Ўзбекистон | 21:34 / 23.03.2026
4021
7 дақиқада ўқилади

Аҳолининг экологик маданиятини ошириш учун “10 минг қадам пиёда” ташаббуси тикланади

Президент ҳузурида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот ўтказилди. Унда қайд қилинишича, аҳоли орасида экологик маданиятни ошириш учун “10 минг қадам пиёда” ташаббусини тиклаш, “Соғлом турмуш тарзи” платформасини ишга тушириш, шунингдек, Самарқанд шаҳрида халқаро эко-кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.

Фото: Getty images

Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди.

Аввало, “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида режалаштирилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрдан юқори бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термиз шаҳарларида ҳам қайд этилмоқда. Ҳаво ифлосланишининг асосий омиллари сифатида саноатнинг ўсиши, углерод ёқилғиларидан кенг фойдаланиш, транспорт воситалари сонининг кўпайиши, табиий омиллар ва назоратнинг етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан 2030 йилга қадар атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат объектларида ташламаларни ушлаб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ҳамда PM2,5 бўйича меъёрдан ошиш кузатиладиган кунлар сонини пасайтириш асосий мақсадлар этиб белгиланган.

Амалга оширилган тезкор чоралар натижасида Тошкент шаҳрида ҳаво сифати муайян даражада яхшиланган. Жумладан, 2026 йил январь-февраль ойларида PM2,5 концентрацияси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли пасайган. Энди бу йўналишда ҳудудий дастурлар босқичма-босқич қабул қилиниб, ҳар бир вилоятда таҳлил ва диагностика, ягона ҳаво мониторинги ҳамда ифлосланиш манбаларини инвентаризация қилиш ишлари ташкил этилади.

“Тоза ҳаво” лойиҳасида энергетика ва саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилган. Маҳсулотининг маълум қисмини муқобил энергия ҳисобига ишлаб чиқарадиган корхоналарга солиқ имтиёзлари ва молиявий рағбатлар бериш, автоматик мониторинг станциялари, фильтрлар, чанг-газ тозалаш ҳамда энергия самарадор ускуналарни кенг жорий этиш кўзда тутилган. Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги саноат корхоналарида мажбурий автоматик мониторинг постлари ўрнатилиб, уларнинг маълумотлари ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади. Бундай талабларга амал қилмаган субъектлар учун компенсация тўловлари кескин оширилади.

Қурилиш соҳасида ҳам экологик талаблар кучайтирилади. Янги қуриладиган йирик объектларни лойиҳалаштиришда кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, қурилиш материалларини ёпиқ шароитда сақлаш, чиқиндиларни махсус қувур ва контейнерлар орқали тушириш, майдонларни ҳимоя тўсиқлари билан ўраш, онлайн кузатув камераларини ўрнатиш каби талаблар белгиланмоқда.

Шунингдек, “шамол йўлаклари”ни сақлаш, экологик экспертиза хулосасини қурилиш жараёнларида мажбурий ҳисобга олиш, шаҳарнинг экологик ва сув ресурсларини бошқариш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Табиий чанг омилларини камайтириш бўйича ҳам аниқ чоралар белгиланган. Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ” барпо этиш, Сурхондарё ва Сирдарёда чанг бўронларининг олдини олиш учун “яшил девор”лар ташкил қилиш, сунъий кўллар ва сув ҳавзаларини барпо этиш, пойтахт туманларида фаввораларнинг сонини кўпайтириш, баргларни компост ва мульча сифатида қайта ишлаш амалиётини йўлга қўйиш шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси ҳаво таркибидаги чанг заррачаларини камайтириш ва шаҳар муҳитини соғломлаштиришга хизмат қилади.

Транспорт соҳасида ҳавони муҳофаза қилиш бўйича алоҳида йўналишлар ҳам белгиланган. Мотор ёқилғиси стандартларини босқичма-босқич кучайтириш, автотранспорт воситаларини “қизил”, “сариқ” ва “яшил” стикерларни берган ҳолда экологик тоифаларга ажратиш, техник кўрикни экологик талаблар билан боғлаш, эски автотранспортни янгилаш дастурларини амалга ошириш, жамоат транспорти улушини ошириш назарда тутилмоқда. Бу орқали йўл ҳаракати билан боғлиқ ифлосланиш ҳажмини қисқартириш, айниқса, йирик шаҳарлар марказида ҳаво сифатини яхшилаш мақсад қилинган.

“Экомаданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни бир-бирига боғлаган ҳолда янги тизим яратиш режалаштирилган.

Мазкур соҳада халқаро стандартларга мос мутахассислар етишмаётгани, аҳоли ўртасида экологик онг ва барқарор одатлар ҳали етарли даражада шаклланмагани, инновация ва иқлим технологияларини амалиётга жорий қила оладиган кадрлар тақчиллиги мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 14 та ҳудудда “яшил техникумлар” ташкил этилиб, улар “Green University” тизимига академик ҳамкорлик асосида бириктирилади.

Лойиҳага кўра, тайёрланадиган ўқувчи ва талабалар сони йил сайин оширилиб, 2028-2029 ўқув йилига бориб, 10 минг нафарга етказилади. Бакалавриат ва магистратурада атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, яшил иқтисодиёт, атроф-муҳит муҳандислиги, иқлим ўзгариши, чўлланишга қарши курашиш, барқарор шаҳарсозлик, барқарор энергия алмашинуви каби янги йўналишлар очилади. Таълим жараёнида дуал тизим жорий қилиниб, назарий билим билан амалиёт уйғунлаштирилади. Университет таълим тизимини ривожлантириш, илмий-инновацион лойиҳалар ва тарғибот ишлари учун катта миқдорда маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Аҳоли орасида экологик маданиятни ошириш учун “10 минг қадам пиёда” ташаббусини тиклаш, “Соғлом турмуш тарзи” платформасини ишга тушириш, шунингдек, Самарқанд шаҳрида GEF-8 ассамблеяси ва “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.

Тақдимотда чўлланишга қарши кураш стратегияси лойиҳаси ҳам алоҳида кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоизи арид зонадан иборат бўлиб, ерларнинг 70 фоиздан ортиғи деградацияга учраган. Ер ресурсларининг ёмонлашуви иқтисодиётга ҳар йили 830 миллион доллар зарар келтирмоқда. Орол денгизининг қуриши натижасида 3 миллион гектар майдон яроқсиз ҳолга келган ва ҳудуднинг 56 фоизи шамол эрозияси таъсири остида қолган.

Шу муносабат билан “Green University” ҳузурида минтақавий қўшма илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу марказ чўлланишни бошқариш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи илмий хабга айланиши кўзда тутилмоқда. Марказ таркибида 15 та ихтисослашган лаборатория фаолият юритади, спутник маълумотлари, GIS ва масофадан зондлаш технологиялари асосида ерлар ҳолатини рақамли мониторинг қилиш йўлга қўйилади, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар бўйича генетик банк шакллантирилади, тупроқнинг кимёвий ва физик таҳлил тизими такомиллаштирилади. Бунинг натижасида чўлланишни прогноз қилиш ва хариталаш миллий тизими яратилади, Оролбўйи ва қурғоқ ҳудудларда яшил қоплама кенгайтирилади, яйловлардан барқарор фойдаланиш ҳамда чўл иқтисодиёти моделлари жорий этилади.

Давлат раҳбари тақдимот қилинган лойиҳаларнинг экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, шаҳар ва қишлоқ муҳитини янада қулайлаштириш, шунингдек, ушбу соҳада илм-фан ва замонавий технологияларни кенг жорий этишдаги муҳим аҳамиятини қайд этиб, уларни маъқуллади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид