Жаҳон | 20:29
1545
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг катта деб ҳисобланган айсберг деярли йўқолиб кетди

А23а майда бўлакларга бўлиниб, ўзининг асл майдонининг 99 фоизини йўқотди.

Фото: Вадим Махоров, ААНИИ

Россиянинг Арктика ва Антарктика илмий-тадқиқот институти (ААНИИ) маълумотларига кўра, 2025 йил охиригача дунёдаги энг йирик деб ҳисобланган А23а айсберги «ўз тарихини якунламоқда».

«А23а майда бўлакларга бўлиниб, ўзининг асл майдонининг 99 фоизини йўқотди. Январь ойида айсберг майдони тахминан 1300 квадрат километрни ташкил этди. Айни пайтда унинг майдони 50 квадрат километрдан кам. Ҳозир А23а айсберги денгизда сузмоқда ва кўз ўнгимизда парчаланмоқда», деди ААНИИ Муз ва гидрометеорология маълумотлари маркази бош мутахассиси Полина Солошчук.

Сўнгги уч ой ичида А23а минг километрга яқин масофани босди, Жанубий ва Атлантика океанлари чегарасини кесиб ўтди. Ҳозир у жанубий кенгликнинг 49-параллел атрофида сузиб юрибди.

А23а айсберги 1986 йилда Антарктидадаги Филхнер шельф музлигидан ажралган эди. Шаклланган вақтда унинг майдони 4170 квадрат километрни ташкил этган. Бу Санкт-Петербург шаҳри майдонидан деярли икки баравар катта.

Айсберг 30 йилдан ортиқ вақт давомида Уэдделл денгизида саёзликда турди, сўнгра Антарктида қирғоқлари бўйлаб суза бошлади. 2025 йил бошида айсберг яна саёзликка чўкди, аммо август ойида Жанубий Жоржия ороли яқинида ўз ҳаракатини давом эттирди.

2025 йил охирига келиб, А23а майдони 1370 квадрат километргача қисқарди, шу сабабли у дунёдаги энг катта айсберг мақомини йўқотди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид