Жаҳон | 23:16 / 10.04.2026
6563
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг баланд осмонўпар бинолардан бири 18 йиллик танаффусдан сўнг қуриб битказилади

Осмонўпар бино қурилиши 2009 йилда бошланган, аммо 2015 йилда биржа қулаши туфайли унга эгалик қилувчи компания банкрот бўлган ва қурилиш тўхтатиб қўйилган эди.

Фото: Xinhua

Хитойда, афтидан, аллақачон амалга ошириб бўлмайдиган ҳаддан ташқари амбициялар рамзига айланган дунёдаги энг баланд тугалланмаган осмонўпар бино қуриб битказилади. Бу ҳақда Ҳонконгнинг South China Morning Post нашри ёзди.

«Бир пайтлар дунёдаги энг баланд ташландиқ осмонўпар бино деб аталган, Хитой шимолидаги Goldin Finance 117 биноси қурилиши якуний босқичга ўтган кўринади», дейилади мақолада.

Осмонўпар бино қурилиши 2009 йилда бошланган, аммо 2015 йилда биржа қулаши туфайли унга эгалик қилувчи компания банкрот бўлди ва қурилиш тўхтатиб қўйилди. Бироқ энди объектдаги ишлар қайта тикланди. Хусусан, март ойи охирида ишчилар осмонўпар бино томига ромб шаклидаги тожни ўрнатишни бошлагани ҳақида хабар берилди.

Бино мамлакат шимоли-шарқидаги Тянжин порт шаҳрида жойлашган. Агар объект лойиҳага мувофиқ қуриб битказилса, унинг баландлиги 596 метр бўлиб, дунёдаги энг баланд 5- ёки 6- осмонўпар бинога айланади.

Қурилиш ўтган йили объект эгасининг қарзларини реструктуризация қилиш ва уни давлат инвесторлари томонидан сотиб олиш туфайли қайта тикланди. Ҳозир объект Хитой кўчмас мулк бозорини барқарорлаштириш ва унга бўлган ишончни тиклаш учун муҳим лойиҳа сифатида намоён бўлмоқда. Ишлар 2027 йилда якунланиши кутилмоқда.

Хитой давлат оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, осмонўпар бинонинг ички майдонлари бўлажак ижарачилар ўртасида аллақачон тақсимланган. Биноларни 17 та компания ижарага олади, улардан 7 таси давлатга тегишли.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид