Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёда нечта АЭС бор ва уларнинг биринчиси қаерда қурилган? Барчаси атом электр станциялари ҳақида
Бугун дунёда 32 та давлатда атом электр станциялари бор ва уларда 440 та реактор ишлаб турибди. Яқин йилларда АЭСга эга давлатлар рўйхати кенгаяди ва улар сафига Ўзбекистон ҳамда Қозоғистоннинг қўшилиш эҳтимоли юқори.
20-асрнинг иккинчи ярмида инсоният атом электр станцияларидан фойдаланиб электр энергия олишга ўтди.
Орада бир муддат янги АЭСлар қурилиши секинлашди. Бироқ 21-асрга ўтиб дунёнинг ривожланаётган давлатлари янги АЭСлар қуришни бошлади.
2024 йил маълумотларига кўра, дунёда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 9-10 фоизи АЭСлар ҳиссасига тўғри келади.
МАГАТЭ маълумотлари эса бироз бошқача, ташкилотга кўра, дунё бўйлаб элект энергиянинг 15-17 фоизи АЭСларда ишлаб чиқарилмоқда.
Қуйида АЭСлар қурилиши тарихи, улардан энг кўп фойдаланаётган давлатлар, энг йирик АЭСлар ҳақида маълумотларни келтириб ўтамиз.

Биринчи АЭС қурилиши тарихи
Иккинчи жаҳон уруши тугаши арафасида инсоният уранни бойитиб, ундан атом бомба тайёрлайди. Сўнг бойитилган урандан электр энергия олиш учун ҳаракатлар бошланади.
Ўша пайтда АҚШ ва СССР турли соҳаларда, жумладан, фан ва техника бўйича мусобақалашарди. Бойитилган урандан энергия олиш лойиҳасида ҳам шундай рақобат кечади.
Бу пойгада дунёдаги биринчи АЭСни қурган советлар ютиб чиқади. У Калуга вилоятида қурилган “Обнинск” АЭС эди.
1950 йилда совет ҳукуматининг мамлакатда биринчи АЭСни қуриш ҳақидаги қарори эълон қилинади. Орадан бир йил ўтгач, уни Калуга вилоятида қуриш ҳақидаги иккинчи қарор қабул қилинади.
Биринчи АЭС қурилишига НКВДнинг хўжалик ишларига масъул бўлган Пётр Захаров масъул этиб тайинланади. Ўша пайтларда у шартли равишда “Объект Б” деб номланган ядро физикаси ва энергетикаси тадқиқот институтига ҳам раҳбарлик қиларди.
1952 йилда Калуга вилоятидаги Пяткино қишлоғи ўрнида АЭС қурилиши бошланади. 1954 йилда физика-энергетика институти биринчи синов реакторини ишлаб тайёрлайди. Унгача АЭСнинг биринчи навбати ҳам битиб қолади.
Лойиҳага кўра, АЭС ҳам иссиқлик электр станциялари (ИЭС) каби ишлаши, бунда сувни оддий ёқилғи эмас, бойитилган урандан чиқадиган иссиқлик буғга айлантириб бериши лозим эди.

1954 йил 26 июн куни “Обнинск” АЭС синов тариқасида ишга туширилади. Ҳодисани СССРда кўзга кўринган физиклар академик Игор Курчатов ва Александров кузатиб туришади. Орадан бир кун ўтгач, АЭС СССР энергетика тизимига уланади.
“Обнинск” АЭС битта блокдан иборат қилиб қурилган ва унга 5 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарадиган реактор ўрнатилганди. Ўшанда бу АЭСни 30 йил ишлатиш режалаштирилади.
2002 йилда 48 йил давомида авария бўлмасдан ишлаб келган “Обнинск” АЭС тўхтатилади. Бунга унинг ускуналари эскириб кетгани сабаб бўлади.
2009 йилда Россиянинг ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведев қарори билан “Обнинск” АЭС атом энергетикаси музейига айлантирилади.
“Обнинск” АЭС муваффақиятли ишлай бошлагач, советлар 1954 йилда Томск вилоятида яна бир АЭС қурилишини бошлайди. “Сибир” АЭС деб номланган бу объект 1958 йилда ишга туширилади. “Сибир” АЭС ҳам 2008 йилда фаолиятини тўхтатган.

СССРдаги Нововоронеж АЭС деб номланган учинчи объект қурилиши 1958 йилда бошланган ва у 1964 йилда ишга туширилган.
АҚШда биринчи АЭС қурилиши 1954 йилда бошланади ва 1958 йилда ишга туширилади. “Шппингпорт” АЭС деб номланган бу объект дунёдаги биринчи тижорий АЭС эди.
Яна бир атом энергетикасида актив бўлган Франция ва Британияда биринчи АЭСлар 1956 йилда ишга туширилган.
Кимда қанча АЭС бор?
АҚШ
Дунёда АЭСлар сони бўйича АҚШ биринчи ўринда туради. Бу давлатда 54 та АЭСда қарийб 100 та реактор ишлаб турибди.
АҚШдаги АЭСларда бир йилда 80-100 гегаватт атрофида электр энергияси ишлаб чиқарилади. Ҳозирги пайтда Америкада яна бешта реактор қурилиши давом эттирилмоқда.

Хитой
“Чин юрти” этом энергетикаси “пойга”сига 1980 йилларда қўшилади. Бу мамлакатда биринчи АЭС 1991 йилда ишга туширилади.
Хитой 21-асрда жуда кўп АЭС қурди ва натижада уларнинг сони бўйича рўйхатда иккинчи ўринга кўтарилиб олди.
Ҳозирги пайтда “Чин юрти”да 18 та АЭС бор ва уларда қарийб 60 та реактор ўрнатилган. Шунингдек, бу давлатда яна 10 та АЭС, 28 та реактор қурилиши давом этмоқда.
Франция
Францияда биринчи кичик АЭС қурилиши 1952 йилда бошланган ва у 1956 йилда ишга туширилган. “Маркул” АЭС деб номланган бу объект синов тариқасида қурилган бўлиб, у бор-йўғи 2 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарарди.
Франциядаги биринчи ростмана АЭС қурилиши 1957 йилда бошланади ва у 1963 йилда фойдаланишга топширилади. Франция ундан кейин ҳам кўплаб АЭСларни қуриб битказади.
Бугунги кунда бу давлатда 18 та АЭС бўлиб, уларда олтмишга яқин реактор ишламоқда. Ҳозирда яна битта реактор қурилмоқда.

Россия
Дунёдаги биринчи АЭС Россия ҳудудида қурилган ва 1954 йилда ишга туширилган. Кейинчалик СССР тарқаб кетгунига қадар Россияда кўплаб АЭСлар тикланди.
Шунингдек, Россияга тегишли “Росатом” дунёнинг бир қатор давлатларида АЭС қурмоқда. Россияда 11 та АЭС бор ва уларда 37 та реактор ишламоқда. Ҳозирда Россияда яна 10 та реактор қурилиш жараёнида.
Япония
Япония йирик иқтисодиётга эга бўлса-да, бу давлатда қазилма бойликлар жуда кам. Энергоресурслар эса умуман йўқ. Шу сабабли японлар ўтган асрнинг 60-70-йилларида АЭС қуришга зўр беришади.
Японияда биринчи АЭС қурилиши 1961 йилда бошланган ва 1965 йилда у ишга туширилган. Ҳозирда 15 та АЭС бор. Уларнинг бир қисми “Фукусима” АЭСда содир бўлган авариядан сўнг тўхтатиб қўйилган.
Қолган АЭСлардаги 30 дан ошиқ реактор электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Ҳозирги пайтда Японияда яна иккита реактор қурилмоқда.

Жанубий Корея
Жанубий Корея ҳам худди Япония каби иқтисодий ривожланган бўлса-да, бу давлатда ҳам энергия ресурслари ва бошқа қазилма бойликлар йўқ. Шу сабабли корейслар ҳам энергетика муаммосини АЭСлар қуриш орқали ҳал қилган.
Жанубий Кореядаги биринчи АЭС 1977 йилда ишга туширилган. Кори АЭС деб номланган бу объектда жами тўртта реактор ўрнатилган.
Жанубий Кореяда тўртта йирик АЭС бўлиб, уларга жами 6 та реактор ўрнатилган. Ҳозирги пайтда бу давлатда яна 5 та реактор қурилиши давом эттирилмоқда.
Ҳиндистон
Сўнгги йилларда атом энергетикаси бўйича бирмунча муваффақиятга эришган давлатларнинг бири Ҳиндистон ҳисобланади.
Бу давлатда биринчи АЭС 1962 йилда қурила бошланган. Тарапур АЭС деб номланган бу объект 1969 йилда ишга туширилган.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Ҳиндистонда саккизта АЭС бор ва уларда 23 та реактор ишлаб турибди. Яна олтита реактор қурилиш жараёнида.

Канада
Канада ҳудуд катталиги жиҳатдан дунёда Россиядан кейин иккинчи ўринда турса ҳам, бу давлат аҳолиси жуда кам – 40 млн атрофида.
Шундай бўлса ҳам, Канада бир қанча АЭСларни қурган ва улар электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Бу давлатдаги биринчи АЭС 1958 йилда қурила бошлаган ва у 1962 йилда ишга туширилган.
Ҳозирги пайтда Канадада 7 та АЭС бор ва уларда 19 та реактор электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Бу давлат дунёда АЭСлар ишлаб чиқараётган энергия бўйича 7-ўринни эгаллайди.
Украина
Украинадаги барча АЭСлар совет даврида қурилган. Жумладан, бу давлатдаги биринчи – “Ровенск” АЭС қурилиши 1973 йилда бошланган ва у 1980 йилда ишга туширилган.
Украинада жами бешта АЭС қурилади. 1986 йилда Киев яқинидаги “Чернобил” АЭСда ҳалокат содир бўлади ва у ишдан чиқади.
2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргач, “Запароже” АЭСни эгаллаб олди. Ҳозирги кунда Украинада учта АЭС бор ва уларда 12 та реактор ишлаб турибди. Яна иккита реактор қурилиш жараёнида.

Британия
Британиядаги биринчи АЭС қурилиши 1953 йилда бошланган ва у 1956 йилда ишга туширилган.
Бу давлатда тўртта АЭС бўлиб, уларда тўққизта реактор ишлаб турибди. Ҳозирги пайтда Британияда янги реакторлар қурилмаяпти.
Юқоридаги давлатлардан ташқари Испанияда 7 та, Швеция, Чехия, Покистонда 6 тадан, Словакия, Финландия, Белгияда 5 тадан, БАА, Швейцария, Венгрия – 4 тадан, Аргентинада 3 та, Бразилия, Болгария, Беларус, Мексика, Тайван, Руминия, ЖАРда 2 тадан, Эрон, Словения, Нидерландия ва Арманистонда 1 тадан АЭС.
Ҳозирги пайтда Туркия, Бангладеш, Миср, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатларда биринчи АЭСлар қурилмоқда. Уларнинг қурилиш жараёни турли босқичларда. Масалан, Қозоғистон ва Ўзбекистонда дастлабки босқичдаги ишлар бошланган бўлса, Туркия, Бангладеш ва Мисрда дастлабки раекторлар битиш арафасида.
АЭСларда энг кўп электр энергия ишлаб чиқариш бўйича АҚШ, Хитой, Франция ва Россия етакчи ўринларни эгаллайди.
Кейинги ўринларда Жанубий Корея, Канада, Япония, Ҳиндистон, Испания, Швеция ва Британия жойлашган. Шунингдек, сўнгги йилларда БАА, Финландия, Белгия ва Чехия ўз ҳиссасини бироз оширди.
Аксинча, яқин йилларгача атом энергетикасида актив бўлган Украина 2022 йилда Россия бу давлатга бостириб кирганидан сўнг ўзининг АЭСларини тузук-қуруқ ишлата олмаяпти.
Авваллари Украина АЭСларда йилига ўртача 70-80 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарарди. Ҳозир бу кўрсаткич анча пасайиб кетган ва аниқ маълумотлар йўқ. Шундай бўлса ҳам Украина умумий ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 50-55 фоизини АЭСлардан олмоқда.
Яна бир маълумот, бир пайтлар атом энергетикаси бўйича юқори ўринларда турган Германия 2023 йилда АЭСлар фаолиятини бутунлай тўхтатди.
Энг йирик АЭСлар (топ-10)
1. Касивадзаки-Карива, Япония – йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 8 200 мегаватт
(2007 йилда Японияда содир бўлган кучли зилзиладан сўнг вақтинча тўхтатиб қўйилган)

2. Брюс АЭС, Канада – йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 6 200 мегаватт
3. Запароже АЭС, Украина – йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 6 000 мегаватт
2022 йил февралда Россия Украинага бостириб киргач руслар бу АЭСни ҳам эгаллаб олишади. Ҳозирда унинг иккита реактори тўхтатилган.
4. “Ханул” АЭС, Жанубий Корея – йиллик қуввати 5 900 мегаватт
5. “Гравлин” АЭС, Франция – йиллик қуввати 5 460 мегаватт
6. “Палюэл” АЭС, Франция – йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 5 300 мегаватт
7. “Охи” АЭС, Япония – йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 4 494 мегаватт
8. Пало-Верде, АҚШ – йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 4 174 мегаватт
9. “Балаков” АЭС, Россия – йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 4 000 мегаватт

10. “Хамаока” АЭС, Япония – йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 3 617 мегаватт
Шунингдек, Жанубий Кореядаги “Кори” АЭС (йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 7 850 МВт) ва “Ханбит” АЭС (йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 5 875 МВт) дунёдаги йирик АЭСлар сирасига киради.
Мавзуга оид
10:00 / 29.03.2026
Лихачёв айтган триллионлар ва бюджет гарданидаги футбол — ҳафта дайжести
17:20 / 28.03.2026
АЭСда водородли портлашдан ҳимоя қоидалари тасдиқланди
20:56 / 25.03.2026
Ўзбекистонда кичик АЭС қурилиши Россия компанияларини 2 триллион рублгача буюртмалар билан таъминлайди – Лихачёв
17:34 / 24.03.2026