Иқтисодиёт | 20:45
1159
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Трамп жамоаси нефт нархи 200 долларга чиқишига тайёрланмоқда

Америкалик расмийлар АҚШ барча кутилмаган сценарийларга, жумладан, Яқин Шарқдаги можаро узоқ чўзилишига тайёр бўлишига ишонч ҳосил қилмоқчи.

Фото: Getty Images

Доналд Трамп маъмурияти расмийлари нефт нархи бир баррел учун 200 долларгача чиқадиган бўлса, иқтисодиёт қай аҳволга тушишини ўрганмоқда, деб хабар берди Bloomberg вазиятдан хабардор бўлган манбаларига таяниб.

Нашр суҳбатдошлари кескинлик даврида нефт нархи кескин кўтарилиши шароитидаги иқтисодиётни моделлаштириш мунтазам равишда ўтказилиши ва бу прогноз ҳисобланмаслигини қайд этишган. Уларнинг сўзларига кўра, бу орқали маъмурият мамлакат барча эҳтимолий сценарийларга тайёр туришига ишонч ҳосил қилмоқчи.

Яқин Шарқдаги уруш бошланишидан олдин ҳам молия вазири Скотт Бессент эҳтимолий можаро нефт нархи ошишига олиб келиши борасида хавотир билдирганди, дейишмоқда манбалар. Улар вазирлик ходимлари бир неча ҳафта мобайнида ўз хавотирларини Оқ уйга билдириб келишганини қўшимча қилишган.

Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Куш Десаи эса маъмурият ҳар доим турли сценарийлар ва иқтисодий оқибатларни баҳоласа-да, нефт нархи бир баррел учун 200 долларгача кўтарилиши эҳтимолини кўриб чиқмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Бессент «Эпик ғазаб» амалиётини ўтказиш натижасида юзага келган қисқа муддатли тебранишлардан «ташвишга тушмаган».

Bloomberg агентлиги қайд этишича, бир неча ой ичида нефт нархи бир баррел учун 170 долларга кўтарилиши ҳам АҚШ ва Европада инфляцияни тезлаштиради ва иқтисодий ўсиш суръатларини пасайтиради, бир баррел учун 200  долларлик нарх эса «жаҳон иқтисодиёти учун оғир зарба»га айланади. АҚШда аллақачон бензин учун нархлар 30 фоизга ошгани сезиларли таъсирга айланди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид