Жаҳон | 15:02
1047
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Эрондаги уруш бошидан бери 8 ҳарбийси ўлимини тасдиқлади

Бир ҳафта аввал Эрон ҳужумида олган жароҳатлари оқибатида америкалик ҳарбий хизматчи вафот этди — у “Эпик ғазаб” операцияси давомида ҳалок бўлган еттинчи ҳарбий бўлди. Яна бир аскар эса Кувайтда “соғлиқ билан боғлиқ ҳодиса” сабабли вафот этган.

Фото: Ken Cedeno/REUTERS

АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси бошланганидан бери ҳалок бўлган америкалик ҳарбий хизматчилар сони саккиз нафарга етди. 8 март, якшанбага ўтар кечаси ҳарбийлардан бири “Эрон режими томонидан Яқин Шарқда амалга оширилган дастлабки ҳужумлар” пайтида олган жароҳатлари оқибатида вафот этди, деб шу куни кечроқ АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) хабар қилди.

Қўмондонлик маълумотига кўра, у 1 март куни Саудия Арабистонидаги Америка кучларига қилинган ҳужум вақтида оғир яраланган эди.

Яна олти нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳам худди шу куни — 1 мартда, Кувайтда учувчисиз қурилмалар зарбаси натижасида ўлдирилган. 7 март, шанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп Делавэр штатидаги Довер авиабазасида уларнинг жасадларини топшириш маросимида иштирок этди.

CENTCOM яна бир АҚШ Миллий гвардияси аскарининг ўлими ҳақида ҳам хабар берди: Марказий қўмондонлик маълумотига кўра, у 6 март куни Кувайтда, “унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш пайтида соғлиқ билан боғлиқ ҳодиса натижасида” вафот этган. Ўлимнинг аниқ сабаби ҳозирча аниқланмоқда. Шу билан бирга, қўмондонлик бу ҳарбий хизматчининг ўлими АҚШнинг Эрондаги ҳарбий операцияси билан боғлиқ эканини кўрсатмаган.

АҚШ ва Исроил 28 февралдан бери Эронга қарши ҳарбий операция олиб бормоқда. Бу операция америкалик ҳарбийлар томонидан “Эпик ғазаб”, исроилликлар томонидан эса “Арслоннинг наъраси” деб номланган.

Ислом Республикаси бунга жавобан Исроилга ва Яқин Шарқда Вашингтоннинг минтақадаги иттифоқчилари бўлган мамлакатларга дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилмоқда. Теҳроннинг таъкидлашича, Эрон зарбаларининг нишонлари — ушбу мамлакатлардаги Америка ҳарбий базаларидир.

Эронга берилган зарбалар давомида Ислом Республикасининг олий раҳбари Али Хоминаий ва яна бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ўлдирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид