Ўзбекистон | 22:10 / 16.04.2026
619
5 дақиқада ўқилади

Давлат идоралари халққа қанчалик очиқ?

Антикоррупция агентлиги 2025 йил якунлари бўйича давлат ташкилоти ҳамда идораларининг очиқлиги индексини эълон қилди. Унга кўра, Сирдарё, Андижон, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари энг ёпиқ ташкилотлар. Бундан ташқари, Судялар олий кенгаши ва Темирйўллар жамияти ҳам энг охирги ўринларда қолган. Kun.uz билан гаплашганлар фикрича, бу ташкилотлар учун матбуот, жамоатчилик юзинчи ўринда ҳам турмайди.

2022 йилда “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ҳамда баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони имзоланган эди. Унга мувофиқ, давлат бюджети маблағлари ҳисобига ишлайдиган бу ташкилотлар фаолияти хусусида ўз ресурсларида маълумотларни омма билан бўлишиши керак. Антикоррупция агентлиги эса айнан шу фармонда белгиланган меъёрлар асосида очиқлик индексини эълон қилиб келмоқда.

Бу йилги рўйхатга кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ жамоатчиликка энг очиқ давлат ташкилоти деб топилган. Сирдарё, Андижон, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликлари энг ёпиқ, фаолияти борасида маълумотларни топиш деярли имконсиз идоралар сифатида кўрсатилди. “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ, “Алоқабанк АТБ”, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳам рўйхатнинг энг охирги ўринларида. Кўринадики, бу ташкилотлар президент фармонида кўрсатилган мезонлар талаблари доирасида ишни очиқ-ошкора ташкил этмаган.

Ёшлар ишлари агентлиги ва баъзи бошқа давлат ташкилотлари эса ўтган йилгиларга қараганда кўпроқ балл олиб, яшил тоифага ўтган.

Антикоррупция агентлиги бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Ниязхаджаевга кўра, 4 та маҳаллий ҳокимият органлари “барқарор қизиллар” сифатида рўйхатдан жой олиб келмоқда.

“Афсуски, улар доимий қизил рўйхатда, мезонларнинг ҳаммаси президент фармонида белгиланган”, дейди у.

Агентлик вакилининг қўшимча қилишича, давлат ташкилотларидаги кадрлар ўзгариши ҳам уларнинг йиллик балларига салбий таъсир қилмоқда.

“Йилдан йилга ижобий камайишни кўряпмиз, лекин давлат ташкилотларининг очиқлик индексига энг кўп таъсир қилаётган масала – кадрларнинг иш алмаштириши. Яъни бир ходим кетиб, кейингиси келиб, ишини тушунгунича очиқлик бўйича мезон талаблари бажарилмай қолиб кетмоқда ва охирида ёмон натижалар келиб чиқяпти”, дейди Ниязхаджаев. 

Бундан ташқари, агентлик фақат рўйхат эълон қилиш эмас, эндиликда маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича тегишли ташкилотларга сўровларни ҳам йўллаган.

Суҳбатда қатнашган журналист Юлдуз Олимовага кўра, ҳар қайси давлат ташкилотининг очиқ ёки ёпиқ экани унинг раҳбарига бевосита боғлиқ.

“Агар улар микрофондан қўрқмаса, қилаётган ишига ишонса, бу ташкилот, албатта, оммага очиқ бўлади. Баъзи вазирликлар бор, ҳатто уларга биз журналистлар етолмаймиз, оддий одамларга йўл бўлсин”, дейди Олимова.

Жамоатчилик фаоли Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, Антикоррупция агентлиги эълон қилган рўйхат ҳеч қандай таъсир кучига эга эмас.

“Агентликка ҳурматсизлик қилиш ниятида эмасман, лекин шу рўйхатнинг давлат ташкилотларига худдики администрациядан битта қўнғироқчалик кучи бўлганида, бундай ўринларда қолиб кетмасди. Яъни бу идоралар учун журналистлар юзинчи ўринда ҳам турмайди”, дейди Ташанов.

Яна бир масала шуки, фармондаги мезонлар аниқ экан, индексларда барқарор ўринларни эгаллаш учун давлат ташкилотлари фақат шу шартларга мослашиш билан реал вазиятни яшириб кўрсатиши мумкин. Масалан, матбуот анжуманлари ўтказиш, ОАВ билан учрашувлар – буларни хўжакўрсинга қилиб, ҳужжатда “ўтказилди” қилиб кўрсатса ҳам балл йиғилаверади ва охирида яхши натижа чиқиши мумкин.

“Вазирликларда матбуот анжуманлари ўтказишади, бироқ унда ким қатнашди? Балки вазирлик ходимларини йиғиб келишгандир, бу анжуманлар қайси мавзуда ўтди? Мана бу жиҳатларига эътибор қилинмайди, бироқ ўтказилгани сони инобатга олинади”, дейди журналист Олимова.

Унинг қўшимча қилишича, Антикоррупция агентлигининг рўйхати янада адолатли бўлиши учун бу идоралар билан доимий ишлайдиган ОАВ вакиллари ва журналистларнинг фикрини инобатга олувчи мезонни қўшиш керак.

Суҳбатда яшил тоифада турса-да, жамоатчиликка у қадар очиқ бўлмаган Ички ишлар вазирлиги, сариқ тоифада турса-да, оммага ҳамда матбуотга бутунлай ёпиқ Ташқи ишлар вазирлигининг фаолияти ҳам танқид остига олинди.

“Ички ишлар вазирлигини билмадим-ку, лекин яқинда Ташқи ишлар вазирлигига ишим тушди, жуда қийналдим. Ростданам бу ёпиқ ташкилот”, дейди Юлдуз Олимова.

Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасидан тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид