Жаҳон | 13:36
852
2 дақиқада ўқилади

АҚШ БМТнинг Афғонистонга ёрдамини қайта кўриб чиқишга эришмоқчи

Толиблар томонидан аёллар ҳуқуқларига риоя қилинмаётгани сабабли АҚШ Афғонистонга халқаро ёрдамни қисқартиришни талаб қилмоқда. БМТ эса, аксинча, мамлакатда ҳукм сураётган очарчилик туфайли бу ёрдамни кўпайтиришга чақирмоқда.

Фото: AP

Вашингтон Афғонистонни қамраб олган ҳуманитар фалокатга қарамай, ушбу мамлакатга кўрсатилаётган халқаро ёрдамни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Майк Уолц 9 март, душанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, Афғонистонга ёрдам учун ажратилаётган барча маблағларни синчиклаб қайта текшириш зарурлигини билдирди. У буни толибларнинг муросасизлиги ва аёлларнинг энг асосий ҳуқуқлардан маҳрум этилаётгани билан изоҳлади.

Унинг таъкидлашича, Афғонистонга кўмаклашиш бўйича БМТ миссияси — UNAMA бутун дунёдаги БМТ махсус миссиялари орасида энг катта бюджетга эга. Ушбу миссиянинг мандати келаси ҳафта тугайди. Уолц БМТнинг афғон аёл ходималари ҳатто ўз офисларига кириш ҳуқуқига ҳам эга эмаслигини қаттиқ танқид қилди.

Толиблар 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятга келганидан бери аёллар ҳуқуқларини босқичма-босқич чеклаб келмоқда, жумладан, уларга таълим олиш ва ишлашни тақиқлаб қўйган.

БМТ маълумотларига кўра, 17 миллиондан ортиқ афғон, яъни мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми озиқ-овқатнинг ўткир тақчиллигидан азият чекмоқда. 4,9 миллион аёл ва бола даволанишга муҳтож.

UNAMA раҳбари вазифасини бажарувчи Жоржетт Ганон молиялаштиришнинг қисқариши инқирозни янада кучайтиришидан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, 2026 йил учун зарур бўлган 1,71 миллиард долларнинг фақат ўн фоизигина молиялаштирилган.

Покистон билан қарийб икки ҳафтадан бери давом этаётган можаро ва АҚШ ҳамда Исроилнинг Эронга қарши уруши туфайли Афғонистон–Эрон чегарасидаги оғир вазият сабаб Афғонистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиб бормоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид