Жаҳон | 09:34
1756
3 дақиқада ўқилади

Путин ЕИга газ етказиб беришни муддатидан олдин тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда

Москва ЕИнинг 2027 йилдан Россия газига эмбарго жорий этиш режаси, шунингдек Яқин Шарқдаги воқеалар туфайли жаҳон бозорларидаги вазият сабаб, Европа учун газ таъминотини муддатидан олдин тўхтатиши мумкин, деди Владимир Путин.

Фото: Алексей Филиппов / Фотохост-агентство brics-russia2024.ru

Россия Европа бозорига газ етказиб беришни муддатидан олдин тўхтатиб, уни янада “премиум” харидорларга йўналтириши мумкин, деди РФ президенти Владимир Путин чоршанба куни, 4 мартда, ВГТРК журналисти Павел Зарубинга берган интервюсида. У бу ҳозирча “овоз чиқариб айтилган фикрлар” эканини, уларда “сиёсий замин” йўқлигини таъкидлади ва бундай мулоҳазага ЕИнинг 2027 йилда Россия газига эмбарго жорий этиш режаси ҳамда Яқин Шарқда кескинлик кучайиши, жумладан Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши сабаб жаҳон бозорларидаги умумий вазият туртки бўлаётганини айтди.

“Ҳозир бошқа бозорлар очиляпти. Балки бизга айнан ҳозир Европа бозорига етказиб беришни тўхтатиш фойдaлироқдир? Шу очилаётган бозорларга кетиб, ўша ерда мустаҳкамланиб олиш?” — деди Путин.

Шу куннинг ўзида Кремл раҳбари Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто билан учрашди. Будапешт Братислава билан бирга, Украинадаги уруш учун Москвага қарши ЕИ жорий этган санкцияларга қарамай, Россия нефти ва газини сотиб олишда давом этмоқда. Учрашув якунларига кўра, Сийярто Венгрия Москвадан глобал энергетика инқирозига қарамай, жорий “ўзгармас” нархларда энергия ресурслари етказиб берилиши бўйича кафолатлар олганини айтди.

Энергия ресурслари таъминоти бўйича кафолатлар муҳокаманинг марказий мавзуларидан бири бўлди. Январ охиридан бери Венгрия Украина орқали ўтувчи “Дружба” транзит нефт қувури бўйича Россия нефтини ололмаяпти, чунки Киев раҳбарияти қувур шикастланганини маълум қилган. Жавобан Будапешт ЕИнинг Украина учун 90 млрд евро миқдоридаги кредитига тўсқинлик қилмоқда.

Европа Иттифоқи 2027 йил 1 ноябрга қадар Россия газини етказиб беришдан тўлиқ воз кечади. Қарор Венгрия ва Словакия қаршилигига қарамай, кўпчилик овози билан қабул қилинди. Тақиқ ҳам қувур орқали, ҳам суюлтирилган табиий газ (СТГ) етказиб беришга тааллуқли.

СТГ импорти 2026 йил охиригача, қувур орқали етказиб беришлар эса 2027 йил 30 сентябргача тўхтатилиши керак. Бироқ агар ЕИ давлатлари газ омборларини тўлдиришда қийинчиликка дуч келса, муддат 2027 йил 1 ноябргача узайтирилиши мумкин. Бундан ташқари, Россия билан янги газ шартномалари тузиш ҳам тақиқланади.

2024 йилда ЕИга келган газнинг тахминан 19 фоизи Россия хомашёси ҳиссасига тўғри келган. AFP агентлиги қайд этганидек, Украинага қарши Россия уруш бошлагани муносабати билан Россия нефтига деярли тўлиқ эмбарго жорий этилгани ва Россия газини харид қилиш ҳажми сезиларли қисқарганига қарамай, 2024 йилда Евроиттифоқ ҳар ой Россия бюджетига тахминан 1,5 млрд евро тўлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид