Туризм | 13:30
1416
2 дақиқада ўқилади

Январда 1,1 мингдан зиёд ўзбекистонлик Буюк Британия томон йўл олди

2026 йилнинг январ ойида 1 126 нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда Буюк Британияга сафар қилган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 15,5 фоизга ошган бўлиб, ўзбекистонликларнинг мазкур йўналишга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.

Фото: Kun.uz 

Статистик таҳлилларга кўра, Буюк Британияга сафар қилганларнинг асосий қисми саёҳат мақсадида йўл олган. Хусусан, январ ойида 821 нафар фуқаро айнан туристик сафар билан ушбу мамлакатга борган. Бу эса умумий сафарларнинг энг катта улушини ташкил этган.

Шу билан бирга, 193 нафар ўзбекистонлик ўқиш мақсадида Буюк Британияга сафар қилган. Бу ҳолат мамлакат ёшлари орасида халқаро таълимга, хусусан, Британия таълим муассасаларига қизиқиш юқори эканини яна бир бор намоён этмоқда.

Қариндошларни йўқлаш мақсадида борганлар сони 92 нафарни ташкил этган бўлса, хизмат юзасидан амалга оширилган сафарлар 20 нафарга тенг бўлган. Бу рақамлар Буюк Британия Ўзбекистон фуқаролари учун нафақат саёҳат, балки таълим ва оилавий ташрифлар нуқтаи назаридан ҳам муҳим йўналишлардан бирига айланиб бораётганини кўрсатади.

Халқаро авиақатновлар имкониятларининг кенгайиши, таълим дастурларига қизиқишнинг ортиши ва хорижга сафар маданиятининг ривожланиши каби омиллар ўзбекистонликларнинг Буюк Британияга сафарлари кўпайишига таъсир қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид