АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган уруши ва Теҳроннинг жавоб зарбалари – Яқин Шарқдаги бой араб давлатларининг нафақат хавфсизлигига жиддий путур етказди, балки иқтисодий вазият ва уларнинг имижига ҳам таъсир қилмоқда.

АҚШ базаларини нишонга олган Эрон дронлари тинимсиз равишда Кўрфаз мудофаасини ёриб ўтиб, аэропортлар, меҳмонхоналар ва маълумотлар марказларига урилмоқда. Туризм инқирозга юз тутмоқда, бизнес марказлари фалажланган ва Кўрфаз давлатларини барпо этиш йўлидаги ўн йиллик меҳнатлар тўсатдан шубҳа остида қолди.

Reuters нашрининг Кўрфаздаги жамоаси атиги беш кунлик уруш давомида бу ерда ҳаёт қанчалик остин-устун бўлиб кетганини тушунтириб берди.

Кўрфаз асослари учун синов

Ўн йиллар давомида Кўрфазнинг юксалиши икки асосий тушунчага таянган: беқарор минтақада унинг шаҳарлари хавфсиз бошпана экани ва узлуксиз энергия экспортидан келадиган улкан бойлик оқими тўхтамаслиги. Бу ҳафтадаги воқеалар ҳар иккала устунни ҳам бир вақтнинг ўзида эҳтимол, ортга қайтмас даражада ларзага келтирди.

БАА осмонидаги Эрон ракетаси, 28 феврал / Фото: AP Photo

Биринчи бўлиб, Кўрфазни минтақадаги зўравонликлардан холи – хавфсиз ҳудуд деб билиш тушунчасига путур етди. Ушбу ваъданинг яққол тимсоли бўлган Дубай ҳар қандай ғалаён унинг чегараларида тўхтайди, деган тамойил асосида қурилган эди. Аммо Эроннинг аэропортлар, портлар ва ҳашаматли объектларга бир неча кунлик ракета ва дрон зарбалари бу синчковлик билан яратилган брендни парчалаб ташлади.

БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид душанба оқшомида «Dubai Mall» савдо марказини айланар экан, ҳаёт одатдагидек давом этаётганини кўрсатишга уринди. Аслида эса ташқарида парвозлар тўхтатилган, молия бозорлари ёпилган ва хавотирдаги аҳоли маҳсулотлар учун навбатда турганди. Шу билан бирга, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бирин-кетин ҳужумларни қайтарар экан, осмонўпар бинолар аро кучли портлаш садоси янграб турарди.