Ҳафта давомида Россия президенти Путин Хитойга борди. Ташриф Россия пойтахтига Иккинчи жаҳон уруши давридан буён амалга оширилган энг йирик ҳужумдан кейин амалга оширилди. Исроиллик радикал вазир Ғазо блокадасини ёриб ўтишга уринган кема фаолларини таҳқирлади. Эрон АҚШнинг бойитилган уранни топшириш талабига «йўқ» демоқда. Қуйида ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини эслаймиз.

Ядровий машғулот

Ҳафта давомида Россия ва Беларус ядро қуролини қўллаш бўйича ҳарбий машғулот ўтказди. Ўтган йили Россия Беларус ҳудудида ядровий каллакларни жойлаштирганди. Машғулотда асосан беларуслик ҳарбийларнинг ядро қуролини ишлатишда тайёргарлиги синовдан ўтказилган. Бу машғулотлар НАТО чегарасидаги давлатда ўтгани эътиборга молик.

Ядровий тайёргарлик фонида Беларус президенти Александр Лукашенко «мамлакат Украинадаги урушга қўшилишга тайёрлигини» айтди: «агар бизга қарши ҳужум бўлса, биз ҳам урушга қўшиламиз».

Россия уруш бошланганидан буён кўп марта ўзининг ядровий кучини кўз-кўз қилди. Айниқса, фронтда ишлар юришмаса, бу иш одатга айланди. Ҳозир ҳам ядровий қурол Украина Россия шаҳарларига, ҳатто Москвага ёппа ҳужумлар уюштираётган бир вақтда синовдан ўтказилди. Киев Беларусдаги машғулотлардан кейин яна бу давлат ҳудудидан ҳужум бўлишидан ҳайиқиб қолди. Ядровий машғулотлар фонида Зеленский мамлакатнинг Беларус билан чегарасига бориб, Лукашенко ва давлатини Украинага ҳужум оқибатидан огоҳлантирди.

Путин Хитойга борди

Америка президенти Доналд Трампдан кейин Россия президенти Владимир Путин ҳам Хитойга борди. Трамп ва Си Жинпинг дунё миқёсидаги қарашларни муҳокама қилиб, ҳеч қандай шартнома имзоламаганди. Лекин Путин ва Си қирқта ҳужжат имзолади. Имзоланган ҳужжатлар шунчалик кўпки, улар орасида «Амур йўлбарсларини ҳимоя қилиш бўйича» келишув ҳам бор.

Бироқ Путин ва Си энг асосий масала – «Сила Сибири-2» газ қувури қурилиши бўйича келиша олмади. Пекинга ташриф буюрган Америка президенти Трамп «Тайван учун Хитой билан урушмаймиз, уларнинг мустақил бўлиши билан ишим йўқ», деганди. Путин «Россия Тайван мустақил бўлишига қарши эканини» айтиб Сини хурсанд қилди. Шу тариқа Чин раиси бир ҳафта ичида ҳам Россия, ҳам Америка президентига «Тайван мустақил бўлишига қарши эканини» айттириб олди.

Европа «Толибон» билан гаплашмоқчи