Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроилда Эрон зарбаларидан камида саккиз киши жабрланди
Исроил қутқарув хизматлари Эрон томонидан амалга оширилган ракета ҳужумлари натижасида камида саккиз киши жабрланганини маълум қилди. “Эрон режими тинч аҳолини нишонга олмоқда”, — деди Исроил ташқи ишлар вазири.
Фото: Leo Correa/AP
Эроннинг ракета зарбалари натижасида Исроилда, маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, камида саккиз киши жабрланган. Исроилнинг “Маген Давид Адом” (MDA) қутқарув ташкилоти якшанба, 15 март куни маълум қилишича, Тел-Авивнинг турли ҳудудларида тўрт киши снаряд бўлакларидан жароҳат олган.
Уларнинг маълумотига кўра, тахминан 60 ёшлардаги эркак ўртача оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, у синиқ ойна парчаларидан бош қисмида жароҳат олган. Яна уч нафар жабрланувчига портлаш зарба тўлқини таъсири туфайли жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.
Исроил полицияси кузатув камераси ёзувини эълон қилди. Унда, иддао қилинишича, Тел-Авив атрофида кассетали ўқ-дорининг ерга тушиш лаҳзаси акс этган. Кадрларда снаряд кўчада бўлган одамлар ёнида портлаганини кўриш мумкин.
Туш пайтига яқин Исроил қутқарувчилари 44 ва 62 ёшли икки эркак ҳам жабрланганини хабар қилди, улар енгил жароҳат олган. Тунда эса снаряд бўлаклари тушиши натижасида тахминан 80 ёшлардаги икки фуқарога тиббий ёрдам керак бўлган.
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Эронни фуқароларга атайлаб зарба беришда айблади.
“Биз ҳарбий объектларга ҳужум қилаётган бир пайтда, Эрон режими тинч аҳолига зарба бермоқда”, — деди у Исроил шимолидаги Зарзир бадавий қишлоғига ташрифи чоғида. У ерда икки кун аввал Эроннинг ракета ҳужуми натижасида қарийб 60 нафар аҳоли жабрланган эди.
Ташқи ишлар вазири уруш бошланганидан бери Исроилдаги барча қурбонлар тинч аҳоли вакиллари бўлганини таъкидлади.
“Албатта, бу ҳарбий жиноятдир”, — дея Саарнинг сўзларини AFP агентлиги келтирган.
Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 28 февралдан бери жами 3195 нафар исроиллик шифохонага ётқизилган, 15 март эрталаб ҳолатига кўра, улардан 81 нафари ҳали ҳам шифохонада қолмоқда.