Жаҳон | 20:48
1960
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эрон билан уруш давомида еттита самолётини йўқотди – ОАВ

Шунингдек, АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари 16 та MQ-9 Reaper дронидан айрилган. Пентагон бу борада расмий изоҳ бермади.

Фото: Nour News/Telegram

АҚШ Эрон билан уруш бошлаганидан буён камида еттита самолётини йўқотди, деб хабар берди CNN ўз манбаларига таяниб. 

Энг сўнгги йўқотишлар орасида F-15 қирувчи ва A-10 Thunderbolt II штурмчи самолёти бор.

Телеканал АҚШ авиацияси йўқотган яна бешта самолётни санаб ўтди:

2 март куни учта F-15 самолёти «дўстона ўт очиш» натижасида Кувайт ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилганди. 

12 март куни Ироқда KC-135 ёнилғи қуювчи самолёти ҳалокатга учради. Америка ҳарбийларининг маълумот беришича, самолёт бошқа самолёт билан тўқнашиб кетган. Таъкидланишича, иккинчи самолёт ерга қўнишга муваффақ бўлган.

27 март куни E-3 Sentry радиолокация самолёти Эроннинг Саудия Арабистонидаги Шаҳзода Султон авиабазасига ҳужуми оқибатида йўқ қилинди. 

Бундан ташқари, март ойида F-35 қирувчи самолёти эронликлар зарбасидан сўнг ҳалокатли қўнишни амалга оширган, деди CNN манбалари.

Пентагон бу хабар бўйича расмий изоҳ бермади.

Шунингдек, АҚШ 16 та MQ-9 Reaper дронини йўқотди, деб хабар берди CBS News икки нафар мансабдорга таяниб. Уларнинг маълумот беришича, охирги иккита дрон Исфаҳон ҳудудида йўқ қилинган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид