Иқтисодиёт | 17:30 / 06.03.2026
5050
10 дақиқада ўқилади

Нақд пул муомаласига чекловлар: бу қанчалик самарали?

Катта суммадаги олди-бердиларни фақат банк орқали амалга ошириш талаби – иқтисодиётни оқартириш йўлларидан бири, лекин шунинг ўзи етарли эмас: сабабларга эътибор қаратиш ва тадбиркор нима учун қора бозорда ишлаяпти деган саволга жавоб керак, дейди Kun.uz билан суҳбатда солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов. Банк ва тўлов тизимларининг комиссиялари сабаб одамларни улкан харажатлар кутади, дейди у.

2026 йилдан бошлаб тадбиркорлик соҳасидаги ўйин қоидаларида жиддий ўзгаришлар бўлади.

1 апрелдан автомобил (ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган) ва кўчмас мулк олди-сотдиси ҳамда 25 млн сўмдан юқори ҳар қандай харидлар (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно) фақат нақдсиз шаклда амалга оширилиши талаби қўйилмоқда.

Бензин, метан, пропан, дизел қуйиш шохобчалари ва электромобилларни зарядлаш станцияларида ҳам фақат нақдсиз тўлаш мумкин бўлади. Пластик картаси бўлмаган одам қонуний равишда алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотиб ололмайди. Худди шундай, коммунал тўловлар ва давлат хизматлари учун тўловлар ҳам фақат нақдсиз шаклда қабул қилинади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб, омборда узоқ туриб қолган импорт маҳсулотлар солиқ текширувига асос бўлиши мумкин. Шу санадан эътиборан кўчмас мулк объектлари ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базаси ушбу товарларнинг бозор баҳосидан келиб чиқиб аниқланади.

Бу янги қоидалар тадбиркорлар учун нимани англатади? Қайси нормалар қўшимча мажбуриятларни келтириб чиқаради?

Kun.uz мухбири шу каби саволлар юзасидан солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов билан суҳбатлашди.

Кўчмас мулк олди-сотдисида айланиб ўтиш бўлаверади

— (2025 йил 10 декабрда қабул қилинган ПФ-246) фармонда яширин иқтисодиётнинг олдини олишга қаратилган кўп тадбирлар белгиланган. Бундан биринчиси – айнан нақдсиз тўловларни мажбурий қилиб қўйиш. Бунда расмий мақсад нақд пулни йўқотиш, нақдсиз тўловларни кенгайтириш бўлса, асл стратегик мақсад – қора бозорнинг олдини олиш.

Энг катта таъсир чораларидан биттаси – 25 млн сўмдан юқори савдо муносабатлари нақдсиз амалга оширилиши керак. 26 млн сўмлик мебел сотиб олсангиз ҳам ё шартнома қилиб, ёки пластик карта орқали тўлов қилишингиз шарт бўлади. Катта таъсир чораларидан яна бири – кўчмас мулк ва автомобил олди-сотдиси ҳам нақдсиз ҳисоб-китоб қилинади.

Кўчмас мулк билан мунозарали ҳолатлар кўп тилга олинади. Масъулларнинг изоҳлашича, 100 минг долларга уй олди-сотди қилинганда нотариусда 100 млн сўм қилиб кўрсатишади, мободо томонлар келишолмай қолса, уйни қайтарадиган одам 100 минг доллар сўрайди, сотган одам эса “100 млн сўм олганман” деб туради. Мақсад – шу низони йўқ қилиш деб айтилган бўлса-да, аслида пул оқимини, даромадларни назорат қилиш масаласи турибди.

Бу ерда яна бир масала бор: шу пайтгача одамлар қандай қилиб нотариусда 100 млн сўм кўрсатиб, аслида уйни 100 минг долларга сотган бўлса, буни яна давом эттиради. 100 млн сўм банкдан ўтади, қолган пул нақд долларда олди-берди бўлади. Яъни агар сабабини ўрганиб, ечим қилинмаса, кўчмас мулк савдосидаги қора бозорни бу йўл билан оққа олиб ўтиб бўлмайди.

Ечимлар сабабларга қаратилиши керак

— 25 млн сўмдан юқори олди-сотдиларга келсак. Қора бозорда юрган, “карголар” орқали кириб келган товарлар хоҳласангиз ҳам оққа ўтмайди – назорат кучаймаса. 100 фоиз нақдсиз қиласиз деган тақдирда ҳам, оққа ўтмайди.

Кўп ҳолларда тадбиркорларда, дейлик, бухгалтерия бўйича 2 млрд сўмлик қолдиғи бор. Текширув келганда аслида ўша сумма бўлмаслиги мумкин. Товарни тарқатиб бўлишган, нақд пул бошқа “оборот”да айланиб турибди. Текширув риски юзага келганда, кўпчилик нақдга сотдим деб кассага уриб қўяди. Нақдга сотса, пулни топшириш ихтиёрий. Товарни нақдга сотиб юбориб, пулни кейин қора бозорда айлантираётган ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам нақдсиз ҳисоб-китоблар талаби қўйиляпти. 1 млрд сўмлик товарни нақдга сотдим деб бемалол уришарди, энди бундай бўлмайди, чунки тўлов нақдсиз амалга оширилиши керак.

Беркитаман деган одам барибир айланиб ўтаверади. Фақат чекловлар билан қора бозорни оққа олиб ўтиш имконсиз. Албатта, бу инструментлардан биттаси, аммо биргина инструмент етарли эмас. Нима учун қорада ишлаяпти, деган саволга жавоб излаш керак бўлади. Оқибатлар билан эмас, сабаблар билан ишлаш керак. Нақдсиз тўловларга ўтиш оқибат билан курашиш ҳисобланади.

Киберхавфсизлик ва комиссион харажатлар

— Биз шу қарор лойиҳаси муҳокама қилинаётганда киберхавфсизлик масаласини ким зиммасига олади, деган саволни ўртага ташлаганмиз – ҳеч ким масъулият олмаган. Картадаги пулларни битта ҳакер ўтириб олиб ўғирламайди, банк ичида ҳам уларнинг ҳамтовоқлари бўлади. Оддий мисол, картага 100 млн сўм дивиденд туширсак, эртасигаёқ чет элдан қўнғироқлар бошланди. Кўтарсангиз, фирибгарлар “картангизга ҳужум бўлган экан, сизни ҳимоя қилишимиз керак” деб гап бошлайди. Картада кичик суммалар бўлганда телефонлар бўлмайди, лекин бугун пул тушса, бугун телефон қилишади. Демак, кимдир уларга хабар беради... Мақсад тўғри, аммо кафолатини ким олади?

Иккинчи масала – банк комиссиялари. Фақат кўчмас мулк эмас, автомобиллар олди-сотдиси ҳам нақдсиз бўлиши керак. Бу жуда катта пул банк орқали айланади дегани. Агар банк буни бепул қилиб бераман деса, муаммо йўқ, лекин ҳали бирор банк бунақа қилишига кўзим етмайди. Йирик харидларда нотариус харажатларидан ташқари банкка яна камида 20–25 миллион тўлаш керак бўлади: пулни картага киритиш ва картадаги пулни бошқа одамнинг картасига ўтказиш – комиссион харажатларни келтириб чиқаради.

Импорт озиқ-овқатлар масаласи

— Фармонга кўра, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари 9 ой давомида сотилмаса (гўшт ва мева-сабзавотлар учун бу муддат 3 ой), бу ҳолат сайёр солиқ текширувига асос бўлади. Дейлик, йил бошида 10 млрд сўмлик товар олиб келиб қўйди. Кўп ҳолларда тадбиркор товарни ушлаб турмайди, дистрибюция орқали тарқатиб юборади, ундан кейин қолган нақд пул қора бозорда ишлашга хизмат қилади. Бу нарсанинг инкассациясини кўрсатса, пулни кейинги оборотга чиқариши керак, бу эса сотиб қўйилган нарсани расман кўрсатсак, ҚҚС тўлашимизга тўғри келади дегани. Шу нарсадан қочилаётган ҳолатлар кўп. Омбордаги маҳсулотлар аллақачон сотилган, аммо пули инкассация қилинмаган бўлади.

Бундан ташқари, мевалар масаласи бор: дейлик, банан олиб келинса, 1 ойда ўз хусусиятини йўқота бошлайди. Олиб келгач сотиб юбориб, йил охиригача ҳам сотилмади деб кўрсатадиган тадбиркорлар ҳам бор. Умуман, меваларда шундай қилишади, ноябр–декабрларда яна олиб келмоқчи бўлса, пул инкассация қилинади, унгача пул қора бозорда айлантирилади. Шунга аслида мева ва гўшт маҳсулотлари тез эскиргани учун 3 ой, қолган озиқ-овқат маҳсулотлари 9 ойгача сотилмай омборда турса, сайёр солиқ текшируви ўтказилади.

Бу янги қоида тоза ишлаётган тадбиркорларни хавотирга солмайди. Сайёр текширув пайтида товар ҳақиқатан ҳам ҳалигача омборда турган бўлса, муаммо йўқ. Йўқ бўлса, кейин жарима қилинади. Ҳам солиқ тўлайди.

Кўчмас мулк ва қурилиш материалларига солиқ – “бозор қиймати” асосида

— Шу пайтгача Солиқ кодексининг 248-моддаси ишлатиб келинди, товарлар бозор баҳосидан паст нархда сотилса, бозор нархини қўллаш мумкин, дейилган эди. Бу ҳамма товарларга эмас, бепул берилган ва айирбошланган товарлар учун эди. Амалиётда текширувчилар бу нормага тўғри келмаса, тадбиркорларга сотган маҳсулотини бозор нархида ҳисоблаб, миллиардлаб солиқ ҳисоблаб келишди.

Бу норманинг қанчалик риски бор эди десангиз, у коррупция учун яхши хизмат қилди. Бозор нархининг аниқ тартиби йўқ. Бу фармон бўйича аниқ тартиб чиқиши мумкин, аммо шунда ҳам бу солиқларнинг аниқлилик принципига тўғри келмайди. Бозор нархидан арзон нархга сотиб қўйса, тадбиркор неча пулдан солиқ тўлайман деган нарсани аниқ билиши керак. Дейлик, мен бирор қурилиш материалини 10 сўмдан олиб келиб, 20 сўмдан сотдим. Бозор нархи қанча: 30 сўмми, 40 сўмми ёки 45 сўмми? Агар 40 сўм деб белгиламасам, ким бозор нархини 50 сўм деб белгиламаслигига кафолат беради? Бу аҳолига қимматроқ маҳсулот сотишга тарғиботми? Шу кунгача бозор нархини қўллаш яхшиликка хизмат қилмади.

Кўчмас мулк масаласида ноаниқлик бор. Нима бозор нархига кўра ҳисобланади: мол-мулк солиғими ёки мулкни сотишми? Бу талаб юридик шахсга тааллуқлими ёки жисмоний шахсгами? Агар жисмоний шахсга бўлса, у хоҳлаган пулига сотмайдими деган савол бор. Бу бўйича кўп мавҳумликлар бор.

Президент ҳузуридаги кенгашда бу масалани муҳокама қилаётганимизда “янги уйларнинг квадратини 1 млн сўмдан қилиб сотаётган қурувчи компаниялар бор, бу нормани ўшаларга қўллаймиз” дейишган эди. Лекин матнни ўқисангиз, кўчмас мулкка солиқ солиш мақсадида бозор нархида ҳисоблайман, дейиляпти.

Янги уйларнинг ҳам ҳар хили бор: пишган ғиштдан қурилаётганлари, пеноблокдан қилинаётганлари бор, қора сувоқдан чиқариб топширилаётганлари ёки “коробка” топшириладиганлари бор, таъмири билан бериладиганлари бор… Шаҳар маркази ёки чеккаси – жойлашувига қараб ҳам нарх фарқланади. Бир жойда таъмири билан метр квадрати 1000 доллар бўлса, бошқа жойда “коробка” ҳолида 400 доллар турибди. Қайси бири бозор нархи деган нарсага аниқлик киритилмаса, доимий мунозарага олиб келувчи, натижада коррупцияни келтириб чиқарадиган масалага айланади.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид