Жаҳон | 21:50
2111
5 дақиқада ўқилади

Тарихий миссия: астронавтлар рекорд масофага учиб боришди, Ойни айланиб ўтишди ва нариги томондан сурат олишди

Улар бир неча кундан кейин уйга қайтишади.

«Артемида II» миссияси ўз дастуридаги асосий бандни муваффақиятли бажарди ва Ой атрофида парвоз қилди. Ернинг табиий йўлдошини айланиб ўтиш учун «Орион» кемасига етти соат керак бўлди. Кема Ойнинг орқа томонида эканида у билан алоқа узилганди ва астронавтлар шу вақт оралиғида олинган суратларни кейинроқ кўрсатишни ваъда қилишган. «Медуза» миссиянинг бу босқичи қандай ўтгани ҳақида қисқача ҳикоя қилди.

Ер Ой уфқига ботиши. «Орион» космик кемасидан кўриниш. 2026 йил 6 апрел
NASA / AFP / Scanpix / LETA

7 апрелга ўтар кечаси бортида АҚШдан уч астронавт Рид Уайсмен, Виктор Гловер, Кристина Кох ҳамда канадалик Жереми Ҳансен бўлган «Орион» кемаси режа бўйича Ойга 6 минг километр масофада яқинлашди ва Ер табиий йўлдошининг атрофида айланиб учди. Кема Ойнинг орқа томонига ўтганида тахминан 40 дақиқа давомида у билан алоқа бўлмаган.

Ойнинг «Орион» кемаси бортидан кўриниши, 2026 йил 6 апрел
NASA / Xinhua / Scanpix / LETA

 CNN қайд этишича, бу кема экипажининг Ердан алоқаси узилиши билан боғлиқ бўлган энг узоқ муддат бўлди. «Артемида II» миссияси Ердан 252 756 мил (406 771 километр) масофага узоқлашган ҳолда яна бир рекордни ўрнатди. Бундан олдинги рекорд – 248 655 мил – «Аполлон 13»га тегишли эди ва 1970 йилдан буён сақланиб қолаётганди.

Ойнинг «Артемида-2» миссияси чоғида олинган сурати, унда Ойнинг Шарқий денгиз деб аталувчи қисми илк бор тўлиқ акс этган
NASA / AFP / Scanpix / LETA

Ой атрофини айланиб учаётганида астронавтлар унинг юзасига урилган метеороидларнинг камида олти бор чақнашига гувоҳ бўлишган, шунингдек кема турган нуқтадан туриб қуёшнинг тўлиқ тутилишини кузатишган ҳамда қуёш тожини тасвирга олишган.

Рид Уайсмен «Орион» кемаси бортида. 2026 йил 6 апрел
NASA / Xinhua / ZUMA Press / Scanpix / LETA

«Орион» билан алоқа режа бўйича тикланган. BBC’нинг ёзишича, дастлаб радиосигнал қайтган, кейин эса маълумотларнинг катта пакети келган, шундан кейин Кристина Кохнинг тиниқ овози эшитилган: «Ҳюстон, „Интегрити“, алоқа текшируви. Ерни яна эшитиш жуда ажойиб».

Ойдаги кратерлардан бири энди Рид Уайсменнинг 2020 йилда саратондан вафот этан рафиқаси шарафига «Кэрролл» номини олди. Астронавтлар кратерга янги ном беришга бағишланган рамзий маросимдан кейин Уайсменни қучиб қўйишди
NASA / AFP / Getty Images

Шундан кейин кўп ўтмай АҚШ президенти Доналд Трамп астронавтларга қўнғироқ қилган. «Бугун сиз тарихга кирдингиз ва бутун Американи чинакамига фахрланишга ва мағрурланишга мажбур қилдингиз, – деган у. – Сўнгги пайтларда бизда фахрланиш учун сабаблар кўп бўлмоқда, аммо ярим асрдан кўпроқ вақт ичида илк бор Ойга етиб бориб, уни айланиб чиқиб, Ердан узоқ кетиш бўйича мутлақ рекорд ўрнатганингиз каби бошқа иш бўлгани йўқ». Трамп «Орион» экипажи аъзоларини Ерга қайтгандан кейин Оқ уйга келишга таклиф қилган. АҚШ президентининг сўзларига кўра, у астронавтлардан автографлар олмоқчи.

«Орион» Ойга яқинлашмоқда. 2026 йил 6 апрел
NASA / Reuters / Scanpix / LETA

Миссиянинг муҳим босқичини амалга оширгач, астронавтлар Ерга қайтишни бошлади. Бунинг учун тўрт кунга яқин вақт кетади. Кема Вашингтон вақти билан 10 апрел куни (Осиёда 11 апрелга ўтар кечаси) Тинч океанига етиб келиши кўзда тутилган. 

Канадалик Жереми Ҳансен миссиянинг асосий босқичидан олдин айфондан ойна сифатида фойдаланган ҳолда соқол олмоқда. 
NASA / Planet Pix / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Астронавт Кристина Кох «Орион» бортида
NASA / Planet Pix / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Виктор Гловер, Кристина Кох, Жереми Ҳансен ва Рид Уайсмен. 2026 йил 6 апрел
Christinne Muschi / The Canadian Press / ZUMA Press / Scanpix / LETA
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид