Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европада таносил касалликлари кескин кўпайди
Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) маълумотларига кўра, 2024 йилда Европада жинсий йўл билан юқувчи инфекциялар рекорд даражага етган. Айниқса, гонорея, сифилис ва туғма сифилис ҳолатларининг кескин кўпайиши мутахассисларда жиддий хавотир уйғотмоқда.
Фото: AP
ECDC томонидан 21 май куни эълон қилинган пресс-релиз ва ҳисоботларда қайд этилишича, 2024 йилда Европада гонорея билан касалланиш ҳолатлари 106 минг 331 тани ташкил этган. Бу 2015 йилга нисбатан 303 фоизга кўпдир.
Шу давр мобайнида сифилис билан касалланиш ҳолатлари икки баравардан ортиқ ошиб, 45 минг 577 нафарга етган. Хламидиоз эса 213 минг 443 ҳолат билан энг кўп қайд этилган жинсий йўл билан юқувчи инфекция бўлиб қолмоқда.
ECDC инфекциялар бўлими раҳбари Бруно Чианчионинг таъкидлашича, сўнгги 10 йилда венерик касалликлар сони мунтазам ошиб келмоқда ва 2024 йилда бу кўрсаткич рекорд даражага чиққан.
Унинг сўзларига кўра, даволанмаган ҳолларда бундай инфекциялар сурункали оғриқ, бепуштлик, сифилис ҳолатида эса юрак ва асаб тизими билан боғлиқ жиддий асоратларга олиб келиши мумкин.
Мутахассислар касаллик аломатлари пайдо бўлганда зудлик билан текширувдан ўтиш муҳимлигини яна бир бор эслатди.
Ҳисоботда таъкидланишича, касалликларнинг тарқалиш тенденцияси турли аҳоли гуруҳларида ҳар хил кечмоқда. Хусусан, айрим эркаклар орасида гонорея ва сифилис билан касалланишнинг узоқ муддатли ўсиши энг юқори даражада қайд этилган.
Шу билан бирга, баъзи аҳоли орасида ҳам, айниқса репродуктив ёшдаги аёллар ўртасида сифилис ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса туғма сифилис ҳолатларининг деярли икки баравар ошишига сабаб бўлган.
Маълумотларга кўра, 2023 йилда Европанинг 14 давлатида 78 та туғма сифилис ҳолати қайд этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 140 тага етган.
ECDC мутахассислари инфекциялар тарқалишининг олдини олиш учун профилактика хизматларини кенгайтириш, тест топшириш имкониятларини осонлаштириш, тезкор даволаш ва беморларнинг жинсий шерикларини ўз вақтида хабардор қилиш тизимини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Марказ Европа давлатлари соғлиқни сақлаш идораларини жинсий йўл билан юқувчи инфекцияларга қарши миллий стратегияларни янгилаш ва эпидемиологик назорат тизимларини мустаҳкамлашга чақирган.
Мавзуга оид
08:21 / 20.05.2026
Дунёдаги энг йирик электр энергияси манбалари рейтинги
08:49 / 19.05.2026
АҚШ ва Канада шаҳарлари Европага кўчирилса, қаерга тўғри келади?
18:11 / 30.04.2026
2025 йилда глобал ҳарбий харажатлар рекорд даражага етди
10:53 / 24.04.2026