Жаҳон | 08:17
963
2 дақиқада ўқилади

Ҳўрмуз бўғозида ҳарбий таранглик яна авж олди

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Ҳўрмуз бўғози томон ҳаракатланган Эроннинг тўртта камикадзе-дрони уриб туширилганини маълум қилди. Вашингтон ушбу учувчисиз аппаратлар минтақадаги халқаро кемачилик ҳаракати учун бевосита таҳдид туғдирганини таъкидламоқда.

Фото: AP

CENTCOM маълумотига кўра, 6 июнь куни АҚШ ҳарбий кучлари Ҳўрмуз бўғози томон учирилган тўртта Эрон дронини ҳавода йўқ қилган. Америка ҳарбийлари ушбу дронлар денгиз транспорти хавфсизлигига таҳдид солганини билдирган.

Шундан сўнг АҚШ кучлари Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги Горук ҳудуди ва Кешм оролида жойлашган соҳил радиолокация станцияларига зарба берган. Америка томони бу ҳаракатни эҳтимолий кейинги ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилгани билан изоҳлади.

CENTCOM баёнотида АҚШ ҳарбийлари ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Эрон томонидан бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай тажовузга жавоб қайтаришга тайёр экани таъкидланган.

Айни пайтда Кувайт ҳам ўз ҳудудига қарши янги ракета ва дрон ҳужумлари амалга оширилгани ҳақида хабар берди. Мамлакат армияси маълумотига кўра, ҳаво мудофааси тизимлари душман нишонларини тўсиб қолиш учун ишга туширилган. Маҳаллий аҳоли эшитаётган портлаш овозлари айнан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг фаолияти билан боғлиқ экани қайд этилди.

Бу воқеалар АҚШ ва Эрон ўртасида 8 апрель куни эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейинги энг йирик ҳарбий тўқнашувлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Аввалроқ Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Қувайт ва Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий объектларини нишонга олганини билдирган эди. Вашингтон эса Кешм оролидаги Эрон ҳарбий объектига зарба берганини маълум қилган.

Мутахассислар фикрича, бу каби ҳодисалар Форс кўрфази минтақасидаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкин. Айниқса, Ҳўрмуз бўғози жаҳон иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, дунё нефти, суюлтирилган газ ва ўғитлар экспортининг муҳим қисми айнан шу йўлак орқали амалга оширилади.

Кузатувчиларнинг қайд этишича, ҳарбий тўқнашувлар урушни тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозидаги кемачилик ҳаракатини тўлиқ тиклаш бўйича музокаралар қийинлашаётган бир пайтда содир бўлмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид