Спорт | 20:46 / 30.04.2026
21436
3 дақиқада ўқилади

«Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне Мадридда 180 та хонадонга эгалиги маълум бўлди

180 та хонадондан ташқари, Симеоне ва унинг рафиқаси Карла Перейра еттита шахсий бинога эгалик қилади.

Диего Симеоне Фото: David Ramos/Getty Images

Мадриднинг «Атлетико» клуби бош мураббийи Диего Симеоне 2011 йилдан бери Испания пойтахтида ўрнашиб олган ва «Рохибланкос»ни узлуксиз бошқаряпти.

Агар «180» рақами айтилса, унинг Симеоне билан қандай алоқаси борлигини ҳамма ҳам тушуна олмайди. Бу «Атлетико» мураббийи ҳакамлар қарорига эътироз билдиргани учун олган сариқ карталар сони эмас. Бу Симеоненинг рафиқаси Карла Перейра билан эгалик қиладиган квартиралар сони, деб ёзди Sport.pl.

Симеоннинг шунча квартираси бор - унинг рафиқаси кенг кўламли лойиҳани бошқаради.

180 та хонадондан ташқари, Симеоне ва Перейра еттита шахсий бинога эгалик қилади. Империянинг юраги Carpersim SL компанияси бўлиб, у маблағларнинг катта қисмини уй-жойга сармоя қилади ва кундалик ҳаётда «Атлетико» мураббийи ва унинг рафиқаси учун кучли бизнес воситаси бўлиб хизмат қилади.

Экспертлар Савдо реестрига тақдим этилган ҳисоботларни ўрганиб чиқди. Carpersim LM деярли 40 миллион евролик активларга эга бўлиб, шундан 13,8 миллион евро кўчмас мулкка инвестициялардир. Кўчмас мулк, заводлар ва ускуналарга 19 миллиондан ортиқ сармоя киритилган.

Қизиғи шундаки, 180 та хонадоннинг аксарияти Мадрид марказида жойлашган бўлиб, уларни MyLocation платформаси орқали ижарага олиш мумкин. Симеоне рафиқаси билан муҳим локацияларда квартира сотиб олади, кейин уларни таъмирлаб, бозорга чиқаради. Мақсадли аудитория - ўрта ва юқори даромадли талабалар, менежерлар ва сайёҳлар.

2024 йилда оиланинг ижара даромадлари 330 минг евродан ошди. Оила томонидан тўлиқ киритилган активларнинг соф қиймати эса тахминан 20 миллион еврони ташкил этади. Шуниси эътиборга лойиқки, лойиҳа рулида Симеоне эмас, балки Forbes нашри «бизнес-стратег» деб атаган унинг рафиқаси турибди.

«Менинг орзум нолдан нимадир яратиш эди ва мен бунга эришдим», деб тушунтирди Карла Перейра Мадрид шимолидаги Трес-Кантос туманида ер сотиб олиш ҳақида гапирар экан. Оилага тегишли иккита бино ва 140 та хонадон айнан ўша ерда жойлашган.

Диего Симеоне «Атлетико» клубида йилига тахминан 27 миллион доллар маош олади. Солиқлар тўланганидан кейин қоладиган соф даромади 14 миллионга тенг.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид