Солиқ қўмитасининг ҳаракатлари бир муҳим саволни ўртага ташлайди: ушбу маълумотлар банклардан солиқ органларига қандай тартибда ва қандай ҳуқуқий асос билан тақдим этилмоқда?

“Банк сири тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига кўра, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар солиқ органларига банк мижозига солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда қонунчиликка мувофиқ тақдим этилади.

Калит ибора — “қонунчиликка мувофиқ”. Қайси қонунчилик? Қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ? Қайси тартиб бўйича?

Айнан шу саволни ҳуқуқий нуқтайи назардан таҳлил қилиш — мазкур мақоланинг мавзусидир.

Қабул қилинмаган тартиб

Солиқ кодексининг 134-моддаси 5-қисмида: “Солиқ органи томонидан банкка сўров юбориш шакли ва тартиби ҳамда банклар томонидан солиқ органларининг сўровларига кўра ахборот тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади” деб ёзилган.

Бу – қонун чиқарувчи ўзи белгилаб қўйган қоидадир. Эътибор беринг, қонун чиқарувчи (Олий Мажлис) бу масалада иккита муҳим қоидани ўрнатган:

Биринчиси: банклар томонидан солиқ органларига маълумот тақдим этилади (134-модданинг умумий мажбурияти).

Иккинчиси: бу қандай амалга оширилиши Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланади (134-модданинг 5-қисми).

Демак, қонун чиқарувчи ўзи бу масаланинг муҳимлигини тан олган ва уни шунчаки техник масала эмас, балки алоҳида расмий тартибни талаб қиладиган масала деб баҳолаган. Шу боис, у аниқ тартибни ўзи ёзмасдан, ижро ҳокимияти – Вазирлар Маҳкамасига топширган.

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг бундай қарори ҳозирги вақтгача қабул қилинмаган.

Ҳолат қуйидагича шаклланади: қонунда мажбурият бор, тартиб ишлаб чиқилиши шарт деб ёзилган, лекин тартибнинг ўзи йўқ. Бундай шароитда банк томонидан фуқаронинг банк сирини ташкил этувчи маълумотлари солиқ органига тақдим этилиши қанчалик қонуний?