Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп сулҳни чўзди, Мишари Рашид можаро марказида – ҳафта дайжести
Ҳафта давомида АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳ узайтирилди ва энди музокаралар давомида амалда бўлади. Ризо Паҳлавий европаликлардан норози бўлди, Мишари Рашид можаро марказида қолди, камёб ҳайвонлар қотили бўлган овчини филлар тўдаси топтаб ўлдирди. Қуйида ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини эслаймиз.
Сулҳ чўзилди
Ҳафта давомида Доналд Трамп Эрондаги уруш бўйича ўн кунлик сулҳни чўзди. Дедлайнчи Трамп энди аниқ дедлайн қўймади, сулҳ музокаралар давом этаётган вақтда амалда бўлишини айтди. Яъни, ўн кунинг қолди, икки кунинг қолди, бир соатинг қолди, деган таҳдидлар ўтмади. Трампнинг ўтган ҳафтадаги гапларини эшитган одам Эрон таслим бўлибди деб ўйлаши аниқ эди, чунки АҚШ президенти Теҳрон унинг «барча шартларини бажаришга тайёрлиги, ҳатто бойитилган уранни Америкага беришини» айтганди. Энди Америка ким билан гаплашаётгани ҳам номаълум. Хуллас, музокараларда ҳозирча мужмаллик ҳукмрон.
Паҳлавий норози
Эроннинг охирги подшоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли Ризо Паҳлавий ҳафта давомида Берлинда бўлиб қатор учрашувлар ўтказди. Матбуот анжуманида қатнашиб чиққан Паҳлавийга номаълум шахс қизил бўёқ сепди. Полиция тезда уни қўлга олди, Паҳлавий зарар кўрмаган. Катта эҳтимол бўёқ сепган эронлик намойишчилардан бири бўлган. Қизил бўёқ қон рамзи, бу ишни қилган одам Паҳлавий эронликларнинг қонини тўкаётган Америка томонида демоқчи бўлганини тушуниш қийин эмас, ахир у Америкада яшайди.
Европадаги чиқишларида Паҳлавий Ғарб нашрларидан норози бўлди. Унинг фикрича, ҳозир Эронда одамларга нисбатан репрессия кучайган, мухолифотчилар аёвсиз қатл қилинмоқда, ҳозирги Эрон режими билан тинчликка эришиб бўлмайди.
Лекин оғои Ризо, бир нарсани унутманг, айнан уруш сабаб Эронда репрессия кучайди. Урушдан сал аввал эркинлик истаб кўчаларга чиққан Эрон халқи минглаб қурбон берди ва улар ҳали ўзига келиб улгурмай бошларига Америка ва Исроил ракета ёғдирди. Эркинлик истаётган халққа устига ракета отиб ёрдам бериладими? Сиз Европа эркин Эрон ва тузум ўртасида танлов қилиши керак деяпсиз. Ваҳоланки Европада ҳеч ким инсонларнинг эркинликларини чеклайдиган режимни қўллагани йўқ, бутун дунё эрон халқи жабрланаётганидан нозори. Америка ва Исроил зарбалари сабаб режимнинг бошлиқлари ўлгандир, лекин аксар қурбонлар ана шу сиз айтаётган эркин Эрон тарафдорлари эди-ку.
Мишари Рашид можаро марказида
Ҳафта давомида араб оламида жуда шов-шувли воқеа содир бўлди. Кувайтлик машҳур воиз Мишари Рашид ўзининг YouTube-каналида Эронни ва уни қўллаётганларни қоралаб қўшиқ эълон қилди. «Эроннинг ва Эрон билан бўлганларнинг қўллари кесилсин» – қўшиқ номи айнан шундай.
Олти кун ичида роликни 1,5 миллиондан ортиқ одам томоша қилди. Араб оламида бу қўшиқ охирги кунларнинг энг асосий муҳокама мавзусига айланди. Клипда араб давлатлари армиялари, араб подшоҳлари улуғланган.
Бу қўшиқдан кейин Мишари Рашид кескин танқидлар остида қолиб кетди. Уни Исроил ва АҚШни оқлашда айблашди. Мен бу клипни кўриб бир нарсадан жуда ранжидим: бутун дунёга ҳофизи Қуръон бўлиб танилган, одамларни яхшиликка чорлаб юрган инсон сиёсат учун фойдаланилганидан.
Қўшиқда айтарли оҳанг, жозиба йўқлигидан у юракдан чиқмаганини сезиш қийин эмас. Бутун ислом олами учун ҳам бу яхши иш бўлмади деб ўйлайман. Албатта, ҳазрат Мишари Рашид айтган гапларини асослаб бера олади, араблар ва Эрон ўртасидаги келишмовчилик кечаги эмас. Шунчаки ҳозирги воқеалар фонида ҳар қандай араб подшоҳидан машҳур инсон бундай чиқиш қилиши жуда ноқулай вазият келтириб чиқарди.
Трамп Испанияни жазоламоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп Эрондаги урушда гўёки унинг ёнида турмагани учун НАТО давлатларидан қасд олмоқчи кўринади. У Европа давлатлари орасида Америкага норозилигини энг ошкора билдирган Испанияни НАТОдан чиқариб ташлаш ҳақида ўйлаётган экан. Испания бош вазири Педро Санчес Трамп ва Нетаняҳу Эронга қарши уруш бошлашини кескин қоралаб чиқишлар қилган, етмаганига Мадрид мамлакатдаги Америка ҳарбий базаларидан Эронга қарши урушда фойдаланишни тақиқлаганди.
Эътибор қилган бўлсангиз, иккинчи муддатида Трамп жуда гина сақловчи бўлиб қолди. Ўзи деярли ҳамма қўшнилар-у иттифиқчилар билан урушиб чиқди, кейин ҳаммага (Исроилдан бошқа ҳаммага) бирин-кетин таҳдид қила бошлади. Унинг ўзини тутушида диктатура аломатлари демократик бошқарув аломатларидан анча кўп. Яқинда берган интервюларидан бирида кимсан Александр Лукашенко ҳам Трампни диктатор, ҳатто, император деб атади. Танқид қилиб эмас, ҳавас қилиб, мақтаб шундай деди.
Ҳафта иқтибоси
Полша бош вазири Доналд Туск ҳафта давомида қизиқ ҳазил пост ёзди: «Европа кенгаши йиғилиши. Узоқ йиллардан буён илк марта хонада россияликлар йўқ. Ажойиб енгиллик». Сиёсатчи бу ҳазили билан Можаристондаги сайловда Виктор Орбан ютқазганини назарда тутди. Тушунмаганлар учун айтиб кетай, Орбан ва жамоаси Европа Иттифоқида ўтган ҳар бир йиғилишлар ҳақида Россияга ҳисобот бериб тургани айтилади.
Ҳимолайда фирибгарлик
Непал полицияси мамлакат рамзи бўлмиш Ҳимолай тоғ тизмаларида ноодатий фирибгарлик тизимини фош қилди. 32 кишидан иборат жиноий гуруҳ умумий ҳисобда 20 миллион долларга яқин пулни ўзлаштирган.
Хуллас, маҳаллий гидлар Ҳимолай бўйлаб саёҳатга борган одамлар ичидан яхши суғурта шартномасига эгаларни танлаб олган. Уларнинг овқатига саёҳат давомида ичимлик содаси қўшган ёки юқори дозада дориб бериб касал қилишган, бундан сайёҳнинг хабари бўлмаган. Фирибгарлар берган дорилардан кейин саёҳатчиларда кўнгил айниши, ич кетиши, тоғ касаллиги каби жуда табиий ҳолатлар кузатилган.
Гўёки табиий сабаб билан бетоб бўлган сайёҳни вертолётда эвакуация қилиб касалхонага ётқизишган. Касалхонада сохта ҳужжат тайёрлаб, сайёҳдан катта пул олишган. Биргина компания 171 та сохта эвакуация амалга ошириб 10 миллион доллардан ортиқ пул ишлаган. Умумий ҳисобда 4800 га яқин сайёҳдан 20 миллион доллардан ортиқ асоссиз пул олинган. Ҳолат бўйича жиноий иш очилиб, 11 киши ҳибсга олинган. Ана шунақа, фирибгарлардан ҳеч қаерда қутулиб бўлмайди, улар дунёнинг энг баланд чўққисида ҳам одамлари тунайверади.
Филлар овчини ўлдирди
Америкалик миллионер, ҳайвонлар жасадини коллекция қилиш билан шуғулланган машҳур овчи Эрни Дозио Габонда филлар ҳужуми сабаб ҳалок бўлди. Овчи шериклари билан ноёб антилопани овлаётганда улар олдидан филлар тўдаси чиқиб қолади. Жонворлар овчилар қўлида қуролни кўриб боласини ҳимоя қилиш учун уларга ҳужум қилади. Филлар 76 ёшли овчини топтаб ўлдиради.
Бутун умр камайиб бораётган ҳайвонларни ўлдириш билан шуғулланасан, қуруқ қўл билан ҳам эмас, порох солинган қурол билан ўлдирасан, кейин ўлган жонивор фонида мақтаниб расмга тушасан, дўстларинга катта кетасан, уйингда ҳайвонлар жасадидан иборат коллекция қиласан ва ажойиб кунларнинг бирида филлар тўдаси сени оёғининг тагида эзғилаб ташлайди – мантиқий якун. Ёвойи ҳайвонларда забон йўқдир, лекин табиат қонунларида қасос деган тушунча йўқолмаган.
Инсон шунча қуруқлик етмагандай ёввойи табиатни ҳам ўзлаштириб, етмаганига ундаги қирилиб кетаётган ҳайвонларни ўлдириб бундан пул ишлаши фақат инсонга хос ваҳшийлик. Ёввойи табиатни ўз ҳолига қўйиш керак, дунё фақат очкўз инсон учун яратилмаган...