Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қуруқликдан босқин эҳтимоли: Эрон бунга қанчалик тайёр?
АҚШ ва Исроил ҳаво ҳужумлари орқали Эронни бомбалаяпти. Вашингтондаги расмийлар Теҳронни таслим қилиш учун қуруқлик орқали босқинни ҳам истисно қилмаяпти. Лекин форсларнинг мудофаа сценарийлари мамлакатнинг географик жойлашуви ва рақибнинг асимметрик қудратига мос тарзда тузиб чиқилган.
Маълумотларга кўра, Эрон 600 мингдан зиёд фаол ҳарбийларга эга. Шундан 420 минги классик армия жангчилари бўлса, 190 минги Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг махсус кучларидан иборат.
Шунингдек, Басиж деб аталувчи кўнгиллилардан иборат гуруҳ ҳам бор: агар сафарбарлик эълон қилинса, жами қуролли кучлар сафи бир неча миллионга етиши мумкин.
Эҳтимолий ҳужум қаердан бошланиши мумкин?
Эрон – Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё кесишган ҳудудда жойлашган. Агар уруш янада чуқурлашиб, янги босқичга ўтса, табиий савол пайдо бўлади: Эрон ҳудудига қуруқликдан босқин қайси йўналишлардан бўлади?
Асосий вариантлар иккита: ё тоғлар орқали шимолдаги курд ҳудудларидан, ёки нефтга бой жанубдаги текисликлардан.
Шимолдан босқин – Эрон учун янгилик эмас. Мамлакат ўзининг энг янги тарихида 1980–1988 йиллардаги Ироқ босқинидан мудофаа тажрибасига эга.
АҚШ-Исроил ёки прокси гуруҳлар?
Эрон ҳудуди нафақат географик жиҳатдан, балки этник, ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан ҳам мураккаб. АҚШ-Исроил ана шу мураккабликдан фойдаланишга қарор қилиши мумкин.
Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, энг эҳтимолий ссенарий тўғридан тўғри армия босқини эмас, балки Эрон ичида ва унинг чегараларида сепаратистик руҳдаги турли прокси кучлар орқали қуролли тўқнашувларни келтириб чиқариш мумкин. Айниқса, Ироқнинг Эрон билан чегарасидаги тахминан 8 миллион атрофида курдлар муҳим рол ўйнаши мумкин.
Муҳокамалардан хабардор манбаларга кўра, курд қуролли гуруҳлари Эрон хавфсизлик кучларига қарши чегара ҳудудларида ҳужумлар бошлайди, бу эса Эрон армиясининг эътиборини бир неча фронтга бўлиб юборади. Натижада мамлакат ичида норозилик намойишлари кучайиши осонлашади.
Лекин 5 март куни Ироқ Курдистони президенти Нечирвон Барзоний ўз ҳудудини ҳеч қандай ҳарбий кескинликнинг бир қисми бўлмаслигини айтиб, буни рад этган. Шунга қарамай, ҳудудда бошқа айирмачи курд жамоалари ҳам бор. Шу боисдан 28 февралда АҚШ-Исроил Эронга ҳужум бошлагач, инқилоб қўриқчилар корпуси кўплаб нишонлар қаторида Ироқ Курдистонига ҳам зарбалар бериб турибди.
Қолаверса, Яқин Шарқда уйқуда бўлган қандайдир радикал гуруҳлар кутилмаган баёнотлар билан уйғониб қолиши ҳам янгилик эмас.
Минтақада курдлар яна дастакланса, Туркия ҳам бунга кўз юмолмаса керак. Зотан бу масала ўртага нима тикилгани боғлиқ.
Загрос тоғлари ва курд ҳудудлари
Эрон–Ироқ чегарасининг шимолий қисми деярли тўлиқ Загрос тоғ тизмаси орқали ўтади. Бу ҳудуд Яқин Шарқдаги энг мураккаб ҳарбий ландшафтлардан бири ҳисобланади. Тоғ тизмалари, тор даралар, баландликлар ва ўрмонли ҳудудлар – классик армиялар учун жуда ноқулай, аммо айнан шу ҳудуд партизан уруши учун идеал макон.
Ироқ Курдистони айни шу ерда, Эрон билан чегарада жойлашган. Эрон ҳудудида фаолият юритадиган Курдистон демократик партияси ва бошқа курд гуруҳлари айнан шу тоғли ҳудудлардан фойдаланиб келади.
Эрон томони баъзида дрон ва ракеталар билан Ироқ Курдистонидаги курд мухолиф гуруҳларига зарбалар бериб туради: 2022 йилда Маҳса Амини ўлими ортидан бошланган серияли намойишларда айнан шу сепаратист гуруҳлар нишонга олинган эди.
Аммо муҳим жиҳат шундаки, бу ҳудуд орқали кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказиш деярли имконсиз. Бу ерда фақат кичик мобил гуруҳлар, махсус кучлар ёки партизан ҳаракати самарали бўлиши мумкин.
Марказий сектор
Эрон–Ироқ чегарасининг марказий қисми Эроннинг Кирмоншоҳ ва Илам вилоятларига тўғри келади. Географик жиҳатдан бу ҳудуд тоғли эмас, лекин водийлар анча мураккаб, тепаликлар ва тор йўллардан иборат.
1980-йилларда айнан шу ҳудуд Саддам Ҳусайн бошчилигидаги Ироқ армиясининг асосий ҳужум йўналишларидан бири бўлган. Аммо 8 йиллик уруш шуни кўрсатдики, бу ҳудудда тезкор ҳарбий юриш деярли имконсиз. Фронт чизиқлари йиллар давомида деярли ўзгармаган.
Демак, америкаликлар учун ҳам Эрон чегарасида тезкор қуруқлик амалиёти ўтказиш осон эмас. Албатта, махсус кичик гуруҳлардан фойдаланмаса.
Жанубий сектор
Эрон–Ироқ чегарасининг энг стратегик қисми жанубда жойлашган. Бу ҳудуд Эроннинг Ҳузистон вилоятига тўғри келади. Бу ер Эрон иқтисодиётининг юраги ҳисобланади, чунки мамлакат нефтининг катта қисми айнан шу ҳудуддан олинади. Географик жиҳатдан бу ҳудуд текислик бўлиб, катта қўшинлар: яъни жанговор машиналар, умуман ҳарбий техникалар учун энг қулай йўналиш айнан шу ер ҳисобланади.
Аммо бу ҳудудда ҳам муҳим табиий тўсиқ мавжуд – Шатт ал-Араб дарёси. Бу дарё Ироқ ва Эрон ўртасидаги тарихий можароларнинг асосий сабабларидан бири бўлган эди (бу энди бошқа масала).
Чегаранинг этник географияси
Эрон–Ироқ чегараси фақат географик эмас, балки этник жиҳатдан ҳам мураккаб. Шимолда курдлар яшайди, уларнинг бир қисми марказий ҳукуматга нисбатан эҳтиёткор кайфиятда бўлса-да, кенг кўламли қўзғолон эҳтимоли ҳозирча паст.
Жанубда эса асосан араб аҳолиси, бу ҳудуд баъзан “Аҳваз араб минтақаси” деб ҳам аталади. Бу ерда кичик сепаратистик гуруҳлар мавжуд бўлса-да, улар катта сиёсий кучга эга эмас. Лекин ҳудуддаги араблар сони 3 миллион атрофида.
Марказий ҳудудларда эса лур ва бошқа қабилалар яшайди. Улар Эрон давлат тизимига нисбатан анча интеграциялашган.
Чегара мустаҳкамми?
Эрон стратегик хавф зонаси сифатида айнан Ироқ билан чегараларни кўради. Шунинг учун бу ерда катта ҳарбий кучлар жойлаштирилган. Асосан Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси назоратида. Шу йил бошида эълон қилинган манбаларда ёзилишича, чегарада 151 дан ортиқ Эрон ҳарбий пунктлари бор. Бундан ташқари, Эроннинг халқ сафарбарлик тизими ҳисобланган Басиж ҳам мавжуд.
Инобатга олиш лозимки, Эрон ҳарбий доктринаси – АҚШ-Исроилга қарши урушга, яъни кучлар нисбати тенг бўлмаган душман билан тўқнашишга мўлжаллаб ёзилган. Доктрина асимметрик урушда ўзидан кучлироқ армияга тўғридан тўғри фронт урушини реал деб ҳисобламайди, шу сабабли мозаика мудофааси (ҳар бир вилоятда мустақил ҳарбий қўмондонлик) воситасида тарқоқ ва узоқ давом этадиган қаршиликни назарда тутади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов
Мавзуга оид
23:41 / 10.03.2026
Россия Яқин Шарқдаги можарога аралашмаслиги керак – Ҳегсет
23:04 / 10.03.2026
Эрон Миллий хавфсизлик кенгашида Трампга ўлим билан таҳдид қилинди
20:37 / 10.03.2026
WSJ: маслаҳатчилар Трампни Эрон билан урушни тезроқ тугатишга чақирмоқда
18:52 / 10.03.2026