Ўтган ҳафта Тошкентда Нидерландия миллий байрами ўтказилди. Kun.uz дипломатик тадбир олдидан бу давлатнинг Қозоғистондан туриб Марказий Осиё билан алоқаларга жавобгар элчиси билан суҳбатлашди. Ўзбек пахтаси голландларнинг севимли маҳсулоти, дастурларимиз ҳам кўпроқ қишлоқ хўжалиги ва сув бўйича, дейди Нико Сҳермерс.
Демократия, инсон ҳуқуқлари, эркин матбуот ва халқаро ҳуқуқ масалаларига алоҳида ҳурмат билан қарайдиган давлат – Нидерландия Ўзбекистон билан 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатган. Бироқ икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқот ўта фаол эмас. Бунга сабаб давлатларимизнинг географик жиҳатдан узоқда жойлашгани ҳамда тарихан бир-биримизга у қадар жиддий боғлиқ бўлмаганимиз, дейди Kun.uz билан суҳбатлашган элчи Нико Сҳермерс.
15 май куни Тошкентда Нидерландия миллий байрамларидан бири – Қирол куни кенг нишонланди. Дипломатик тадбир иштирокчилари орасида ҳукумат ва ҳарбий ташкилотлар аъзолари, дипломат ва давлат хизматчилари, ҳуқуқшунос, сиёсатшунос ва фаоллар бор эди. Элчи Нико Сҳермерс ўз табрик нутқида Нидерландия Ўзбекистонга тобора қизиқаётганини айтиб ўтди.
Kun.uz билан суҳбатда эса у минтақадаги мақсадлар, режалар хусусида сўзлади, кутилаётган сафарлар юзасидан фикрларини баён қилди.
-Мамлакатингиз – Нидерландиянинг минтақадаги, хусусан, Ўзбекистондаги асосий мақсадлари, аниқроғи кун тартиби нималардан иборат? Тошкент Нидерландия ташқи сиёсатида қандайдир ўрин эгаллайдими ўзи?
-Хўш, ўз юртингиздан жуда узоқда жойлашган мамлакатда фаолиятни йўлга қўйиш ҳар доим қийин вазифа. Ўйлайманки, бу бизнинг бу ердаги фаолиятимизни бироз қийинлаштиради. Сизнинг ҳудудингиз жуда катта ва мен аслида бешта мамлакатни қамраб олишим керак.
-Ҳа, у катта.
- Ҳа, Остонадан туриб биз Ўзбекистонни ҳам қамраб олишимиз керак. Бироқ бу ерда имкон қадар тез-тез бўлишга ҳаракат қиламиз. Хусусан, Ўзбекистон бугунги кунда эътиборимизни тортмоқда, шунинг учун бу ерга мунтазам келишга ҳаракат қиляпмиз. Кеча ва ундан олдинги кун мен мамлакатингиз бўйлаб саёҳат қилдим. Термиз ва Нукусга бориб, мамлакатингизнинг айрим чекка ҳудудларини ўргандим, Нидерландия учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган қандай имкониятлар таклиф этишингизни билишга ҳаракат қилдим.
- Сизнинг фикрингизча, нега мамлакатларимиз сиёсий институтлари ўртасида мулоқот етарлича фаол эмас?














