Ўзбекистон | 23:19 / 17.03.2026
2171
9 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказининг очилиши ҳамда ифторлик маросимида иштирок этди

Давлат раҳбари халқимиз аҳил, бир оила бўлиб яшаётгани энг катта бойлигимиз эканини янада чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади. Ушбу мажмуани бунёд этишга муносиб ҳисса қўшган барчага миннатдорлик билдирди. Ушбу марказ эл-юрт ва жаҳон аҳлига ҳамиша беминнат хизмат қиладиган тинчлик, эзгулик, билим ва маърифат майдони бўлиб қолишига ишонч билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши ҳамда ифторлик маросимида иштирок этди.

Маросимга ҳудудлардаги студиялар орқали кексалар, олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари уланди. Шунингдек, турли миллат ва диний конфессиялар аъзолари, дипломатик корпус намояндалари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.

Тадбир аввалида давлат раҳбари халқни муборак Рамазон ойи билан яна бир бор чин қалбдан табриклади. Шу улуғ айём кунларига барчамизни тинч-омон, соғ-саломат етказгани учун Аллоҳ таолога беҳад шукроналар айтилди.

Рамазон ойи – меҳр-оқибат, эзгулик ва савобли амаллар рамзи. Бугунги кунда давлат ва нодавлат ташкилотлар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Маҳаллалар уюшмаси, Мусулмонлар идорасининг “Вақф” хайрия жамоат фонди, ҳудудлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, шунингдек, саховатли тадбиркорлар томонидан кекса ва ногиронлар, кам таъминланган оилалар, кўмакка муҳтож инсонларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Тиббиёт бўлинмалари олис ва чекка ҳудудларга чиқиб, аёллар, болалар ва нуронийларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда, оғир беморларни операция йўли билан даволаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундай хайрли ишлар жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва умуммиллий бирлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари ҳозирги ғоят таҳликали замонда тинчлик нақадар улуғ ва бебаҳо неъматлигини, 38 миллиондан зиёд аҳолимиз ягона халқ, аҳил бир оила бўлиб яшаётгани энг катта бойлигимиз эканини янада чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади. Даврада Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ҳам қатнашаётгани муқаддас динимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларига, мамлакатимизнинг очиқлик сиёсатига ҳурмат ифодаси сифатида баҳоланди.

Бу кун халқимиз учун яна бир тарихий воқеа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросими ўтказилаётган кун экани алоҳида таъкидланди.

– Не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан мана шундай унутилмас кун билан, чинакам илм-маърифат байрами билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман.

Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва буюк мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин! – деди Президент.

Таъкидланганидек, юртимизда ривожланган давлат ва эркин жамият пойдеворини барпо этиш учун “Энг аввало, илм ва таълим” деган олий мақсад ҳаётга жорий этилмоқда. Зеро, муқаддас ислом дини ҳам инсонни доимо илму маърифатга даъват этади. Шу боис, Ислом цивилизацияси марказининг Улуғбек дарвозаси пештоқига Қуръони каримнинг “Иқро!” – “Ўқи!” деган муборак ояти муҳрлаб қўйилгани рамзий ва теран маънога эга экани айтилди.

Марказда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва цивилизацияси дурдоналарини ягона маърифий маконда кўриш, шу асосда халқимизнинг интеллектуал ва маданий салоҳиятини янада теран англаш мумкин.

– Бу маскан билан танишган ҳар бир одам, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ислом динининг гуманистик моҳиятини англаб етади, ўзининг қандай улуғ мерос эгаси эканини ҳис этиб, қалби ғурур ва ифтихорга тўлади, – деди Президент.

Нафақат юртимиз, балки бутун минтақанинг маънавий мулки бўлган бебаҳо бойликни чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш мақсадида уни Ислом цивилизацияси деган ном остида бирлаштиришга қарор қилингани айтилди. Халқаро экспертлар эътироф этганидек, бугун Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича ўзига хос катта илмий мактаб шаклланаётгани, мамлакатимиз ўзининг қанчалик катта интеллектуал салоҳияти борлигини дунёга намоён эта олгани таъкидланди.

Президент марказнинг кўлами ва имкониятлари ҳақида тўхталиб, ушбу ноёб мажмуа салкам 10 гектар ҳудудда жойлашгани, бинонинг умумий фойдаланиш майдони 50 минг квадрат метрни ташкил этишини қайд этди. Бу ерда “Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори” каби экспозиция заллари мавжуд.

Музей экспозициясини шакллантириш ва бойитиш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилиб, ўтган йилнинг ўзида 1,5 мингдан ортиқ экспонат, жумладан, 800 га яқин қадимий қўлёзма, археологик топилма ва тарихий хариталар экспозицияга жойлаштирилган. Хорижий аукцион уйлари, йирик коллекционерлар ва арт-дилерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 743 та экспонатнинг асл нусхалари юртимизга келтирилгани таъкидланди.

Марказнинг асосий зали – муқаддас Қуръон залида дунёдаги энг қадимий олтита Қуръони каримдан бири бўлган мўътабар Усмон Мусҳафи ўзининг юксак мақомига муносиб шарафли ўрин топган. Шунингдек, турли даврларга оид нодир Қуръон қўлёзмалари ҳам шу ерда жамланган.

Қайд этилганидек, Ислом цивилизацияси маркази 2025 йилнинг ўзидаёқ минглаб хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Улар орасида қатор давлатлар президентлари, парламент ва ҳукумат раҳбарлари, депутат ва сенаторлар, вазирлар, элчилар, илм-фан ва жамоат арбоблари, диний ташкилотлар раҳнамолари бор. Марказни лойиҳалаш, қуриш ва замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашда Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Озарбойжон, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлардан малакали мутахассислар иштирок этди.

Давлат раҳбари ушбу мажмуани бунёд этишга муносиб ҳисса қўшган лойиҳачи ва қурувчилар, муҳандислар, олимлар, хорижий ҳамкор ва экспертларга, жумладан, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти аъзоларига, барча фидойи инсонларга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, мазкур йирик ва мураккаб маданий иншоотни қуришда ҳомийлик ёрдамини кўрсатган маҳаллий ва чет эллик тадбиркорлар, маданият ва спорт намояндаларига алоҳида раҳмат айтилди.

– Ислом цивилизацияси марказини барпо этишга киришар эканмиз, мен, дунёнинг қаерида бўлмасин, тарихимизга тегишли бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, битта экспонат бўлса ҳам топиб, юртимизга олиб келишни орзу қилган ва шу вазифани ўртага қўйган эдим. Минг шукрки, бугун ана шу мақсадимизга аста-секин эришяпмиз. Бу ишларни, албатта, давом эттирамиз, – деди давлат раҳбари.

Жаҳоннинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб қўлёзмаларни аниқлаш ва ўрганиш учун янги халқаро илмий экспедициялар ташкил этилиши таъкидланди. Бу ишларга маҳаллий ва хорижий олимлар, етакчи халқаро илмий марказлар кенг жалб этилади.

Шунингдек, Марказ фаолиятини кенг кўламда йўлга қўйиш мақсадида бу ерда ICESCO, IRCICA, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Франциядаги Темурийлар жамияти, TURKSOY каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик асосида офислар ташкил этилгани қайд этилди. Энди улар билан ҳамкорликни янада кучайтириш учун барча зарур шароитлар яратилиши белгиланди.

Марказда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ўзининг янги қароргоҳига эга бўлгани, бу ерда ислом меросини чуқур ўрганиш, диний ходимлар ва имом-хатиблар малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Яқин келажакда БМТ қароргоҳида ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг тақдимотларини ўтказиш режалаштирилган.

Президентимиз марказ маънавий-маърифий йўналишдаги фаолият учун фундаментал база бўлишини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари юқори курсларда шу ерда ўқиши, ўқитувчи-домлалар эса ўз билими ва малакасини ошириши назарда тутилган. Энг муҳими, марказ ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, беруний ва улуғбеклар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва термизийлар етишиб чиқиши учун мустаҳкам маънавий майдон бўлиши кераклиги қайд этилди.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари олим ва тадқиқотчилар, шоир ва адиблар, диний уламолар, режиссёр ва рассомлар, журналистлар, ижодкор ёшларга мурожаат қилди:

– Бу тенгсиз бойликдан илҳомланиб, сизлар яратадиган илмий тадқиқотлар, бадиий китоб, кино ва театр асарлари, картина ва кўрсатувлар уч минг йиллик тарих ва маданиятнинг сўнмас овози бўлиб дунёга таралсин! Янги Ўзбекистонни тинчлик, эзгулик, билим ва маърифат диёри сифатида оламга тараннум этсин! Халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун тарбия ва миллий ғурур мактабига айлансин! – деди президент.

Сўзининг якунида давлат раҳбари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эл-юртимиз ва жаҳон аҳлига ҳамиша беминнат хизмат қиладиган тинчлик, эзгулик, билим ва маърифат майдони бўлиб қолишига ишонч билдирди.

Ифторлик маросимида Қуръони каримдан тиловат қилинди. Муқаддас Рамазон ойида тутилаётган рўзалар, қилинаётган ибодатлар қабул бўлиши, Яратган Парвардигор халқимизни ва Ватанимизни ўз паноҳида асрашини сўраб, дуолар қилинди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид