Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 332-1-моддасида ҳуқуқбузарлик учун жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланган. Унга кўра, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини ёки 30 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

Бироқ, бу модданинг 2-қисмида ушбу имтиёз жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест билдирилганда қўлланмаслиги белгиланган.

Бугун кўплаб фуқаролар бир дилемма олдида туради:

“Адолат излайми ёки чегирмадан фойдаланайми?”

“Агар шикоят қилсам-у ютқазиб қўйсам, 50 фоизни йўқотаман, вақтим ва асабимни ҳам кетказган бўламан. Демак, иқтисодий жиҳатдан “жазоланаман”. Кел, яхшиси судлашмасдан, жаримамнинг ярмини имтиёз билан тўлай қолай...”

Бундай қарорга келувчилар жуда ҳам кўп. Айниқса жарима миқдори катта бўлса.

Масалан, фараз қилайлик, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига тасодифан ўтиб қолдингиз. Бундай ҳуқуқбузарлик МЖтКнинг 128-5-моддаси иккинчи қисмига асосан 10 БҲМ (ҳозирда 4 120 000 сўм) жаримага сабаб бўлади. Бу ҳуқубузарлик кузатув камералари орқали аниқланганда, ҳодиса тўғрисидаги маълумотлар 48 соатда тизимга келиб тушиши керак – агар бу муддат ўтиб кетадиган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилади ва жавобгар жаримага тортилмайди.

Фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликка оид маълумотлар тизимга келиб тушгандан сўнг жарима солиш тўғрисидаги қарор МЖтКнинг 305-моддасида белгиланган 15 кунлик муддатда чиқарилиши керак. Бироқ, ушбу 15 кунликни кечиктиришнинг оқибати кодексда мавжуд эмас. Бу шуни англатадики, 48 соатлик муддат бузилмаса бўлгани, 15 кунлик муддатнинг ўтиб кетиши бўйича эса судлашиб ютиб чиқиш аниқ эмас. (Аслини олганда, бундай қонунчиликдаги бўшлиқ ва ноаниқлик Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасига кўра инсон фойдасига талқин этилиши керак).

Юқоридаги вазиятда жаримани бекор қилдиришнинг ўзи ноаниқ бўлиб турганда, судга шикоят қилиш 30/50 фоизлик чегирмадан ҳам маҳрум қилишини билиш сизни табиий ўйлантириб қўяди.