Нақдсиз тўлов тартиби туфайли, 1 апрелдан бошлаб аҳолида қўлидаги нақд пулини картага киритишга бўлган талаб кескин ошади. Лекин амалиётда картани банкомат ёки терминал орқали тўлдирганда, 3 фоизгача комиссия олинади. Марказий банк раиси биринчи ўринбосари бу бозор ва рақобат масаласи экани, регулятор бунга аралаша олмаслигини айтди. “Қайси банк қулай таклиф берса, мижоз ўшани танлайди”, деди у.

27 март куни ўтказилган матбуот анжуманида 1 апрелдан бошлаб жорий этиладиган янги тартиб – бир қатор тўловлар ва савдоларни тўлиқ нақдсиз шаклга ўтказиш механизмларини батафсил тушунтирди.

Янги тартибга кўра, коммунал тўловлар, давлат хизматлари, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек кўчмас мулк ва ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган автотранспорт воситалари олди-сотдиси фақат нақдсиз шаклда амалга оширилади.

Расмийлар бу қарор ортида турган асосий мақсадни – шаффоф иқтисодиётга ўтиш ва тўловларни соддалаштириш билан изоҳлади.

“Бу – фуқаролар учун қулайлик яратиш, тўловларни тез ва узлуксиз амалга ошириш учун қилинмоқда”, деди Марказий банк раиси ўринбосари Нодир Сайдуллаев.

Унинг таъкидлашича, асосий вазифа – шундай тизим яратишки, фуқаро тўлов усули сабаб товар ёки хизматсиз қолмасин. Шу мақсадда банклар томонидан “лаҳзалик карталар” жорий этилмоқда. Масалан, ёқилғи қуйиш шохобчасига келган мижозда карта бўлмаса, унга жойида карта расмийлаштириб берилиши мумкин. “Фуқаро хизматдан фойдаланмай чиқиб кетмаслиги керак – биз шароитни шунга мослаяпмиз,” деди Сайдуллаев.

Брифингда муҳокама қилинган масалалардан бири – банк комиссиялари бўлди. Расмий маълумотга кўра, давлат банклари кўчмас мулк операциялари учун максимал 206 минг сўм, автомобил савдоси учун эса 103 минг сўм миқдорида комиссия белгилаган.

Мисол тариқасида келтирилишича, “400 миллион сўмлик уй сотиб олишда илгари ўртача 0,5 фоиз, яъни 2 миллион сўм комиссия тўланган бўлса, энди бу сумма атиги 206 минг сўмни ташкил этади”.

Статистик маълумотлар ҳам эътиборга лойиқ: 2025 йилда Ўзбекистонда 600 мингга яқин автомобил ва 300 мингга яқин кўчмас мулк олди-сотдиси амалга оширилган. Бу эса янги тизим қанчалик катта ҳажмдаги операцияларни қамраб олишини кўрсатади.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев эса янги тартибнинг қамрови ҳақида аниқ рақамларни келтирди. Унинг сўзларига кўра, “28 минг турдаги маҳсулот ушбу талабга тушади, бу эса сотувдаги умумий маҳсулотларнинг 7 фоизини ташкил этади”. Шундан 22 мингдан ортиғи алкогол ва тамаки маҳсулотларига тўғри келади. Яна 5 мингта маҳсулот – қиймати 25 млн сўмдан юқорилиги учун шу тартиб доирасига тушади.