Жаҳон | 16:42 / 18.03.2026
2118
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинага “Дружба” орқали нефт ўтказишни қайта тиклашда ёрдам беради

Украина Европа Иттифоқининг “Дружба” нефт қувурини тиклашга ёрдам бериш таклифини қабул қилди, деб маълум қилди фон дер Ляйен ва Кошта. ЕИ техник кўмак ва молиялаштиришни ваъда қилди, унинг мутахассислари эса ишни бошлашга тайёр.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Россия зарбалари натижасида шикастланган “Дружба” қувури орқали нефт ҳайдашни қайта тиклашда Украинага ёрдам беради.

“ЕИ Украинага техник кўмак ва молиялаштиришни таклиф қилди. Украиналиклар буни мамнуният билан қарши олди ва ушбу таклифни қабул қилди”, — деб 17 март, сешанба куни Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Антониу Кошта маълум қилди.

Уларнинг сўзларига кўра, Украина президенти Владимир Зеленский “Дружба” нефт қувурини таъмирлаш бўйича ЕИ ёрдамини қабул қилишга розилик билдирган.

“Европалик мутахассислар дарҳол ишга киришишга тайёр”, — дея қўшимча қилди фон дер Ляйен ва Кошта.

Европа кенгаши сайтида жойлаштирилган қўшма баёнотда Европа Иттифоқи раҳбарлари “Европанинг барча фуқаролари учун энергетик хавфсизликни таъминлаш”ни устувор вазифа деб атади ва Марказий ҳамда Шарқий Европа давлатларига Россияга тегишли бўлмаган нефт транзити учун муқобил йўналишлар устида ишни давом эттиришга ваъда берди.

Зеленскийга йўлланган мактубда Европа комиссияси раиси ва Европа кенгаши раиси “қувурнинг тезкор таъмирланиши” Европа Иттифоқига Украина учун режалаштирилган йирик кредит ва урушни давом эттираётган Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакети бўйича қарорларни тезлаштириш имконини беришидан умид билдирган.

“Дружба” нефт қувури орқали Украина ҳудуди бўйлаб Россия нефти Венгрия ва Словакияга етказиб берилган. Украина томони маълумотларига кўра, қувур январ ойида Россия зарбаси оқибатида шикастланган ва ишдан чиққан. Зеленский “Дружба” иши қайта тикланишигача яна бир неча ҳафта ўтиши мумкинлигини айтган эди.

Будапешт ва Братиславадаги россияпараст ҳукуматлар Киевни таъмирлаш ишларини атайлаб чўзаётганликда ва эҳтимолий шикастланишларни қувурни тўхтатиш учун баҳона сифатида ишлатаётганликда айбламоқда. Ана шу баҳс сабабли Будапешт Россияга қарши янги, 20-санкциялар пакетини тўсмоқда. Бундан ташқари, Венгрия Украина учун 90 миллиард евро миқдоридаги Европа Иттифоқи кредити ажратилишига ҳам вето қўйган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид