Жаҳон | 23:30 / 07.04.2026
1954
6 дақиқада ўқилади

«Алишернинг илтимосига кўра телефон қиляпман» – Лавровнинг суҳбатини тинглашди

Энди iPhone оммалашаётган вақтда қишлоқдаги «сиёсий ҳушёр» болалар «iPhone олмаслик керак, унга бармоқ изини киритса, тўғри америкаликларга юбораркан», деб ваҳима қилар, қолганлар «сенинг бармоқ изингни америкаликлар пишириб ейдими?» деб куларди.

Ўша ваҳимачилар бекорга гапирмаганми дейман-да, замон ривожланиб, энг катта сири бирор қиз билан гаплашгани бўлган қишлоқдаги бўз йигитлар у ёқда турсин, бутун бошли Америка, Россиянинг катта-катта мулозимлари ҳам бемалол телефонда гаплашолмай қолди. Журналистлар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийяртонинг телефон суҳбати аудиосини эълон қилди. Қисқа аудиода қизиқ гаплар айтилган. Хусусан, ўзбекистонликлар яхши танийдиган Алишер Усмонов ҳақида.

«Алишернинг илтимосига кўра...»

Дарвоқе, Лавров ва Сийярто ўртасидаги суҳбат аудиоси ҳаққоний, бирор томон бундай суҳбат бўлмади, деб чиқмади. Лавров амалда аудиодаги гапларни тасдиқлаб, «ҳеч қандай тақиқланган мавзуни гапирмаганман», деди. Табиийки, икки дипломат ўртасидаги суҳбатни қайсидир давлат разведка хизмати ёзиб олиб, ОАВга сиздирган. Журналистларда бунақа суҳбат эшитадиган имконият йўқ. Аудиодаги суҳбат 2024 йил 30 август куни ўтказилган. Ўша куни Сийярто Петербургга борган. Икки дипломат инглизча гаплашган. Қуйида суҳбат таржимасини келтирамиз.

Сийярто: Салом, Сергей. Мен Петерман.

Лавров: Петер, сиз ҳалиям Петербургдамисиз?

Сийярто: Йўқ, Будапештга қайтдим, бир соат бўлди.

Лавров: Россия медиаси бугун роса сиз ҳақингизда ёзди.

Сийярто: Чинданми? Мен бирор хато гап айтдимми?

Лавров: Йўқ, йўқ, Улар сиз ўз давлатингиз манфаатини прагматик тарзда ҳимоя қилаётганингиз ҳақида ёзишди.

Сийярто: О, ажойиб. Бу вазиятнинг жуда аниқ таҳлили.

Лавров: Мен сизга Алишернинг илтимосига кўра қўнғироқ қиляпман. Унинг синглисига алоқадор иш билан шуғулланяпсизми-йўқми, у ҳозиргина шу ҳақда эслатиб қўйишимни сўради.

Сийярто: Исмаилова хоним, шундайми?

Лавров: Ҳа.

Сийярто: Ҳа, албатта. Биз Словакия билан бирга уни санкция рўйхатидан чиқариш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз, кейинги ҳафта тақдим этамиз. Бу масала кун тартибида бўлади ва биз уни рўйхатдан чиқаришлари учун қўлимиздан келганини қиламиз.

Лавров: Катта раҳмат. У жуда хурсанд бўлади. У синглиси учун жуда хавотирда, тўғри тушунасиз.

Сийярто: Албатта, тушунаман.

Лавров: Барча соҳалардаги тенглик учун курашда қўлловингизни қадрлаймиз.

Европа нашрларининг ёзишича, аудиода тўлиқ суҳбат эълон қилинмаган. Лавров ва Сийярто суҳбатни давом эттириб, Европа Иттифоқидан норози эканини баён қилган. Лавров иттифоқнинг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг ҳаракатларидан хафсаласи пир бўлганини айтган. Сийярто эса Боррелни Европа Байдени деб тасвирлаган. Венгрия бош дипломати Газпромнинг Россиядаги янги штаб квартирасини мақташга ҳам улгурган.

Гап нимада ўзи?

Энди аудиога қисқача тушунтириш берсам. Россия бош дипломати Сергей Лавров Венгрия бош дипломати Петер Сийяртодан унинг мамлакати россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага нисбатан жорий қилинган Европа Иттифоқи санкцияларини бекор қилишда ёрдам беришини сўраган. Чунки Венгрия Европа Иттифоқига аъзо, ташкилот мажлисларида исталган масалани кўтариши мумкин. Лекин Гулбаҳор Исмоилова деган аёл Европа Иттифоқи рўйхатидан чиқарилиши Россия ҳукуматига нега кераклиги маълум эмас.

Қизиғи, мана шу суҳбатдан кейин Венгрия чиндан Усмоновнинг синглисига қарши санкцияларни бекор қилиш таклифини илгари суради. Суҳбатдан етти ой ўтиб Гулбаҳор Исмоилова деган аёл ва яна икки кишидан иттифоқ санкциялари олиб ташланади. Эвазига Венгрия Европа Иттифоқи икки мингдан ортиқ россияликка нисбатан санкцияларни ярим йилга узайтириш таклифини қўллашга рози бўлади.

Тушундингиз-а, Виктор Орбан бошчилик Венгрия икки мингдан ортиқ россияликка нисбатан санкциялар сақлаб қолинишига фақат Усмоновнинг синглиси рўйхатдан чиқарилиши шарти билан рози бўлади. Уч киши учун икки минг киши. Бунақасини Исроил ва Фаластин ўртасидаги асирлар алмашувида ҳам кўрмайсиз.

Венгрия ва Россия

Венгрия Россиянинг уруш давридаги энг яқин иттифоқчиларидан бирига айланди. Орбан бошчилик можарларни Шимолий Корея ва Эрондан кейин Россиянинг энг қалин иттифоқчиси десак ҳам бўлади. Чунки Орбан уруш бошланганидан буён Европа Иттифоқида Россия манфаатлари учун курашиб келади.

Охирги вақтларда иттифоқ давлатлари йиғилишлардаги гаплар Россияга тезда етказилиши, бу Венгрия вакиллари томонидан қилинишини айтиб кўп норозилик билдирди. Полша бош вазири Доналд Тускнинг айтишича, иттифоқда бу ҳақда ҳамма билади ва шунга қараб гапиришади. Тускка кўра, можарлар русларга энг кичик деталларгача етказиб турган. Washington Post'га кўра, Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Европа Иттифоқи йиғилишлари вақтида мунтазам тарзда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга қўнғироқ қилиб турган. Европаликлар ҳазиллашиб «Россия узоқ йиллардан буён музокаралар столи атрофида», дейишади.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид