Жаҳон | 22:14 / 01.04.2026
6175
8 дақиқада ўқилади

Қимматга тушган таъзия. Инглиз тилидаги ҳамдардлик Канададаги амалдорлардан бирининг лавозимидан айрилишига сабаб бўлди

Air Canada авиакомпанияси бош директори Майкл Руссо француз тилида гапира олмаслиги боис можаро марказида қолди.

Фото: Getty images

Ўтган ҳафта Ла-Гуардия аэропортида юз берган ҳалокатли тўқнашув Air Canada учун оғир даврни бошлаб берди. Душанба куни авиакомпания бош директори тез орада истеъфога чиқишини эълон қилди.

Майкл Руссо икки учувчи ҳалок бўлган ҳодиса ортидан кескин танқидларга учрагач, лавозимини тарк этди.

Бироқ норозиликнинг асосий сабаби тўқнашувнинг ўзи эмасди. Руссо ҳамдардлик билдиришда инглиз тилидан фойдалангани танқидларга сабаб бўлди.

Бош вазир Марк Карни видеомурожаатни «ҳамдардликнинг йўқлиги» деб баҳолади, француз тилида сўзлашувчи Квебек сиёсатчилари эса Руссони истеъфога чиқишга чақиришди.

Канадада инглиз тилидаги видео нима учун бундай катта баҳсларга сабаб бўлди?

Ҳамдардликдан можарогача

Фото: AFP

22 март куни кечқурун Монреалдан учган Air Canada самолёти Ню-Йоркда қўниш пайтида тез ёрдам машинаси билан тўқнашиб кетди. Оқибатда икки учувчи ҳалок бўлди, ўнлаб йўловчилар жароҳатланди.

Бу Air Canada учун сўнгги 40 йилдан ортиқ вақт ичидаги ўлим билан тугаган илк авиаҳалокат бўлди.

Эртаси куни авиакомпания ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Руссонинг тўрт дақиқалик видеомурожаатини эълон қилди. У видеомурожаатда буни «жуда оғир кун» деб атади ва ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирди. Мурожаат инглиз тилида бўлиб, иккала расмий тилда субтитрлар билан берилган эди.

Хабарларга кўра, шу заҳоти Канаданинг расмий тиллар масалалари бўйича вакилига ўнлаб шикоятлар келиб тушган. Шу куни туш пайтига келиб парламент қўмитаси бир овоздан Руссони «изоҳ бериш учун» чақиришга қарор қилди.

Квебек сиёсатчилари Руссони ҳалок бўлган учувчилардан бири — квебеклик Антуан Форест оиласига нисбатан «очиқдан-очиқ ҳурматсизлик»да айблади.

Бундан ташқари, провинция қонун чиқарувчилари бош директорни истеъфога чиқишга чақирувчи тавсиявий қарор қабул қилди.

Канадалик ёзувчи Жек Жедваб La Presse газетасида Руссонинг француз тилини билмаслиги Air Canada ходимларининг «икки тиллилик қадрият эмас, балки чеклов» деган хулосага келишлари ҳақида ёзди.

«У авиакомпания вакили бўлишга лойиқ эмас», — деб ёзди Жедваб.

Уч кундан сўнг авиакомпания Руссонинг узр сўраган мурожаатини эълон қилди. У айтган сўзлари азадорларга нисбатан эътиборни камайтирганидан «чуқур афсусда» эканини билдирди.

У шунингдек, кўп йиллик машғулотларга қарамасдан, унинг французчаси ҳали ҳам етарли даражада эмаслигини тан олди.

Бир неча кундан сўнг Air Canada 68 ёшли Руссо сентябргача лавозимини тарк этишини маълум қилди.

Авиакомпания вакили The Wall Street Journal нашрига бу қарор «табиий равишда нафақага чиқиш вақти келгани» билан боғлиқ экани ва тил масаласига алоқаси йўқлигини айтди.

Бироқ кўпчиликда муддат борасида саволлар пайдо бўлди.

Air Canada’га хуш келибсиз / Bienvenue à Air Canada

Канададан ташқарида яшовчилар нега Руссонинг француз тилини билмаслиги бундай шов-шувга сабаб бўлганини тушунмаслиги мумкин.

Бунинг жавоби Air Canada тарихи ва унинг миллий авиакомпания сифатидаги мақоми ҳамда Канадада икки тиллиликнинг ҳуқуқий ва маданий аҳамиятида.

Авиакомпания дастлаб федерал ҳукуматга тегишли бўлган ва бошқарилган, шу боис у Канаданинг расмий тиллар тўғрисидаги қонуни таъсир доирасига тушган. Ушбу қонун билан канадаликларга давлат хизматларини инглиз ва француз тилларида олиш ҳуқуқи кафолатланган.

Air Canada 1988 йилда хусусийлаштирилган бўлса-да, ҳукумат уни икки тиллилик талабларига риоя қилишга мажбур этувчи қонунни қабул қилган, дейди Оттава университети тил ҳуқуқлари кафедраси мудири Франсуа Ларок.

«Самолёт қаерда учмасин, унга Канада миллий рамзи сифатида қаралган», — деди Ларок BBC’га берган интервюсида.

Air Canada рейсларида учганлар одатда инглиз ва француз тилларида «Welcome to Air Canada» ва «Bienvenue à Air Canada» каби эълонларни эшитишган.

Air Canada аввал ҳам икки тиллилик талабларини бузган. У 2019 йилда француз тилида сўзлашувчи оила ички рейслардаги айрим ёзувлар фақат инглиз тилида эканлигидан шикоят қилгани учун жаримага тортилган.

Руссонинг бош директор этиб тайинланиши ҳам баҳсларга сабаб бўлган, чунки у кўп йиллар давомида Монреалда яшаган бўлса-да, фақат инглиз тилида гапирган.

2021 йилда лавозимга киришганидан кейин Руссо журналистнинг француз тилида берган саволига французча жавоб беришга қийналгани оммавий ахборот воситаларининг сарлавҳасига айланганди.

«Қанақасига Монреалда яшаб туриб, французча гапирмаслик мумкин? Бу осонми?» — деб сўраган журналист аввал француз, кейин инглиз тилида.

«Иш жадвалимга қарасангиз, нега шундай эканини тушунасиз», — деб жавоб берган Руссо.

Орадан беш йил ўтгач ҳам унинг француз тилида сўзлай олмаслиги кўпчилик учун сўнгги томчи бўлди.

Ўтган ҳафтада Ла-Гуардия аэропортида юз берган ҳодиса авиакомпания учун сўнгги 40 йилдан ортиқ вақт ичидаги ўлим билан тугаган илк авиаҳалокат бўлди.

«Дунёнинг бошқа ҳеч ерида бунақаси бўлмаган»

Квебекда кўпчилик норози бўлган бир пайтда, Канаданинг бошқа ҳудудларида айримлар ушбу салбий фикрларни шубҳа остига олди.

«Дунёнинг бошқа ҳеч ерида бунақаси бўлмаган», деб ёзди торонтолик шарҳловчи Крис Селли National Post нашрида.

Бошқалар эса сиёсатчиларни франкофон сайловчиларни жалб қилиш учун вазиятдан фойдаланишда айблади.

«Икки нафар ёш инсон ҳалок бўлди. Ҳамдардлик билдиринг, ҳурмат кўрсатинг, лекин бу фожиадан сиёсий машҳурлигингизни ошириш учун фойдаланманг», — деб ёзди оквиллик Жоанн О’Хара Globe and Mail таҳририятига мактубида.

Ларокнинг сўзларига кўра, француз ва британ колониялари таъсирида пайдо бўлган икки тиллилик «Канада тарихи билан узвий боғлиқ» ва мамлакат бирлигининг бир қисми ҳисобланади.

«Агар француз тили расмий тил бўлмаганида Квебекнинг Канада таркибида қолиши эҳтимоли кам бўларди», — деди у.

Икки тиллилик шу даражада юқори аҳамиятга эгаки, ёзилмаган қоидага кўра, Канада бош вазирлигига номзод шахс ҳар икки расмий тилни билиши шарт, дея қўшимча қилди Ларок.

Канада ғарбида туғилиб-ўсган англофон Карни эса ўтган йили бош вазирликка номзодини қўйишдан олдин ўз французчасини яхшилаш устида жиддий ишлаган ва унинг француз тилини билиши эътибор марказида бўлган.

Бошқа расмий шахслар ҳам, жумладан Канада генерал-губернатори, туб аҳолининг ушбу лавозимни эгаллаган илк вакили Мэри Саймон француз тилини билмагани учун танқидга учраган.

Air Canada январ ойида бош директорлик учун номзодлар қидиришни бошлаганини маълум қилди. Авиакомпания вакилларининг сўзларига кўра, номзод танлашда турли омиллар, хусусан, «француз тилида сўзлаша олиш» салоҳияти ҳам муҳим мезон бўлади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид