Жаҳон | 03:13 / 09.03.2026
19221
3 дақиқада ўқилади

Эрондаги урушдан энг кўп зарар кўраётган давлатлар маълум қилинди

Яқин Шарқдаги янги уруш Осиё ва Европа мамлакатлари учун инқирозга айланди. Жабрланган мамлакатлар орасида АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчилари ҳам бор. 

Фото: Reuters

АҚШ-Исроил ва Эрон уруши Европа ва Осиёнинг йирик мамлакатлари иқтисодиётига жиддий зарар етказди. Бунинг оқибатларини ўзида энг кўп ҳис қилган давлатлар Ҳўрмуз бўғози орқали ташиладиган нефт ва газга қарам Италия, Белгия, Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий Корея бўлди. Бу ҳақда таҳлилчиларга таяниб The Washington Post ёзмоқда. 

Нашрнинг ёзишича, ўтган ҳафтада S&P 500 индекси 2 фоизга пасайган бўлса, Жанубий Корея фонд бозори 20 фоизга қулади, Ҳиндистон эса миллий валютанинг долларга нисбатан кескин пасайишига дуч келди.  

QatarEnergy компанияси суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни тўхтатганидан сўнг унинг нархи 1,5 бараварга кўтарилди. ICE Futures биржасининг 3 март кунги маълумотларига кўра, Европада минг куб метр газ нархи уч йил ичида илк марта 800 доллардан ошди. 

Шунингдек, авиаташувлар ҳам жиддий зарар кўрди. Логистика компаниялари юк ташувларида БАА ва Қатардаги халқаро хаблардан фойдаланарди, бироқ Эроннинг зарбалари боис улар эндиликда айланма йўлларни танлашига тўғри келмоқда. 

«Шимол томонга қараб кўп учиш мумкин эмас, жануб томонга қараб кўп учиш мумкин эмас», — деди SEKO Logistics бош тижорат директори Брайан Бурк. 

Унинг изоҳ беришича, энди Хитой ва Шимоли-шарқий Осиёдан парвоз қиладиган самолётлар фойдаланиш тақиқланган Россия ҳаво ҳудудига кирмасдан ва уруш кетаётган Эрон устидан ўтмасдан, Туркманистон орқали учишига тўғри келади.  

Бунинг устига, Форс кўрфази минтақасидан нефт маҳсулотлари етказилишининг тўхтатилиши авиация ёнилғиси нархи кўтарилишига олиб келди. WP қайд этишича, унинг нархи 72 фоизга кўтарилиб, Россия Украинага бостириб кирган 2022 йилдаги кўрсаткичга етган. 

28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум уюштирди. Бунга жавобан Эрон Яқин Шарқдаги Америка ҳарбий базалари жойлашган мамлакатлар ҳудудидаги ҳарбий объектларга зарба берди ҳамда Ҳўрмуз бўғози орқали амалга ошириладиган нефт ва газ савдосини тўхтатиб қўйди. Жаҳон нефтининг қарийб 20 фоизи айнан ушбу бўғоз орқали ўтади. 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид