Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Украинанинг уч вилоятига зарба берди: ҳалок бўлганлар бор
Россия Чернихив яқинидаги блокпостга, шунингдек, Днипропетровск ва Харкив вилоятларининг бир нечта туманига ҳужум қилди, деб хабар бермоқда маҳаллий ҳокимият органлари. Уч киши ҳалок бўлган, 13 киши яраланган.
Фото: Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати
Россия учувчисиз учиш аппарати 15 март, якшанба куни Чернихив вилоятининг Новоселовка қишлоғидаги блокпостга ҳужум қилди. Зарба оқибатида ҳарбий хизматчилар орасида ҳалок бўлган ва яраланганлар бор, деб маълум қилди Чернихив шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Дмитрий Брижинский.
“Ҳодиса жойида дрондан ташлаб юборилган, келиб чиқиши аниқланмаган портловчи буюмлар портлаши давом этмоқда, тегишли хизматлар иш олиб бормоқда”, — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Маҳаллий вақт билан соат 16:00 ҳолатига кўра, бир нафар ҳалок бўлган ва беш нафар ҳарбий хизматчи яралангани маълум бўлган, дея раҳбар Украинанинг Миллий жамоат телерадиокомпанияси минтақавий филиалига берган изоҳида аниқлик киритди. Брижинскийнинг тушунтиришича, улар Чернихивдаги тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган. Бундан ташқари, бир нафар полиция ходими ҳам жабрланган.
Россия қўшинлари Россия ва Беларус билан чегарадош Чернихив вилоятига, шунингдек, Украинанинг бошқа ҳудудларига мунтазам равишда ҳужум қилади. Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, 15 мартга ўтар кечаси Россия Украина бўйлаб 97 та учувчисиз учиш аппаратини учирган, кундузи эса бу ҳужумлар давом этган.
Бундан ташқари, 15 март куни Днипропетровск вилоятининг беш тумани дронлар, артиллерия ва авиабомбалар ҳужумига учради, деб хабар қилди минтақа ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа. Унинг сўзларига кўра, оқибатда беш киши яраланган, Павлоград туманидаги Троицк қишлоқ жамоатида эса бир киши ҳалок бўлган.
Харкив вилоятида 15 март куни Купянск-Узловой посёлкаси артиллериядан ўққа тутилиши оқибатида бир аёл ҳалок бўлди, деб маълум қилди минтақа прокуратураси. Унинг маълумотларига кўра, 15 март кечга бориб дронлар зарбасидан жабрланганлар сони уч нафар экани маълум бўлган.
Мавзуга оид
12:14
Киев Эрон, РФ ва Россия паралимпиячиларига қарши санкциялар киритди
18:11 / 15.03.2026
ОАВ: Трамп Украинадаги тинчлик музокараларига қизиқишини йўқотди
19:15 / 14.03.2026
Эрон Украинага зарба бериш билан таҳдид қилди
17:26 / 14.03.2026