Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
G7 молия вазирлари нефт захираларининг бир қисмини бўшатишга тайёр
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши оқибатида юзага келган энергетика инқирози муносабати билан G7 мамлакатлари молия вазирлари нефт захираларининг бир қисмини бозорга чиқаришга тайёр эканини билдирди. Бироқ ҳозирча бу борада ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.
Фото: Michael Dietrich / imagebroker.com / Global Look Press
Дунёнинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган етти давлати — “Катта еттилик” (G7: АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Канада ва Япония) — молия вазирлари ўз нефт захираларининг бир қисмини бўшатишга тайёр эканини билдирди.
Франция томонидан 9 март, душанба куни ташкил этилган видеоконференция якунлари бўйича вазирлик раҳбарларининг қўшма баёнотида шундай дейилади: “Биз зарур чораларни кўришга тайёрмиз, жумладан, энергетика ресурсларининг жаҳон таъминотини қўллаб-қувватлаш, масалан, захираларни бўшатиш орқали”.
Шу билан бирга, Франция томони АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши муносабати билан миллий нефт захираларининг бир қисмидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақида ҳозирча қарор қабул қилинмаганини огоҳлантирди.
Франция молия вазири Ролан Лескюр видеоконференциядан кейин бу ҳақдаги саволга шундай жавоб берди: “Биз ҳали бунга етиб келганимиз йўқ. Агар зарурат туғилса, бозорни барқарорлаштириш учун барча зарур воситалардан, жумладан, эҳтимолий равишда захиралардан фойдаланишдан ҳам фойдаланамиз, деган келишувга келдик”.
Лескюрнинг сўзларига кўра, яқин кунларда иш давом эттирилади ва нефт бозоридаги вазият диққат билан кузатиб борилади. G7 гуруҳи учрашувида Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) раҳбари Фотиҳ Бирол ҳам иштирок этди ва у вазирларга жаҳон нефт бозорларидаги вазият ёмонлашаётгани ҳақида ахборот берди.
Таркибига 32 та давлат кирадиган ХЭА аъзолари 1,2 миллиард баррелдан ортиқ стратегик нефт захираларига эга. Бу ҳажмга яна 600 миллион баррел саноат захиралари ҳам қўшилади. ХЭАга аъзо мамлакатлар инқирозли вазиятларда нефт бозорини барқарорлаштириш ёки таъминот танқислигига жавоб бериш мақсадида ўз стратегик нефт захираларини бозорга чиқаради, гарчи бу чорага жуда кам мурожаат қилинса ҳам.
Таъминот занжирларидаги узилишларга қарамай, Европа Иттифоқи давлатлари етарли нефт ва газ захираларига эга. Бу ҳақда шу куни Европа комиссияси матбуот хизмати хабар қилди. Баёнотда шундай дейилади: “Таъминот хавфсизлиги бизни юқори энергия нархларичалик ташвишлантирмаяпти”.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳамда Ҳўрмуз бўғозининг амалда тўсиб қўйилиши туфайли нефт нархи 2022 йилдан бери биринчи марта 100 АҚШ долларидан ошди. Reuters агентлиги хабар беришича, 9 март куни Лондон биржасида савдо бошида Европада эталон ҳисобланган Brent нефти фючерслари нархи вақтинча қарийб 26 фоизга кўтарилиб, бир баррел (159 литр) учун 116,6 долларга етган.
7 март куни Исроил илк бор Эрон нефт инфратузилмасига ҳаво зарбалари берди — Теҳрон ва унинг атрофидаги бешта энергетика объекти ҳужумга учради. Бунга жавобан Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Форс кўрфази мамлакатларидаги нефт объектларига ҳужум билан таҳдид қилди.
The Guardian газетаси ИИМК вакилининг қуйидаги сўзларини келтиради: “Агар сиз нефтнинг бир баррели 200 доллардан юқори бўлган нархга чидай олсангиз, ўйинни давом эттиринг”.