Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон АҚШ билан келишув доирасида тикланиш учун 300 миллиард доллар талаб қилди
Эрон АҚШ билан меморандум лойиҳасига иқтисодиётни тиклаш учун 300 миллиард доллар ажратиш талабини киритди.
Mehr агентлигининг ҳужжат мазмунидан хабардор манбаларга таяниб хабар беришича, меморандум лойиҳаси 14 банддан иборат бўлиб, Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни босқичма-босқич нормаллаштиришни назарда тутади.
Эроннинг асосий талаблари орасида санкциялар ва денгиз блокадасини тўлиқ бекор қилиш, музлатилган 24 миллиард долларлик активларни блокдан чиқариш, Эрон ва Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, Америка қўшинларини Эрон яқинидаги ҳудудлардан олиб чиқиш бор.
Битимнинг алоҳида блоки ядровий дастурга тегишли. Эрон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага содиқлигини тасдиқлашга ва ядровий масалалар бўйича якуний қарорни ишлаб чиқиш учун 60 кунлик музокараларни бошлашга тайёр. Axios маълумотларига кўра, муҳокама қилинаётган келишув доирасида Эрон ядро қуролини яратмаслик ва халқаро инспекторлар назорати остида уранни бойитиш даражасини чеклаш мажбуриятини олишга ҳам тайёр. Нашрнинг таъкидлашича, бундай қоидалар умуман олганда АҚШ талабларига мос келади.
Меморандумга кўра, якуний келишув БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан тасдиқланиши керак. Келишувларнинг бажарилишини назорат қилиш учун махсус мониторинг механизмини яратиш таклиф этилмоқда. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилинган ҳужжат ҳали якуний эмаслигини ва келишилиши кераклигини айтди.
11 июнь куни АҚШ президенти Доналд Трамп келишув якуний тайёргарлик босқичида эканини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, томонларга фақат ҳужжатларни имзолаш қолган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Иброҳимнинг айтишича, келишув матни устидаги ишлар асосий йўналишлар бўйича деярли якунланган.