрон тарихида ҳал қилувчи лаҳза” деб атади, Еврокомиссия раиси фон дер Ляйен эса бу “Эрон халқига янги умид” берганини билдирди.
Фото: Sharafat Ali / Reuters
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ва ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас якшанба, 1 март куни Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий вафот этганидан кейин Эрон халқи каттароқ эркинликка эришишига умид билдирди. Бироқ, АҚШ–Исроил зарбалари натижасида Хоминаий ҳалок бўлгани ҳақида фикр билдирган ЕИ раҳбарлари минтақада беқарорлик хавфи борлигидан ҳам огоҳлантирди.
“Хоминаий кетиши билан Эрон халқи учун янги умид пайдо бўлди. Биз келажак уларники бўлишини, улар уни ўзлари белгилай олишини таъминлашимиз керак”, — дея фон дер Ляйен Иордания қироли Абдуллоҳ II билан музокаралардан кейин X ижтимоий тармоғида ёзди. “Шу билан бирга, бу лаҳзада реал беқарорлик хавфи бор — у минтақани зўравонлик спиралига тортиб кетиши мумкин”, — дея қўшимча қилди у.
Еврокомиссия раиси шериклар билан “барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш” мақсадида алоқада эканини билдирди.
“Али Хоминаийнинг ўлими — Эрон тарихида ҳал қилувчи лаҳза”, — дея Кая Каллас X’да қайд этди. “Бундан кейин нима бўлиши — номаълум. Аммо энди халқда, эҳтимол, кўпроқ эркинликка эга бўладиган бошқа Эронга олиб борадиган йўл очилди”.
У телефон орқали Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар, шунингдек Яқин Шарқ ва Форс кўрфази давлатларининг бошқа ташқи ишлар вазирлари билан ҳам суҳбатлашганини маълум қилди. “Мен шериклар билан, жумладан минтақада Эроннинг ҳарбий ҳаракатлари оғир юкини кўтараётганлар билан ҳам алоқадамaн — кескинликни пасайтириш учун амалий қадамларни топиш мақсадида”, — деб ёзди Европа дипломатияси раҳбари.
Аввалроқ Каллас ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг виде-алоқа орқали учрашуви ўтказилишини эълон қилган эди.