Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Илк бор сунъий ой тупроғида нўхат етиштирилди
Ой реголити Ер тупроғидан фарқ қилади: унда ўсимликлар учун зарур бўлган микроорганизмлар ва органик моддалар деярли йўқ. Шунингдек, унинг таркибида ўсимликлар учун заҳарли бўлиши мумкин бўлган оғир металлар мавжуд.
Фото: Техас Университети
Америкалик олимлар тарихда илк бор Ой реголити билан бир хил бўлган сунъий тупроқда нўхат етиштириб, ҳосил олдилар. Остиндаги Техас ва A&M университетлари мутахассислари томонидан ўтказилган синов натижалари ҳақида Scientific Reports журнали маълумот берди.
Ой реголити Ер тупроғидан фарқ қилади: унда ўсимликлар учун зарур бўлган микроорганизмлар ва органик моддалар деярли йўқ. Шунингдек, унинг таркибида ўсимликлар учун заҳарли бўлиши мумкин бўлган оғир металлар мавжуд. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун олимлар комплекс ёндашувни қўлладилар.
Олимлар Apollo дастури миссиялари ёрдамида Ойдан олиб келинган тупроқ намунаси асосида яратилган сунъий реголитга вермикомпост — ёмғир чувалчанглари органик чиқиндиларни қайта ишлашидан ҳосил бўладиган моддани қўшишди. Нўхатларга эса экишдан олдин арбускуляр микориза замбуруғлари билан ишлов берилди. Бу замбуруғлар фойдали моддаларни ўзлаштиришга ёрдам беради ва оғир металларнинг сўрилишига тўсқинлик қилади.
Тажриба натижаларига кўра, нўхат ўсиши учун энг яхши шароит тупроқ аралашмаси таркибида Ой реголити 75 фоизгача бўлганида кузатилади. Бундай намунада ўсимликлар етилиб, ҳосил берган.
Ҳосил олинганига қарамай, олимлар олдида етиштирилган донларнинг хавфсизлиги ва озуқавий қиймати борасида янги саволлар пайдо бўлди. Тадқиқотнинг биринчи муаллифи, докторант Жессика Аткиннинг таъкидлашича, энди ўсимликлар ўсиш жараёнида заҳарли металларни ўзлаштириб олмаганини ва астронавтлар учун зарур озуқа таркибини сақлаб қолган-қолмаганини текшириш керак.