Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил ва Украина Эрон дронларига қарши ҳамкорлик қилмоқчими?
Украина дрон технологиялари бўйича жанг майдонида тўплаган тажрибасини Яқин Шарқ давлатлари билан бўлишишга тайёрлигини билдирмоқда. Исроил ва айрим араб давлатлари билан ҳамкорлик масаласи кун тартибида. Бу ташаббус Киевга молиявий ва технологик имкониятлар яратиши мумкин.
Айни мавзу Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар иштирокида муҳокама қилинди.
— Украина Исроил ва араб давлатларига дронлар масаласида ёрдам бермоқчи. Бу Яқин Шарқ ва шу қаторда Украина мудофаасига қандай таъсир қилади?
Умрбек Юсупов: Уруш бошида НАТО давлатлари Украинага ҳарбий ёрдам беришини билдирган эди. Бир йил ўтиб, АҚШ ва яна бир қатор давлатлардан мутахассислар Украинага келиб, дронларни синовдан ўтказиш ҳамда уларни қўллаш бўйича тажриба алмашишни режалаштирган. Бироқ учрашувлар давомида қизиқ вазият юзага келгани айтилади: ҳақиқий жанг майдонида дронлардан фойдаланиш технологияси ва амалий тажриба бўйича украиналиклар анча олдинга ўтиб кетгани маълум бўлган.
Кейинчалик бу ҳолатни Ғарб матбуоти ҳам тан олди. Бугунги вазиятда Володимир Зеленский ушбу тажрибани стратегик имконият сифатида кўришга ҳаракат қилмоқда. Гап шундаки, Украина ўзида шаклланган ҳарбий технологиялар ва дронлардан фойдаланиш тажрибасини ҳамкор давлатлар билан алмашиш, бунинг эвазига эса молиявий ресурслар ҳамда янги технологиялар олишни таклиф қилмоқда. Айрим маълумотларга кўра, бу ҳамкорлик доирасида ўнлаб миллиард долларлик келишувлар ва узоқ муддатли шартномалар муҳокама қилинмоқда. Бундай ҳамкорликнинг ижобий томонлари ҳам бор.
Аввало, Украина учун қўшимча молиявий манбалар пайдо бўлиши мумкин. Иккинчидан, ҳарбий технологиялар алмашинуви мамлакат мудофаа салоҳиятини кучайтиради.
Учинчидан, бундай шартномалар Украинага узоқ муддатли стратегик ҳамкорлар ва маълум даражадаги хавфсизлик кафолатларини ҳам бериши мумкин. Масалан, Исроил ҳарбий саноати дунёдаги энг ривожланган тизимлардан бири ҳисобланади. Исроил кўплаб қуролларни реал можаролар шароитида синовдан ўтказган, хусусан, Ғазо билан боғлиқ узоқ йиллик тўқнашувлар давомида катта тажриба тўплаган. Шу сабабли ҳарбий технологиялар бўйича тажриба алмашуви Украина учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, бу жараённинг салбий томонлари ҳам мавжуд. Масалан, уруш давом этаётган пайтда фронт учун ҳар бир аскар ёки ҳар бир дрон муҳим аҳамиятга эга. Агар мутахассислар ва технологиялар бошқа давлатлар билан ҳамкорлик лойиҳаларига йўналтирилса, бу маълум даражада фронтдаги имкониятларни камайтириши мумкин. Баъзи маълумотларга кўра, Украина мутахассислари аллақачон Саудия Арабистони, БАА ва Иордания каби давлатларда жойлашган базаларда ҳам ишлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Бундан ташқари, бу жараён сиёсий жиҳатдан ҳам турли талқинларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, Россия Украинани Эрон билан боғлиқ можаро ва кескинликларнинг кучайишида айблаши ҳамда шу орқали ўз ҳарбий ҳаракатларини оқлашга уриниши эҳтимолдан холи эмас. Украина томони бу масалада ўз позициясини билдирган. Расмийлар Теҳронга мурожаат қилиб, агар Эрон томонидан ишлаб чиқарилган дронлар Украинага қарши қўлланган бўлса, бу ҳам можаронинг бир қисми эканини эслатган.
Яна бир нозик масала, Украинада жанг қилаётган чечен ва бошқа Кавказ келиб чиқишидаги кўнгилли ҳарбий гуруҳлар билан боғлиқ. Айрим таҳлилчиларга кўра, Украинанинг айрим давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлиги, айниқса Эрон ёки Исроил билан боғлиқ сиёсий масалалар фонида мусулмон келиб чиқишидаги жангчиларнинг кайфиятига маълум даражада таъсир қилиши мумкин. Албатта, бу борада аниқ статистик маълумотлар мавжуд эмас.
Ҳозирча фронтдаги мусулмон кўнгиллилар сони камайгани ҳақида ишончли тадқиқотлар эълон қилинмаган. Бироқ айрим экспертлар келажакда бундай омиллар жанговар кайфиятга билвосита таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳам истисно қилмайди.
Жаҳонгир Акрамов: Зеленскийнинг Исроил билан ҳамкорлиги аввало, АҚШ томонидан Украинага кўрсатилаётган разведка ёрдами ва ҳарбий кўмакни маълум даражада сақлаб қолиш истаги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда кўпинча очиқ дипломатиядан ташқари, махфий дипломатик келишувлар ҳам муҳим рол ўйнайди.
Эрон билан боғлиқ кескинлик кучайганидан сўнг АҚШ ташқи сиёсатида Исроил масаласи яна устувор йўналишлардан бирига айланди. Буни аввалроқ америкалик расмийлар ҳам таъкидлаб, Исроил хавфсизлиги АҚШ учун стратегик ва ҳатто “муқаддас масала” даражасида муҳим эканини айтган эди. Айни пайтда айрим маълумотларга кўра, Доналд Трамп маъмурияти Россия ва Украина ўртасидаги музокараларга аввалгидек катта эътибор қаратмаётгани ҳам айтилмоқда. Бу эса Украинага кўрсатиладиган ёрдам ҳажми қисқариши эҳтимоли ҳақида турли тахминларни келтириб чиқармоқда.
Бундан ташқари, глобал миқёсдаги ҳарбий зиддиятлар кўпайиб бораётгани сабабли АҚШ ресурслари ҳам чекланган. Ҳатто энг йирик ҳарбий омборларга эга давлат учун ҳам ҳарбий ресурслар чексиз эмас. Шу сабабли бир вақтнинг ўзида бир неча минтақадаги можароларни тўлиқ молиялаштириш ёки ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мураккаблашади. Шу нуқтайи назардан қараганда, Украинага ёрдам камайиб кетмаслиги учун Киев бошқа стратегик йўлларни ҳам излаётгани эҳтимолдан холи эмас.
Украина Исроил билан ҳарбий ёки технологик ҳамкорлик орқали АҚШ билан сиёсий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилиши мумкин. Бундай келишувлар кўпинча аввал ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинади, кейинчалик эса аста-секин оммавий сиёсий муҳокамаларга чиқади. Бироқ бу жараённинг яна бир муҳим томони ҳам бор: халқаро ҳуқуқ ва ахлоқ нуқтайи назаридан қараганда, агар бир давлат бошқа давлатга ҳужум қилаётган бўлса, учинчи давлатнинг ҳимоя қилинаётган томонга ёрдам бериши одатда легитим ва оқланадиган ҳаракат сифатида баҳоланади. Аксинча, агрессор томонни қўллаб-қувватлаш халқаро майдонда танқид ва сиёсий изоляцияга олиб келиши мумкин.
Масалан, Британия, Франция ва Германия узоқ вақт давомида Эрон билан ядро келишуви масаласида муроса қилиш позициясини эгаллаб келган эди. Бироқ сўнгги йилларда бу давлатларнинг позицияси маълум даражада ўзгарди. Бунга Эроннинг Россия билан ҳарбий ҳамкорлиги, жумладан, дронлар билан боғлиқ масалалар ҳам таъсир қилгани айтилади. Ҳарбий экспертларнинг айрим фикрларига кўра, Россияда ишлаб чиқарилаётган айрим дрон тизимлари, жумладан, Геран-2 ишлаб чиқариш инфратузилмаси ҳам Эрон мутахассислари иштирокида шакллантирилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда турли тахмин ва таҳлиллар мавжуд.
Шу билан бирга, Украина дипломатик жиҳатдан эҳтиёткор позицияни ҳам сақлашга ҳаракат қилмоқда. Масалан, Зеленский Украина Эрон билан бевосита урушаётган томон эмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, агар араб давлатлари ўзини ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш учун ёрдам сўраса, Украина бундай ёрдамни кўриб чиқиши мумкин. Бу эса ҳужумкор ҳаракат эмас, балки мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик сифатида талқин қилинади. Бундай ёндашув, яъни мудофаага кўмаклашиш халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан ҳам нисбатан легитим ҳисобланади. Шу сабабли Украина бу масалада дипломатик мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда.
Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
11:15 / 17.03.2026
🔴 LIVE: Хитой кемалари Ҳўрмуз бўғозидан ўтяптими? | "Геосиёсат"
12:10 / 16.03.2026
🔴 LIVE: Эрон атрофига денгиз пиёдаси йўл олди | "Геосиёсат"
11:48 / 16.03.2026
Эрон ядро қуролига эришса, Ўзбекистон учун таҳдидми?
11:10 / 15.03.2026