Жаҳон | 17:32
687
9 дақиқада ўқилади

Илм-фан учун жонини хатарга қўйган олим – франциялик геолог чуқур ғорда ёлғиз яшаб қандай кашфиётлар қилганди?

1972 йилда француз геологи АҚШдаги чуқурлиги 134 метр бўлган ғорга тушади ва у ерда бир муддат яшайди. Бу ишдан мақсад – вақт белгиларисиз инсон онгида нималар содир бўлишини билиш эди. Геолог олти ойдан сўнг Ер юзасига чиқади. Шунда у вақтни ҳисоблашда бир ойга адашгани маълум бўлади. Геологнинг бу иши илм-фан тараққиётига хизмат қилади.

Дунёда илм-фан равнақи учун турли тажрибалар ўтказган ва бу жараёнда ўз жонини, соғлигини хатарга қўйганлар жуда кўп. Ҳозир ҳикоя қилмоқчи бўлган одамимиз ҳам ана ўшаларнинг бири ҳисобланади.

Франция фуқароси, касби геолог-ғоршунос бўлган Мишел Сиффр бундан 54 йил олдин чуқур ғорларнинг бирига тушиб, у ерда вақтдан узилиб олти ой яшайди.

Бу иш Мишелнинг ҳаётидаги биринчи бундай ҳодиса эмасди. У аввал ҳам бир неча марта турли ғорларда маълум вақт яшаганди.

corbisimages.com

Ғорларда яшовчи геолог-ғоршунос

1939 йилда Франциянинг Ницца шаҳрида туғилган Мишел Сиффр илк бор ғорга кирганида 10 ёшда эди. Ўшанда у дўсти билан Франция Алп тоғларида жойлашган ғорга киради ва у ердаги ажойиботдан ҳайратда қолади.

Мишел 16 ёшида академик Жак Бургарнинг ўқувчисига айланади ва геология ҳамда уммонлар ҳақида маълумот берувчи океанография фанларини чуқур ўргана бошлайди.

У ўша пайтда бир томондан Ўрта Ер денгизига тушиб, сувости дунёсини ўрганади. Иккинчи томондан дўсти билан Алп тоғларидаги турли ғорларга кириб чиқади.

Мишел 20 ёшда эканида геология бўйича диплом ишини муносиб ҳимоя қилади. Сўнг ғорларни ўргана бошлайди. 1960 йилда 21 ёшли Мишел Шри-Ланкадаги ғорни ўрганиш учун борадиган экспедицияга қўшилиш учун грантни ютиб олади.

Бир муддат Осиё жанубида бўлгач, Францияга қайтади. Сўнг 1961 йилда Алп тоғларининг Франция ва Италия чегарасида жойлашган қисмини ўрганиш мақсадида ташкил этилган гуруҳга раҳбарлик қилади.

blog.mutewatch.com

Биринчи синов-тажриба

1962 йилда 23 ёшли Мишел инсоннинг биологик ритмларини кузатиш мақсадида биринчи синов тажрибасини ўтказишни бошлайди. Бу учун у чуқур ғорларнинг бирида соат, тақвим ишлатмасдан, қуёшни кўрмасдан яшаб кўришга қарор қилади.

Мишел танлаган жой Алп тоғларининг Францияга тегишли қисмида жойлашган Скарассон ғори эди. Ўшанда геолог бу ғорда 130 метр чуқурликка тушади ва у ерда 63 кун яшайди.

Ғорда унда соат ва саналарни кўрсатадиган ҳеч нарса йўқ эди. Мишел вақтни тахминан ҳисоблаб боради. Тажриба якунида унинг ҳисоби бўйича 1962 йил 20 август бўлиши керак эди.

Бироқ у ғордан чиққанда сана 1962 йил 14 сентябрни кўрсатиб турарди. Мишел 25 кунга адашганди. Ўшанда олимлар инсоннинг ички биологик ритми 25 соатлик режимда ишлашини аниқлашади.

“Мен ғорга 16 июл куни кирган эдим ва тажрибани 14 сентябрда якунлашни режалаштирган эдим. Жамоам ташқарига чиқиш куни келганини хабар қилганида мен эндигина 20 август деб ўйлагандим. Ғорда ҳали бир ой вақтим бор деб ҳисоблаб келаётгандим”, деган эди у кейинчалик.

Ўшанда франциялик ёш тадқиқотчининг икки ой чуқур ғорда яшаши ОАВ орқали кенг ёритилади ва бу синов тажрибаси Мишелнинг дунё бўйлаб танилишига сабаб бўлади.

presse.ffspeleo.fr

Иккинчи синов-тажриба

1972 йилда Мишел Сиффр бир пайтлар ўзи бошлаган тажрибани давом эттириш мақсадида яна ғорда яшаб кўришга қарор қилади. Бу сафар янада чуқурроқ ғор танланади ва яшаш муддати ҳам узайтирилади.

Мишел иккинчи синов-тажрибасини ўтказиш учун АҚШнинг Техас штатидаги “Миднайт” деб номланган ғорни танлайди. 1972 йилда у керакли жиҳозлар билан 134 метр чуқурликка тушади. Сўнг тақвим ва соатсиз ўша ерда яшай бошлайди.

“Миднайт”даги кун тартиби ҳам Алп тоғларидаги ғорда ўтказилган жараён билан бир хил эди. Мишел вақтни чамалаб ухлайди, дам олади ва овқатланади.

У барча жараённи ўзи билан алоқада бўлиб турган тадқиқотчилар гуруҳига хабар бериб туради. Гуруҳ Мишелнинг кун тартибини тўлиқ ёзиб боради, бироқ вақт ва сана ҳақида унга айтмайди.

Бу сафар Мишел ғорда олти ойдан зиёд, аниқроғи 206 кун вақт ўтказади. Бу давр мобайнида у депрессияга тушиб қолади. Ускуналари ишдан чиқади, китоб ва журналлари нам тортиб, моғорлай бошлайди. Бироқ Мишел ортга чекинмайди ва бошлаган тажрибасини давом эттиради.

elbauldejosete.wordpress.com

Ўшанда у ўз кундалигига “ҳаётимдаги энг қийин даврни бошдан ўтказяпман. Умримни бу беҳуда тадқиқотга сарфлаяпман”, деб ёзиб қўяди.

Ғорда бир неча ой яшаган Мишел бир неча марта 48 соатлик жараёнга ўтади. У 12 соат ухлаганидан сўнг 36 соат давомида бедор бўла бошлайди.

“1972-йилда Техасда мен икки марта 48 соатлик жараённи бошдан ўтказдим. Ўшанда икки соат ухлагач, 36 соат бедор бўлдим. Мен бу “узун кунларни” йигирма тўрт соат давом этадиган оддий кунлардан ажрата олмасдим. Ўшанда ғорда ёзган кундалигимни ўрганиб чиқдим, вақт бир жараёндан бошқасига ўтганини билдим. Бироқ бу кунларни ўзгача кечирганимга ҳеч қандай далил йўқ эди. Мен 48 соатлик жараёнда ҳам одатдагидек уч марта овқатландим. Баъзан икки соат, баъзан ўн саккиз соат ухлардим, лекин уларни ажрата олмасдим. Менимча, бу барчамиз муносиб баҳолайдиган тажриба бўлди. Субъектив вақт ва танамизнинг ритмлари ниҳоятда мослашувчан”, деган эди Мишел кейинчалик.

Мишелнинг ғорга тушганига 206 кун бўлганда тадқиқотчилар гуруҳи тажрибани якунлайди ва олим Ер юзига чиқарилади. Шунда у яна ҳайратга тушади.

Чунки биринчи синовда бўлганидек, бу сафар ҳам Мишел вақт ва саналарни ҳисоблашда бир ойга яқин муддатга адашади. Ғорда у ўйлаганидан кўпроқ вақт ўтганди.

onedio.com

Ўшанда Мишелни ғордан чиқариб олишганда у жароҳатланган, руҳиятида кучли ўзгаришлар содир бўлган ҳолда эди.

Кейинги синовлар

Мишел Сиффр кейинчалик ҳам ғорларни ўрганишда давом этди ва бир қанча синовларда қатнашди. Ана шундай синовларнинг бири 1974 йилда Гватемала давлатида бўлиб ўтади. Мишел бу давлатда жойлашган ғорларнинг бирини ўрганади ва у ерда ҳам синов-тажриба ўтказади.

1988 йилда Мишел франциялик ғоршунос Вероника Ле Ген ўтказган тадқиқотда қатнашади ва 111 кун Франциядаги ғорларнинг бирида яшаб, ўзининг биологик ритмини ўрганади.

1999 йилда Мишел Сиффр Франциянинг Эро департаментида жойлашган Кламус ғорида икки ойдан кўпроқ вақт ёлғиз яшайди. Бу синов-тажриба ҳам инсоннинг ички биологик соати бўйича эди.

2021 йилда геолог-ғоршунос 15 кишилик гуруҳ тузади ва улар билан Франциянинг Ариеже департаментидаги Лобрив ғорига тушади. Гуруҳга яна бир олим Кристиан Клот бошчилик қилади.

www.theaustralian.com

Гуруҳда бир неча нафар аёл ҳам бор эди. Улар 40 кун давомида ғорда вақт ва санани кўрсатувчи жиҳозларсиз яшайди.

Бу тажрибадан мақсад – инсонлар ғорда гуруҳ бўлиб яшаганда ҳам Мишел Сиффр бошдан кечирган жараён содир бўладими-йўқми, шуни аниқлаш эди. Тажриба якунига етганда инсоннинг ички биологик соати гуруҳ бўлиб яшаганда ҳам ишлаши маълум бўлади.

Мишел Сиффр 2024 йил 5 августда Франциянинг Ницца шаҳрида 85 ёшида вафот этади.

Мишел Сиффр ўтказган тажрибанинг илмий аҳамияти ва оқибатлари

Техасдаги ғорга тушиш арафасида таниқли геолог ва ғоршунос бўлган Мишелнинг иккинчи синов-тажрибадан сўнг соғлиги ёмонлашади.

Унда хотира пасаяди, ўзи қаттиқ тушкунликка тушиб қолади. Шунингдек, Мишелда галлюцинациялар кузатилади. Руҳиятида ўзгаришлар бўлади.

The New York Times

Бироқ у қийналиб ўтаган тажриба натижалари илм-фан тараққиёти учун муҳим янгилик бўлади. Жумладан, уйқу билан боғлиқ касалликлар ва депрессияга учраган одамларни даволашда унинг тажрибалари қўл келади.

Бундан ташқари, Мишелнинг тадқиқотлари НАСАни қизиқтириб қолади ва америкаликлар космонавтларни парвозга тайёрлашда олимнинг тажрибаларидан фойдалана бошлайди.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид