2018 йил 23 июн. Таиланд шимолидаги провинция. Бир гуруҳ болалар футбол машғулотидан сўнг бедарак йўқолади. Кўп ўтмай болалардан бирининг онаси полицияга қўнғироқ қилиб, ўғли машғулотдан сўнг уйга қайтмаганини маълум қилади. Полиция суриштирув олиб боради ва болалар ўша атрофдаги ғорни томоша қилиш учун унинг ичига кириб кетгани маълум бўлади. Шундан сўнг болаларни қидириш бошланади.

Дунёда ақл бовар қилмас воқеалар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳодисалар, тақдирнинг ғаройиб кечмишлари тез-тез содир бўлиб туради.

2018 йилда таиландлик бир гуруҳ болалар тақдирнинг ана шундай синовига дуч келишади. Ўшанда барчаси фожиа билан тугаши, болалар ва уларнинг мураббийи ҳалок бўлиши ҳам мумкин эди.

Ўша таҳликали вазиятда бутун дунёдан Таиландга ғаввослар, ғоршунослар ёрдамга келишади. Қидирув жараёни телеканалларда жонли тарзда ёритилади.

Ғорга саёҳат ва қопқонга тушиш

2018 йил 23 июн куни Таиланддаги “Ёввойи тўнғизлар” деб номланган болалар футбол жамоаси аъзолари машғулотни тугатгач, ёрдамчи мураббий бошчилигида машҳур ғорни томоша қилиш учун боради.

Мянма давлати билан чегарага яқин ҳудуддаги тоғда жойлашган ва “Тхам Луанг” деб номланган бу ғор ёш футболчилар яшайдиган ҳудудга яқин бўлиб, у сайёҳлар орасида ҳам анча машҳур эди.

bbc.com

Ғорнинг узунлиги 10 км бўлиб, унинг энг ичкарисига кириб бориш учун баъзида тор жойлардан ўтиш, юқорига ва пастга тушиш талаб қилинарди.

Муссон ёмғирлари ёғадиган мавсумда ғорнинг чуқур жойлари сувга тўлар, унга кирганлар чиқа олмаслиги мумкин эди. Шу сабабли ёмғир кўп ёғадиган июлдан ноябргача ғорга кириш тақиқланарди.

Футболчи болаларнинг ёши 11 дан 16 гача бўлиб, уларга ёрдамчи мураббий бошчилик қилади. Болалар ғор ичига 4 км масофага кириб борган пайтда кутилмаганда кучли ёмғир ёғади ва унинг чуқур жойлари сув билан тўлади. Оқибатда ортга қайтиш йўли ёпилади ва болалар қопқонга тушиб қолади.

Ғорнинг ичида алоқа йўқлиги сабабли ёш футболчилар ичкарида қолиб кетганлари ҳақида ҳеч кимга хабар бера олишмайди. Шу сабабли болаларнинг ғор ичида қопқонга тушиб қолганини ҳеч ким, ҳатто уларнинг яқинлари ҳам билмайди.