Туризм | 19:04
18326
3 дақиқада ўқилади

Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди

Чипталар тоифаларга ажратилган бўлиб, Ўзбекистон фуқаролари, хорижий меҳмонлар ва болалар учун алоҳида нархлар белгиланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

17 март куни Тошкент шаҳрида очилган Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди.

Қайд этилишича, марказ ҳар куни соат 09:00 дан 22:00 гача, дам олиш кунларисиз ишлайди. Бу эса, айниқса, ишдан кейин оила билан кечқурун ташриф буюриш имконини беради. Бундай амалиёт Ўзбекистон музейлари учун илк бор жорий этилмоқда.

Чипталар тоифаларга ажратилган бўлиб, Ўзбекистон фуқаролари, хорижий меҳмонлар ва болалар учун алоҳида нархлар белгиланган.

Кириш нархлари қуйидагича:

1. Гуруҳли экскурсиялар (Ўзбекистон фуқаролари учун):

— Катталар: 60 000 сўм (2 соат)

— Болалар (7–17 ёш): 25 000 сўм (2 соат)

— 7 ёшгача — бепул

2. Индивидуал ташрифлар:

— Катталар: 120 000 сўм (кун давомида)

— Болалар: 50 000 сўм

3. Хорижий меҳмонлар учун:

— Катталар: 25 доллар + 10 доллар қўшимча хизматлар

— Болалар: 20 доллар (2 соат)

— Индивидуал: 45 доллар

4. Fast Track (тезкор кириш):

— Ўзбекистон фуқаролари учун: 250 000 сўм (5 кишигача)

— Хорижийлар учун: 100 доллар (гуруҳ)

— Premium: 150 доллар (индивидуал, 3 соат)

— Болалар: 30 доллар

Кечқурунги соатларда нархлар талабга қараб ўзгариши мумкин. Чипталар онлайн ва марказ кассаларида сотилади. Электрон билетлар QR-код билан таъминланган.

Чипта нархига кўп тилли профессионал гидлар ҳамроҳлиги, ноёб экспонатлар ва тарихий артефактлар билан танишиш ҳамда Марказий Осиёнинг жаҳон илми ва ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини акс эттирувчи намойишлар киради.

Чипталар белгиланган вақт оралиқлари бўйича сотилади, бу эса навбатларнинг олдини олиш ва ташрифчилар оқимини тартибга солишга хизмат қилади.

Қонунчиликка мувофиқ қуйидаги тоифалар учун имтиёзлар мавжуд:

— I ва II гуруҳ ногиронлари

— ногирон болалар ва уларнинг ҳамроҳлари

— “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари

— Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари

Экскурсиялар ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилади.

Ташрифчилар Қуръон залига кириш имконига эга бўладилар. У ерда бир миллиондан ортиқ Swarovski кристаллари ёрдамида яратилган архитектуравий-бадиий мэппинг орқали нурли динамик муҳит ҳосил қилинган. Дастурга тўртта “вақт капсуласи” ҳам киритилган бўлиб, улар турли тарихий даврларга шўнғиш имконини беради. Интерактив ва рақамли инсталляциялар орқали минтақанинг илмий ва маданий мероси намоён этилади.

Марказда робот-гидлар, кўп тилли аудиогидлар ва виртуал саёҳат форматлари каби қўшимча хизматлар ҳам жорий этилмоқда.

Шунингдек, ижтимоий дастурлар ишлаб чиқилмоқда:

— мактаб ўқувчилари ва талабалар учун имтиёзли ташрифлар

— ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар учун бепул дастурлар

Марказ кутубхонасига кириш бепул бўлади. Ёшлар учун таълимий майдонлар, семинарлар, тренинглар ва танловлар ташкил этилади. Ёш тадқиқотчилар учун махсус дастурлар ва коворкинг зоналар ҳам яратилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид