Таълим | 07:34
894
3 дақиқада ўқилади

Илмга инвестиция: энг тез ўсган мамлакатлар рўйхати

Сўнгги йигирма йилда дунё тадқиқот ва ишланмаларга янада кўпроқ эътибор қаратди. 2024 йилга келиб, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари (ИТТКИ)га глобал харажатлар қарийб уч триллион долларга яқинлашди, ҳолбуки 2000 йилда улар бир триллион доллардан ошмас эди.

Ушбу инфографикада 2000–2024 йиллар даврида ИТТКИга ялпи харажатларнинг ўртача йиллик ўсиш суръати (CAGR) бўйича энг тез ўсган мамлакатлар келтирилган. Асос сифатида Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) маълумотлари олинган. Барча кўрсаткичлар харид қобилияти паритети (ХҚП)га тузатиш киритилган ҳолда АҚШ долларида берилган.

Рейтингда Хитой етакчи: 2000 йилдан буён унинг ИТТКИ харажатлари ўртача йилига 13,1 фоизга ўсган. Шу даврда мамлакатнинг тадқиқот ва ишланмаларга ялпи инвестициялари 40,8 миллиард доллардан 2024 йилда қарийб 786 миллиард долларгача ошган, бу эса жаҳон ҳажмининг 27 фоизига тўғри келади.

ИТТКИнинг жадал ўсиши Хитойни инновациялар бўйича асосий глобал марказлардан бирига айлантирди. 2000 йилдан буён дунёдаги барча патент аризаларининг 36 фоиздан ортиғи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келади, шунингдек, сунъий интеллект соҳасида патентлар сони бўйича ҳам етакчилик қилади.

Саудия Арабистони иккинчи ўринни эгаллайди: унинг ИТТКИ харажатлари ўртача йилига 13 фоизга ошган, бу юқори даромадли мамлакатлар орасидаги энг юқори кўрсаткичдир. Миср эса унинг ортидан келади — 2000–2024 йиллар даврида тадқиқот ва ишланмаларга харажатлар ўсиши қарийб йилига 12 фоизни ташкил этган.

ИТТКИга энг тез ўсиб бораётган сармоядорлар қаторига бир қатор ривожланаётган иқтисодиётлар ҳам киради — Индонезия, Таиланд ва Ветнам. Бироқ уларнинг жами харажат ҳажмлари жаҳон миқёсида ҳали ҳам нисбатан камтарона.

Россия ва АҚШ (юқоридаги рейтингга киритилмаган) ИТТКИга мутлақ ҳажмдаги харажатлар бўйича дунёда мос равишда ўн биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллайди, бироқ бу даврда уларнинг ўсиш суръатлари нисбатан мўътадил бўлган.

Фуқаролик тадқиқотлари ва ишланмаларига узоқ муддатли ва барқарор инвестициялар умумий унумдорлик ўсиши билан ижобий корреляцияга эга: улар иқтисодий самарадорлик, саноат ривожи ва технологик етакчиликка "спилловер" таъсирини таъминлайди. Бундан ташқари, илм-фанга самарали сармоя киритаётган давлатлар юқори технологияли тармоқларни барпо этиш ва малакали мутахассисларни жалб қилишда устунликка эга бўлади — айниқса, глобал рақобат тобора арзон ишчи кучи эмас, балки инновациялар асосида қурилаётган шароитда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид