Иқтисодиёт | 21:43
902
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Ўзбекистонга нефт етказиб беришни бошлаши мумкин

Қозоғистон Энергетика вазири сўзларига кўра, Ўзбекистон билан бир қатор йирик ташаббуслар, жумладан, нефт-кимё ва қайта ишлаш соҳаларида муҳокама қилинмоқда.

Фото: Shutterstock

Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженов Остонада бўлиб ўтган МЭС-2026 минтақавий экологик саммити доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш режалари ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик тажриба алмашиш ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган.

«Тажриба алмашиш ва ўзаро ёрдам - буларнинг барчаси амалий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади. Биз ҳамкорларимиз билан нафақат энергетика соҳасида, балки иқтисодиётнинг барча соҳаларида фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз», деди вазир.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан бир қатор йирик ташаббуслар, жумладан, нефт-кимё ва қайта ишлаш соҳаларида муҳокама қилинмоқда.

«Ўзбекистон билан жуда кўп қўшма лойиҳаларимиз бор. Яқинда президентнинг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтди, унда кўплаб ташаббуслар муҳокама қилинди. Нефт-кимё саноатини ривожлантириш ва нефтни қайта ишлаш соҳасини кенгайтириш шулар жумласидандир», деди вазир.

Энергетика, жумладан, транзит ва ресурсларни етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

«Биз Россия газининг Ўзбекистонга транзити, шунингдек, Россия нефтини етказиб бериш масалалари бўйича яқиндан ишлаяпмиз. Бундан ташқари, Қозоғистон маҳсулотларини, хусусан, хом нефт ва нефт маҳсулотларини Ўзбекистонга етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз», деб қўшимча қилди Ерлан Аккенженов.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳаларнинг бир қисми аллақачон амалий босқичга ўтган.

«Кўплаб лойиҳалар аллақачон амалга ошириш босқичида. Умуман олганда, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан жуда яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган», деди вазир.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид