Жаҳон | 21:02 / 10.03.2026
4331
3 дақиқада ўқилади

Кувайт, Ироқ, БАА ва Саудия Арабистони нефт қазиб олишни учдан бирга қисқартирди – ОАВ

Яқин Шарқда кескинлик юзага келганидан бери, ушбу мамлакатларнинг умумий нефт қазиб олиш ҳажми кунига 6,7 миллион баррелга камайган. Бу барча тўрт мамлакатнинг умумий қазиб олиш даражасининг учдан бир қисмидир.

Фото: Bloomberg

Яқин Шарқдаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчилар - Кувайт, Ироқ, БАА ва Саудия Арабистони минтақадаги можаро фонида нефт қазиб олишни деярли учдан бир қисмга қисқартирди. Бу ҳақда Bloomberg манбаларга таяниб ёзмоқда.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, ушбу мамлакатларнинг умумий нефт қазиб олиш ҳажми кунига 6,7 миллион баррелга камайган. Бу барча тўрт мамлакатнинг умумий қазиб олиш даражасининг учдан бир қисмидир.

Саудия Арабистони қазиб олишни кунига тахминан 2-2,5 миллион баррелга, БАА 500-800 мингга, Кувайт тахминан ярим миллион баррелга, Ироқ эса тахминан 2,9 миллион баррелга қисқартирди. Пропорционал нисбатда энг катта қисқартиришларга Ироқ мажбур бўлди - деярли 60 фоизга. Қолган мамлакатлар учун бу кўрсаткич феврал ойидаги ишлаб чиқариш даражасининг 20 фоизидан 25 фоизигача ўзгариб туради.

Bloomberg бу қисқаришларни Яқин Шарқдаги кескинлашувнинг энг сезиларли оқибатларидан бири деб атамоқда. Saudi Aramco бош директори Амин Носир жорий инқирозни минтақанинг нефт-газ саноати тарихидаги «энг кенг кўламли» деб атади:

«Бу жаҳон нефт бозорлари учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади ва бу узилиш қанчалик узоқ давом этса, <...> жаҳон иқтисодиёти учун оқибатлар шунчалик жиддий бўлади», деди у.

Саудия Арабистони ва БАА кемалар қатнови учун тўсиб қўйилган Ҳўрмуз бўғозини четлаб ўтиб, муқобил йўллар орқали қазиб олишни кўпайтираётганига қарамай, уларнинг нефт омборлари аста-секин тўлдирилмоқда. Ҳўрмуз бўғози Форс кўрфазидан океанга олиб чиқадиган ягона денгиз йўли бўлиб, дунё нефт таъминотининг тахминан 20 фоизи шу ердан ўтади.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси урушнинг дастлабки кунларида Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ назоратга олганини эълон қилди.

Яқин Шарқ давлатлари нафақат Ҳўрмуз бўғози блокадаси, балки Эроннинг минтақадаги энергетика обектларига зарбалари туфайли ҳам нефт қазиб олишни қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Хусусан, бир кун аввал Баҳрайннинг энг йирик энергетика компанияси Bapco форс-мажор ҳолатини эълон қилди, бу унга нефтни қайта ишлаш заводига берилган зарбадан кейин таъминотни тўхтатиш имконини беради.

Шу фонда Brent маркали нефт нархи бир кун аввалги савдоларда бир баррел учун 119,5 долларга етди, бу 2022 йил ёзидан бери энг юқори кўрсаткичдир. 9 март куни кечқурун АҚШ президенти Доналд Трамп CBS News телеканалига берган интервьюсида «уруш деярли тугаганини» айтди. Шундан сўнг Brent нархи бир баррел учун 90 долларгача тушиб кетди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид