Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эронда Али Хоминаий дафн этилди
Эроннинг Машҳад шаҳрида мамлакатнинг собиқ олий раҳбари Али Хоминаийни дафн этиш маросими ёпиқ форматда ўтказилди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситаларига таяниб dpa ахборот агентлиги хабар берди.
Маросим олти кун давом этган мотам тадбирларининг якуний қисми бўлди. Хоминаий АҚШ ва Исроил томонидан унинг қароргоҳига амалга оширилган ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлгани маълум қилинган эди.
Хоминаий Машҳад шаҳрида жойлашган Имом Ризо мақбараси ҳудудида дафн этилди. Бу мажмуа шиа мусулмонлари учун энг муқаддас зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади ва ҳар йили миллионлаб зиёратчиларни қабул қилади. Шунингдек, ҳаво ҳужуми вақтида ҳалок бўлган Хоминаийнинг оила аъзолари ҳам шу ерга қўйилди.
Мазкур мақбарада 2024 йилда вертолёт ҳалокатида вафот этган Эроннинг собиқ президенти Иброҳим Раисий ҳам дафн этилган.
Мўжтабо Хоминаий ҳали ҳам жамоатчиликка чиқмади
Мотам маросимлари давомида Али Хоминаийнинг ўғли Мўжтабо Хоминаий бирор марта ҳам омма олдида кўриниш бермади. Расмий маълумотларга кўра, олий раҳбар лавозими унга ўтган бўлса-да, у 28 феврал куни амалга оширилган ҳаво ҳужумидан буён жамоатчилик олдига чиқмаган.
Турли оммавий ахборот воситалари унинг узоқ вақт кўринмаслигига оид турли тахминларни илгари сурмоқда. Айрим манбаларга кўра, у ҳужум вақтида оғир жароҳат олган, бироқ ўз вазифаларини бажариш имкониятини сақлаб қолган. Яна бир версияга кўра, Исроил томонидан эҳтимолий янги ҳужум хавфи туфайли Эрон раҳбарияти унинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жамоат олдига чиқишини чеклаган.
Эроннинг Fars агентлиги маълум қилишича, Мўжтабо Хоминаий 19 июл куни Қум шаҳрида бўлиб ўтадиган яна бир хотира маросимида биринчи марта омма олдига чиқиши кутилмоқда. Ушбу тадбирда у отаси хотирасига бағишланган нутқ сўзлаши режалаштирилган.
Мотам тадбирлари бир неча шаҳарда ўтказилди
Али Хоминаий билан хайрлашув маросимлари 4 июл куни бошланди. Дастлаб унинг тобути Теҳрондаги маросимга қўйилди. Кейин эса Қум шаҳрига, шундан сўнг Ироқнинг шиалар учун муқаддас ҳисобланган Нажаф ва Карбало шаҳарларига олиб борилди.
Эрон расмийлари маълумотига кўра, фақат Теҳрон шаҳридаги хайрлашув маросимида 20 миллионгача одам қатнашган.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги вазият яна кескинлашди
АҚШ президенти Доналд Трамп 4 июл куни Вашингтон Эрондаги мотам маросимлари муносабати билан музокараларда бир ҳафталик танаффус қилганини билдирган эди. У, шунингдек, Хоминаий билан хайрлашиш учун йиғилган одамлар сони кутилганидан анча кўп бўлганини айтган.
Бироқ орадан икки кун ўтиб, минтақадаги кескинлик яна кучайди. Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги бир нечта танкерга ҳужум қилди. Давлат телевидениеси бу ҳаракатни кемалар Теҳрон билан келишмасдан ҳаракатлангани билан изоҳлади.
Бунга жавобан АҚШ Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг соҳил бўйидаги объектларига зарба берди. Кейинроқ Эрон Баҳрайн ва Кувайтдаги Америка ҳарбий базаларига ҳужум уюштирди.
Анқарада ўтган НАТО саммити давомида журналистлар билан суҳбатлашган Доналд Трамп Эрон билан ўт очишни тўхтатиш режими амалда эмаслигини ва Теҳрон билан музокаралар ўтказиш нияти йўқлигини маълум қилди. Шу билан бирга, АҚШ маъмурияти вакиллари томонлар ўртасидаги дипломатик мулоқот зарбалар алмашинувига қарамай давом этаётганини таъкидламоқда.
Мавзуга оид
20:35 / 09.07.2026
АҚШ–Эрон эскалацияси сулҳ тугаганини англатадими?
10:20 / 09.07.2026
АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди. Эронда 3 киши ҳалок бўлди
15:08 / 08.07.2026
Трамп: Эрон билан тузилган муваққат келишув «тугади»
13:28 / 08.07.2026