Жаҳон | 08:58
1482
3 дақиқада ўқилади

Трамп Эрондан танкерлардан ҳақ олмасликни талаб қилди

Доналд Трамп Эрон ҳокимиятига мурожаат қилиб, Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган танкерлардан тўлов олмасликни билдирди. Унинг айтишича, “нефт жуда тез орада яна оқа бошлайди”.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳронни Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган нефт танкерларидан тўлов ундирмаслик ҳақида огоҳлантирди.

“Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган танкерлардан ҳақ олаётгани ҳақида хабарлар келмоқда — улар бундай қилмагани маъқул, — деб ёзди у 9 апрел, пайшанба куни кечқурун ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида. — Агар бу ростдан ҳам шундай бўлса, буни дарҳол тўхтатиши керак!”

Бошқа бир постида Трамп Эронни Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ўтказиш масаласида “жуда ёмон ишлаяпти”, деб танқид қилди: “Айримлар ҳатто буни инсофсизлик дейиши ҳам мумкин. Бу биз келишган нарса эмас!”

Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари Эрон “унинг саъй-ҳаракатлари туфайли” ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслигини таъкидлади ва яқин орада нефт “яна оқа бошлашини” айтди: “Бу Эрон ёрдамида бўладими ёки усиз — мен учун фарқи йўқ”.

8 апрелга ўтар кечаси АҚШ ва Эрон узоқ давом этган жанглардан сўнг икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди.

Айни пайтда, Теҳрон ҳокимияти Ҳўрмуз бўғозини қайта очишга тайёр эканини билдирган, аммо уни ўз назорати остида сақлаб қолиш ва у ердан ўтаётган кемалардан тўлов ундириш нияти борлигини ҳам маълум қилган.

Kpler таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинганидан кейин бўғоз орқали атиги бир нечта кема ўтган, жумладан, Эрон байроғи остидаги икки танкер ҳам.

Дунёда нефт ташиш учун энг муҳим йўллардан бири ҳисобланган мазкур бўғоз орқали қатновни қайта тиклаш Трампнинг сўнгги ҳафталарда Эронга қўйган асосий талабларидан бири бўлган.

Мутахассислар таъкидлашича, Ислом Республикаси АҚШ бошлаган ҳарбий ҳаракатларга жавоб сифатида бўғозни тўсиб қўйгач, нефт нархлари ошиб кетган ва бу Трампни анча мураккаб вазиятга солиб қўйган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид